“Qalampir.uz” интернет нашрида “Журналистга таҳдиднинг нархи 540 минг сўмми? ОАВга босим бўйича қонун ими-жимида қабул қилинмаслиги керак” мақоласи эълон қилинган эди.
Мазкур мақолада келтирилган фикрларни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раисига нисбатан туҳмат, деб баҳолаб, Уюшма расмий муносабатини эълон қилди.
Қуйида муносабатни ўз ҳолида келтирамиз.
Муаллиф ёзади: “Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Миллий матбуот марказида ўтган анжуманда Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров уюшма томонидан мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга юборилгани ҳақида айтган эди. Бироқ, QALAMPIR.UZ’га маълум бўлишича, қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни Ҳукуматга тақдим этишда Журналистлар ижодий уюшмасининг умуман иштироки бўлмаган. Қонун лойиҳаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тарафидан ишлаб чиқилган”.
Бу ёлғон гапларни ёзишдан Шайховнинг муддаоси нима эканлигини, очиғи, тушуниш қийин. Наҳотки, ўзи асос солган “Qalampir.uz”да берилган ахборотга сайт раҳбарининг ўзи ҳам ишонмаса? Ахир “Qalampir.uz”да мазкур тадбир тафсилотлари акс этган видеода Уюшма раиси бу сўзларни айтмаган-ку?
Биринчидан, Олимжон Ўсаров қонун лойиҳасини Журналистлар ижодий уюшмаси ишлаб чиққан, деган фикрни айтмаган.
Иккинчидан, қонун лойиҳаси “Ҳукуматга юборилгани ҳақида” ҳам тадбир давомида умуман гапирилмаган.
Учинчидан, қонун лойиҳасининг дастлабки варианти бир гуруҳ журналистлар иштирокида муҳокама қилингани маълум қилинган.
Қизиқ, профессионал журналист битта гапда шунча ёлғонни қандай қилиб, кўзни чирт юмиб, ёза олиши мумкин? Ахир Уюшма раиси тадбирда “Qalampir.uz” мухбирининг иддаоларига муносабат билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилаётганини, қонуний фаолият юритаётган барча журналистлар бундан буён ҳам қонун ва Президент ҳимоясида бўлишини алоҳида таъкидлаганини қайд этиб, айни пайтда қонун лойиҳасининг дастлабки ишчи варинати тайёрлангани ҳамда лойиҳа бир гуруҳ журналистлар иштирокида муҳокамадан ўтказилганлигини билдирди.
Таъкидлаш жоизки, “Оммавий ахборот воситалари ва журналистнинг касбий фаолияти ҳимоя қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан бир гуруҳ журналистлар иштирокида ташкил этилган. Муҳокама аввалида бу лойиҳанинг дастлабки ишчи варианти эканлиги таъкидланиб, билдирилган фикрлар, таклифлар асосида лойиҳани яна такомиллаштириш устида ишлар давом эттирилиши қайд этилган.
Қолаверса, Қамариддин Шайховнинг “Журналистга таҳдиднинг нархи 540 минг сўмми? ОАВга босим бўйича қонун ими-жимида қабул қилинмаслиги керак” деган иддаоларида ҳам мутлақо асос йўқ. Негаки, лойиҳа муҳокамаси чоғида журналист Турсунали Акбаров ва блогер Баҳодир Ахмедов модданинг санкция қисмида жарима миқдорини ошириш хусусида таклиф беришган ва мутахассислар бу таклиф кўриб чиқилишини маълум қилган. Шунингдек, лойиҳа дастлабки вариантининг соҳа вакиллари иштирокида муҳокама қилингани ҳам “қонун ими-жимида қабул қилинмаслиги”ни англатишини ҳар бир журналист яхши билади. Бинобарин, қонун лойиҳаси Қ.Шайховнинг қўлигача етиб борган экан (гарчанд энг дастлабки варианти бўлса-да), наҳотки, журналист бу “ими-жимида қилинаётган” иш эмаслигини англаб етмаган бўлса?!
Хулоса ўрнида: “Qalampir.uz” интернет нашри аввал ҳам Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вакилларининг фикрларини бир неча бор бузиб, ўзгача талқин қилиб, эълон қилинган ҳолатлари кузатилганлигини қайд этган ҳолда, сайт раҳбарини журналистиканинг олтин тамойили бўлган холислик ва ҳаққонийликка амал қилишга чақирамиз. Мабодо, Қ.Шайховнинг мазкур масалада бирор фикри ёки эътирози бўлса, Уюшма вакиллари юзма-юз мулоқотга ҳамиша тайёр эканлигини маълум қиламиз", - дейилади сўнггида.