1

Диний тенглик тарафдорлари ёхуд диний курашларга барҳам берган буюклар (фото)

МОЗИЙДАН САДО 17.11.2021, 19:55
Диний тенглик тарафдорлари ёхуд диний курашларга барҳам берган буюклар (фото)

16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни. Бу сана БМТ Бош Ассамблеясининг 1997 йилги қарорига мувофиқ бутун дунёда нишонлаб келинади.

Дарҳақиқат, бағрикенглик бу Ер юзида энг кўп қадрланадиган туйғу. Унинг инсонпарварлик билан ўзаги бир десак адашмаймиз. Чунки, тили, дини, миллати, ирқи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар ҳаммага бир хил муносабатда бўлиш — бу инсониятни қадрлашни — яъни инсонпарварликни англатади.

Шу ўринда диний бағрикенглик тушунчасига тўхталсак. Дин одамларнинг ҳиссиётларига таъсир этади. Диний турфа хиллик эса баъзан тушунмовчиликлар ва ҳатто низоларга сабаб бўлиши мумкин. Диний тенгликни таъминлаш, бу борадаги бағрикенглик узоқ ўтмишда ҳам долзарб масала ҳисобланган.

Бугунги сана муносабати билан ушбу мақолада бағрикенглик учун курашган, динлар тенглигини илгари сурган буюклар ҳаёти ҳақидаги айрим маълумотларни тўпладик.

  1. Амир Темур

Тарихдан маълумки, Амир Темур давлат бошқарувида адолат ватенглик тарафдори бўлган. Унинг эътиқоди ўз дини туфайли бошқа динларни рад этиш эмас, аксинча ўз салтанатидаги турфа дин вакилларига ҳам ғамхўрлик қилиш бўлган. 

У исломни ақидапарастликдан ҳоли дин сифатида тушунган. Айнан шу тушунча сабаб Амир Темур ўз еридаги бошқа дин вакилларига имтиёзлар берган. Бу орқали Амир Темур Европада ҳам шуҳрат қозонган. 

Манбаларда Франция қироли Карл VIнинг Амир Темурга ёзган мактубидаги ушбу жумла алоҳида эътироф этилади: «Сизнинг ғамхўрлигингиз, феъл-атворингиз ва кўплаб насронийларга кўрсатган ёрдамингиз учун сизга ўз миннатдорчилигимни билдираман». Қирол Карл VI ўз мактубида Темурдаги бағрикенглик фазилатининг аҳамиятини ажратиб кўрсатиб, унга миннаддорлик билдирган.

Амир Темурнинг Европадаги элчиси бўлган Архиепископ Иоан Темурнинг шахсини шундай таърифлайди: «Темур ўз давлатига чет эллик савдогарларни, хусусан, француз ва насронийларни қабул қилиб, бутун мамлакат бўйлаб уларнинг хавфсизлиги учун шароит яратган.» Бу фикрлар ҳам Темурнинг портретидаги бағрикенглик ва бошқа дин вакилларига бўлган ҳурмат чизгиларини очиб беради.

Амир Темур ўз сиёсатида дин ва давлат ўртасидаги мувозанатни сақлай олган. У яратган сиёсий фалсафа манфаатларнинг бирлашувида, халқнинг олий мақсадларига эришишда самарали ва ижобий роль ўйнаши бугун ҳам ўз исботини кўрсатмоқда. 

27та давлатни бирлаштирган, тўра-тузуклар тартиботини вужудга келтирган Темурийлар давлати маданиятининг заминида адолат ва бағрикенглик, тенглик тамойиллари ётади.

2. Абул-Фатх Жалолиддин Муҳаммад Акбар

Бобурийлар сулоласининг ҳукмдор вакилларидан бири бўлган Буюк Акбар (тарихда шу ном билан машҳур) — Ҳиндистоннинг мусулмон императори, у ўз даврида ҳарбий босқинлар орқали кенг тарқалган қироллик ҳокимиятини ўрнатган. Аммо у тарихда ўзининг диний бағрикенглик сиёсати билан машҳур. Акбар Ҳиндистонда диний тенглик ва санъатни қадрлаш даврини бошлаб берган.

Акбар халқнинг барча қатламларини бирлаштирган подшоҳ ва ўзининг шахсий диний ғояларини давлат сиёсатини шакллантиришдан, шунингдек, диний бағрикенглик сиёсатини қабул қилишдан сақлаган дунёвий ҳукмдор сифатида эътироф этилади. Акбарнинг бошқарувда диний эркинликни илгари суришига асосан қуйидаги икки омил сабаб бўлган:

  • Буюк Акбарга темурийлар сиёсатининг таниқли маданий ахлоқи — барча динларга бир хил муносабатда бўлиш одати таъсир кўрсатган.
  • Отаси Ҳумоюн ҳузурида Эрон зодагонларининг кўпайиши Акбарда диний бағрикенгликнинг шаклланишига туртки бўлган.

Буюк Акбар ўз империясининг бирлигини сақлаб қолиш, ўз салтанатидаги мусулмон бўлмаган аҳолининг садоқатини қозониш учун кўплаб қонун ва фармонлар қабул қилган. У марказий бошқарувни ислоҳ қилган ва кучайтирган, шунингдек, молия тизимини марказлаштириб, солиқ йиғиш жараёнларини қайта ташкил этган. Хусусан, Буюк Акбар аввалги мусулмон ҳукмдорлари даврида ҳиндулар тўлаши шарт бўлган жизия солиғини ва ҳарбий асирларни мажбуран ислом динини қабул қилиш тартибини бекор қилган. 

