1

Андижонда 5 эркак томонидан зўрланганини айтган келинчакнинг ўзи жазоланмоқда. Чунки...

ЖИНОЯТ 15.11.2021, 16:53
Андижонда 5 эркак томонидан зўрланганини айтган келинчакнинг ўзи жазоланмоқда. Чунки...

Бундан беш ярим ой аввал Андижон вилоятида 5 ойлик келинчак беш киши томонидан зўрлангани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалган эди. Унда келин дала шийпонида идишларни ювиш учун чиққанда, уни кўрган 5 нафар спиртли ичимлик таъсирида бўлган эркаклар мажбурлаб шийпонга олиб кириб, қўл-оёғини боғлаб, зўрлагани айтилган. Келиннинг яқинлари уни зўрлаган эркакларга қонуний чора кўришни сўраган. 

Ўшанда юқори турувчи ҳуқуқ органлари томонидан воқеа юзасидан гумонланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, дастлабки суд тиббий экспертизасининг натижалари ҳамда жабрланувчининг кўрсатмалари ўртасида жиддий тафовутлар борлиги сабабли, қўшимча тергов ва тезкор ҳаракатлари амалга оширилаётгани хабар қилинганди. Шунингдек, терговнинг якуни бўйича ҳар бир иштирокчининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши ҳамда айбдорлар учун жазо муқаррарлиги таъминланиши кафолатланиши, шунингдек, бу ҳақда жамоатчиликка ўз вақтида ва батафсил маълумот берилиши билдирилганди.

ТЕРГОВ ҲАРАКАТЛАРИ ЯКУНИГА КЎРА...

Андижон вилоятидаги мухбиримиз вилоят прокуратураси ахборот хизмати билан боғланиб, тергов ҳаракатлари якуни бўйича маълумот тақдим этишни сўради.  

Вилоят прокуратураси тақдим этган тафсилотларга кўра, “Одам ДНКси суд-биологик” экспертизасининг хулосасига кўра, 5 киши томонидан зўрлангани ҳақида даъво қилган келинчакнинг кийим-кечакларида аниқланган моддалар унинг турмуш ўртоғига тегишли эканлиги маълум бўлган.     

Келинчак яқин қариндошлари ва ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинганида, уни ҳеч ким зўрлаб номусига тегмаганлигини, у қайнонаси томонидан моддий манфаатдор бўлиш эвазига зўрлаб номусига теккани ҳақида ариза ва кўрсатма беришга мажбур қилингани, агарда ушбу кўрсатмани бермаса, турмуш ўртоғи билан бирга яшаттирмасдан, ажратиб юборишини айт­гани сабабли, иложсизликдан ёлғон кўрсатма берганини маълум қилган.

Мазкур иш бўйича келинни зўрлаганликда айблангани учун терговга жалб қилинган фуқаролардан бири ўзининг кўргазмаларида танишлари, яъни бошқа гумонланувчилар билан бирга воқеа содир бўлгани қайд этилаётган кун ва соатда чойхонада ўтирганликларини ва спиртли ичимликлар истеъмол қилганликларини, сўнг дарё бўйига бориб ҳам ароқ ичишганини, кейин уйларига кетганликларини билдирган. Шунингдек, мазкур фуқаро ҳамма танишларини ўзига тегишли бўлган автомашинасида уйларига ташлаб, иш жойига кетганлигини айтган.  

Ушбу фуқаронинг кўргазмаларини қолган гумонланувчилар ҳам тўлиқ тасдиқлашиб, ўша куни зўрлангани айтилаётган келинчакни умуман кўрмаганликларини, уни умуман танимасликларини маълум қилган.  

2021 йил 14 май куни гумонланувчиларнинг бадани тиббий мутахассислар томонидан кўздан кечирилганда ҳеч қандай жароҳат ва шилинма излари мавжуд эмаслиги аниқланган.

ДАЪВОГАР  ГУМОНЛАНУВЧИЛАРНИ ТАНИГАНМИ?

Зўрланганини даъво қилган келинчак иштирокида шахсларни таниб олиш тергов ҳаракати ўтказилганида, у гумонланувчилар орасидан фақатгина маҳалладоши бўлган икки фуқарони таниган.  

