АсосийJamiyat

Ваъда қачон бажарилади? Ёхуд бу йил ҳам “свет”сиз қишлаймизми?

'Ваъда қачон бажарилади? Ёхуд бу йил ҳам “свет”сиз қишлаймизми?'ning rasmi

Ўзбекистонда аста-секин ҳаво ҳарорати совиётган паллада, электр энергияси ҳамда газ таъминотидаги муаммолар яна халқнинг азалий дардини янгиламоқда. Мутасаддилар томонидан аҳоли пунктлари 90 фоизи электр энергияси билан таъминлангани, 80 фоизи эса газлашгани таъкидланган бўлса-да, жамоатчилик фикри бунинг аксини кўрсатмоқда. Буни, айни кунларда ҳудудларда газ таъминоти ва электр энергияси қай даражада эканлигини аниқлаш учун ижтимоий тармоғимизда ўтказилган сўровномада 17 минг кузатувчилар орасидан қоронғу ва захнинг азобини тортаётган юртдошларимизнинг аччиқ ҳақиқатларию муаммолари, ҳафсаломуз фикрлари, умид билан юборган саволларидан билиш мушкул эмас.  Аксарият иштирокчилар ҳудудларида электр энергиясида соатлаб узилишлар кузатилаётганини, ҳаттоки тўловларини қилишса ҳам ўчириб қўйилаётганини ёзишган. 

Масалан, Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманидан йўлланган мурожаатда ҳудудда ток муаммоси жуда ёмонлашгани, газ умуман йўқлиги, электрга тўлов қилинган бўлса-да ўчириб қўйилаётагни каби баён этилган. 

Хоразм вилояти Хонқа тумани Намуна қишлоғи Ёш куч маҳалласида яшовчи фуқаро эса ҳудуднинг газ таъминотидан узилганлиги сабабли уйни иситиш учун электр печларидан фойдаланишга мажбурлиги, аммо кучланиш пастлигидан уйни иситиш учун етарли иссиқлик бўлмаслиги, кучланиш хозирги пайитда 160, 180 гача тушиб кетгани, Хоразмда қиш қаттиқ келиши боис бу вазиятда қиш мавсумида уйни истиш жудаям қийин масалага айланишини билдирган ва бу муаммонинг ечими борми, дея аниқ саволни кўндаланг қўйган. 

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Чимқўрғон МФЙда сурункасига электор токи узиб қўйилаётганига аниқлик киритишимизни сўраб мурожаат қилганлар ҳам бор. 

Республикамизнинг деярли барча ҳудудларидан келган бундай мурожаатлардан кўплаб келтириш мумкин. 

ЙИЛ БОШИДАГИ ВАЪДА: “ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ БЎЙИЧА МУАММО БЎЛМАЙДИ”

Эсингизда бўлса, шу йилнинг 24 мартида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастури бўйича ўтказилган селектр давомида президент Шавкат Мирзиёев электр энергияси ва газ таъминоти муаммосини кўтарганди. Ўтган қиш мавсумида юзага келган муаммолар келгусида такрорланмаслиги учун Энергетика вазирлигидан ҳисобот ҳам талаб қилганди. Ҳолбуки, ўшанда масъуллар жорий йилги куз-қиш мавсумида электр энергияси бўйича муаммо бўлмаслиги ҳақида ваъда бериб: “Бундан буён нафақат куз-қиш мавсуми, йилнинг ҳар бир даврига эътибор кучли бўлади. Йил давомида энергия таъминоти барқарор бўлишини таъминлаймиз”, деган эди. 

Мана ҳаш-паш дегунча жўжани санайдиган палла ҳам келди. Аҳоли мурожаатлари вазиятни кўрсатиб турибди. Бу борада мутасаддилар нима дейди? 

КУТИЛМАГАН ЧАНГ-ҚУМЛИ БЎРОННИ ДЕБ...

Бугунги кунда газ таъминоти ҳамда электр энергиясидаги муаммолар бўйича келаётган мурожаатларга Энергетика вазирлиги баёнот қилиб, юзага келаётган узилишлар бўйича бир неча омилларни санаб ўтди. Унга кўра:

БИРИНЧИ ОМИЛ: Хабарингиз бор, жорий йилнинг 4-5 ноябрь кунлари юртимизнинг айрим ҳудудларида кучли шамол ва чанг-қумли бўрон кузатилди. Бунинг натижасида, электр энергиясини ишлаб чиқарувчи 2 та йирик — Тошкент ва Сирдарё иссиқлик электр станцияларининг энергоқурилмаларини қалин қопламали чанг босиб қолди. Бу эса, бевосита ишлаб чиқариш ҳажмининг кескин камайишига олиб келди. Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида, хавфсизлик қоидаларига мувофиқ станциялардаги энергоқурилмаларни тармоқдан ажратган ҳолда чанглардан тозалаш ишлари олиб борилди.