Акбарнинг 25дан ортиқ хотини ҳам турли динларга мансуб бўлган. У барча динларга либерал муносабатда эканини шу орқали исботлаган. Бу муносабат унинг мамлакат ҳудудини кенгайтиришида ҳам катта ёрдам берган.

Акбар диний давлат тушунчасини бузиб, бағрикенглик сиёсатини янада кучайтирган. У барча динларни бирдек ҳурмат қилган ва ўз фуқароларини динига қараб ажратмаган. 

Акбар мунтазам равишда бошқа динларнинг байрамларида қатнашган. У 1575 йилда Фатеҳпур Сикрида ибодатхона қурдирган ва бу ибодатхонада турли динларнинг олимлари, жумладан, ҳиндулар, зардуштийлар, христианлар, ёгислар ва бошқа мазҳабдаги мусулмонларнинг тегишли диний раҳбарларини ўз таълимотларини муҳокама қилиш учун йиғган. У иезуитларга Агра шаҳрида черков қуришга рухсат берган ва ҳиндларнинг одатларига ҳурмат сифатида қорамол сўйишни тақиқлаган. 

Акбарнинг ҳинд ва мусулмон меъморчилик услубларини уйғун ҳолда шаҳарсозликда қўллагани у даъват қилган тенглик ғоясини англатади. Ҳиндистон каби географик жиҳатдан кенг ва ижтимоий жиҳатдан мураккаб мамлакатда самарали ҳукумат тенг ижтимоий қўллаб-қувватловни талаб қилган. Акбар бу эҳтиёжни тушуниб, қаноатлантира олган.

3. Томас Жефферсон

АҚШнинг учинчи президенти Томас Жефферсон (1801-1809 йилларда президент бўлган) диний эркинлик учун курашган шахслардан биридир. У АҚШ тарихида мамлакат ривожининг отаси сифатида ҳам катта ўрин тутади. Жефферсон президентлик йилларида эркинлик, тенглик принципларини амалда намоён этиш мақсадида давлат бошқарувига янги амалиёт ва тажрибаларни қўллаган. Бу эса АҚШнинг тараққиёт тарихида туб бурилиш ясаган.

Тарихий фактларнинг гувоҳлик беришича, АҚШ таркибида бўлган мустамлакалардаги этник миллатлар ва динларнинг хилма-хиллиги ҳукумат мустаҳкам бўлиши учун ҳам диний эркинлик заруриятини талаб қилган. 

Жефферсон президент бўлишидан аввал Виржиния губернатори сифатида фаолият юритган. Унинг губернаторлик йилларида Виржиния штатида расмий черков — Англия черкови бўлган. Бу черков томонидан бошқа дин вакиллари камситилган ва жиддий таъқиб остига олинган. Президентлик йилларида Жефферсон ушбу можародаги инқилобий вазиятларни «мен гувоҳ бўлган энг оғир тортишув ва низоли даврлар» деб атаган. Эътироф этиш жоиз, Жефферсон ташаббуси билан қабул қилинган «Диний тенглик тўғрисида»ги қонун бу можароларнинг барҳам берилишида катта роль ўйнаган.

Жефферсон 1777 йилда Виржиния губернатори сифатида турфа динларга мансуб Виржинияликларнинг диний эркинликларини кафолатлайдиган қонун лойиҳасини ишлаб чиққан, қонунда эътиқодсизлар учун ҳам эркинлик кафолатлари келтирилган. Лекин бир неча йил мобайнида қонун лойиҳаси ҳукумат томонидан қабул қилинмаган. Қонун қабул қилиниши учун Жефферсон қаттиқ курашган. Натижада, 1786 йилда АҚШнинг Бош Ассамблеяси томонидан «Диний эркинлик тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. 

Бу қонун Жефферсоннинг қарашлари ва эркинлик борасидаги истакларини умумлаштирган. Жефферсон учун диний эркинлик мантиғи маърифатпарварлик тафаккурига хос эди. У дин эркинлигини инсоннинг «табиий ҳуқуқи» деб билган. Жефферсоннинг фикрича, давлат томонидан фуқароларга шахсий фикрларни сингдириш хато бўлгани каби, шахсни маълум динни қабул қилишга мажбурлаш ҳам нотўғри. Шу сабабдан, у ўз президентлик йилларида черков ва давлатнинг қатъий ажратилган ҳолдаги фаолиятини амалда қўллаган.

Жефферсоннинг ҳукуматни черковдан ва черковни ҳукуматдан узоқлаштирмаслик, сиёсий эркинлик ва эркин фикрлашни хавф остига қўйиши ҳақидаги қарашлари АҚШдаги тенг ижтимоий жамият тамойилига пойдевор бўлган.

Дунё тарихига назар солсак, юқоридаги каби бағрикенглик, диний тенглик тарафдори бўлган сиёсий лидерлар, олимлар ва ҳукмдорлар кўп топилади. Юқорида уларнинг айримларининг фаолияти хусусидаги изланишларимизни умумлаштирдик.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, дин ва миллат, ирқ ва ижтимоий келиб чиқиш инсониятни бир-биридан ажратмаслиги лозим. Чунки, ҳаётнинг энг ширин мазмуни барча учун бир хил — ТИНЧЛИК!

Рисолат МАХСИМОВА

Шарҳлар

Samandarova 11.04.2022, 13:18
Темурнинг бағрикенглик сиёсати кўплаб арбобларга асос бўлгани рост. Қолаверса, Соҳибқирон замонида илм, маърифат ва санъатнинг кенг қулоч ёзгани, тараққий этгани ҳам бевосита диний қарама-қаршиликлар даражаси паст бўлганидан дарак беради. Жуда фойдали маълумотлар экан. Тарихни ўрганиш келажакка пойдевор бўлади, муаллифга раҳмат.
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1