Шунингдек, воқеа содир этилган куни дарё бўйида дам олиб ўтирган мазкур ишда гумонланган бошқа фуқаролар ҳам ўз кўргазмаларида, даъвогар келинчакка тегишли бўлган дала шийпони улардан 400 метр узоқликда жойлашганлигини, дала шийпони уларга яққол кўриниб турганлигини, улар шу куни соат 10:30 дан 17:30 га қадар ўтиришганлигини, шу вақт давомида шийпон атрофида бегона эркакларни кўрмаганлигини, дала шийпонидан аёл кишининг бақириб ёрдам сўраганлиги эшитилмаганлигини билдиришган.

2021 йил 26 май куни ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида тўпланган инкор қилиб бўлмас далилларга асосан даъвогар келинчакнинг зўрланганлиги тўғрисидаги важлари ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли, жиноят ишининг гумон қилинувчиларга тегишли қисми Жиноят процессуал Кодексининг 83-моддасига (жиноий ҳодиса юз бермаган ёки шахснинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса) асосан тугатилган.

ГУМОНЛАНУВЧИЛАР АЙБДОР ЭМАС,  БАЛКИ ДАЪВОГАР ДЕЯ ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

4 июнь куни жиноят иши бў­йича судга оид психиатрия ва психология экспертизалари та­йинланган.

Суд-психологик экспертизасининг 14 июндаги хулосасига кўра, келинчакнинг дастлабки терговда айтган гапларида мантиқий боғлиқлик етишмайди, фикрлар бир-бирига боғланмаган.  Аёл ҳолатни онгли равишда,  тўғри тушунган ҳолда англаб етишга ва таҳлил қилишга қодир эмас, деб топилди. Қисқаси, экспертлар унинг кўрсатмалари реал воқеликка тўғри келмайди, деган қарорга келишган.  

Шу муносабат билан 2021 йилнинг 22 июнь куни зўрлаганликда гумонланган 7 нафар фуқаро айбдор эмас, балки жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган.  

ҚАЙНОНА ВА ҚАЙНОТА ОГОҲЛАНТИРИЛГАН,  ҚАЙНАКА ЭСА  ЖАРИМАГА ТОРТИЛГАН  

Вилоят прокуратурасининг қайд этишича, жиноят ишидаги келиннинг яқин қариндошларига нисбатан бўлган қисми алоҳида материал тариқасида ажратилиб, уларнинг ҳаракатларига баҳо бериш­ учун ҳужжатлар Андижон туман ички ишлар бўлимига юборилган.

Андижон вилоят суди ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 5 июль куни жиноят ишлари бўйича Андижон туман суди томонидан ушбу шахсларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий иш кўриб чиқилган.

Суд қарорига асосан жавобгарларнинг барчаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси(Туҳмат)да назарда тутилган ҳуқуқ­бузарликни содир этган, деб топилган. Бироқ келинчакнинг қайнонаси ва қайнотаси ­МЖтКнинг 21-моддасига (Ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш) асосан маъмурий жавобгарликдан озод этилиб, келгусида юқоридаги каби ҳуқуқбузарликларни содир этган тақдирда жавобгарликка тортилиши ҳақида расман огоҳлантирилиб, уларга нисбатан юритилган маъмурий иш ҳаракатдан тугатилган.

Қайнакасига нисбатан эса базавий ҳисоб­лаш миқдорининг 5 баробари, яъни бир миллион икки юз йигирма беш минг сўм,  қайнопасига эса БҲМнинг 2 баробари, яъни тўрт юз тўқсон минг сўм миқдорида жарима жазоси та­йинланган.

КЕЛИНЧАККА ЖИНОЯТ  ИШИ ОЧИЛГАН

Вилоят прокуратураси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 26 июнь куни келинчакка нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми (Нашр қилиш ёки бош­қача усулда кўпайтирилган матн­да ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш) “а”(оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб), “б” (оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда), “г” (ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса) бандлари (туҳмат) ва бошқа моддалари билан айблов эълон қилиниб, “шахсий кафиллик” эҳтиёт чораси қўлланилган.  

Жиноят иши 26 июнь куни айб­ланувчи келинчак ва унинг ҳимоячисига таништирилган. Икки кундан сўнг, яъни 28 июнь куни жиноят иши бўйича айблов хулосаси тузилиб, Жиноят процессуал кодексининг 388-моддаси тартибида суд муҳокамасига юборилган.

МАЪЛУМОТ УЧУН

Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойдан олти ойгача қамоқ ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш, “а, б, г” бандларида назарда тутилган жиноятлар содир этилган тақдирда эса уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланиши мумкин.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ,  

Андижондан махсус  

“Даракчи” учун

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1