Мазкур олиб борилган тозалаш ишлари давомида электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми камайди ва бунинг натижасида республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида қувват танқислиги ҳолатлари кузатилди...

СУВ ҲАЖМИ КАМАЙГАНИ САБАБЛИ

Энергетика вазирлиги қайд этган ИККИНЧИ ОМИЛ бу – республикамизда сув ресурслари ўртача кўп йиллик кўрсаткичларга нисбатан паст. Яъни жорий йил сув ҳажми камайгани сабабли гидроэлектр станцияларда йил якунига қадар 5 млрд. кВт.соат ёки режага нисбатан 1 млрд. 500 млн. кВт.соатга кам электр энергияси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бу эса, қарийб 23 фоизга камни ташкил этади. Мазкур 1 млрд. 500 млн. кВт.соат электр энергия билан республика аҳоли истеъмолчиларини бир ой мобайнида узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мумкин. Жорий йилда сув омборларида белгиланган сув захиралари тўпланмагани нафақат Ўзбекистон, балки қўшни республикаларда ҳам кузатилмоқда.

Шунга қарамасдан, мамлакатимизда мавжуд барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда электр станциялар орқали режада кўрсатилган ҳажмларда электр энергияси ишлаб чиқариш чоралари кўрилмоқда..

ОҚИЛОНА ВА ТЕЖАМКОРЛИК БИЛАН ФОЙДАЛАНИЛМАСА

УЧИНЧИ ОМИЛ: Ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажмлари қанча кўп оширилмасин, агар ушбу ресурслардан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланилмаса, кўрилаётган чоралар ўз самарасини бермаслиги мумкин. Бунинг натижасида тармоқда узилиш ҳолатлари юзага келиши ва истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши мумкин...

НОҚОНУНИЙ УЛАНИШ ҲОЛАТЛАРИ

ТЎРТИНЧИ ОМИЛ: Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, тизимда олиб борилаётган ижобий ишларга қарамай, ўтказилаётган ўрганишлар жараёнида электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Бу эса, тизимга катта миқдорда салбий таъсирини кўрсатади. Масалан, жорий йилнинг 9 ойи ичида ўтказилган ўрганишлар натижасида электр энергиясидан фойдаланиш бўйича 706 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган, шунингдек, газ тармоғига 2 535 та ҳолатда ноқонуний уланишлар аниқланган...

БИЗНИНГ ФИКРИМИЗ ЭСА...

Лекин бу борада бизнинг фикрлар мутасаддиларникидан мутлақо фарқ қилади. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, иссиқлик электр станцияларидаги вазият бу вақтинчалик ҳолат. Яъни аҳолининг электр энергияси таъминотига нари борса бирор ҳафта давомида салбий таъсир кўрсатиши мумкин ва албатта бу маълум ҳудудларгагина тегишли, холос. Қумли бўрон билан содир бўлганҳолатни қисқа муддатли омил деб қабул қиламиз, чунки электр энергиясидаги узилишлар аксарият ҳудудларда мунтазам кузатилади. 

Балки, гидроэлектр станцияларидаги йўқотишлар ҳар бир иқтисодий соҳанинг истеъмолига мос равишда тақсимланганда, бугун электр энергиясидаги узилишлар анча камайган бўлиши мумкин эди.

Ўйламизки, халқ орасида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш маданияти анча шаклланган. Қолаверса, аҳоли сарф қилган ресурслари текинга тушмаслигини яхши билишади.

Инобатга олиниши керак бўлган бир жиҳат бор, аҳолининг электр тармоқларига ноқонуний уланишлари ортидан келадиган зараридан кўра, катта-катта тадбиркорлик объектлари томонидан тармоқларга ноқонуний уланиши натижасида келадиган зарари кўпроқ. 

ХУЛОСА ЎРНИДА

Халқимизниг катта ютуғи — сабрли халқ эканлигидадир. Бошидан кўп заҳматларни, қийинчиликларни ўтказса-да, барчасига сабр билан шукр қилиб яшайверади. Чунки бир қийинчилик ортидан албатта ажр келишини билади. 

Хабарингиз бўлса, мамлакатимизда қуёш электр станцияси қурилиши режалаштирилган, объектни қуриш ишлари жорий йилнинг охиригача бошлаш кўзда тутилган. 2023 йил апрель ойида ишлаб чиқариш қувватларининг биринчи босқичи ва 2024 йил охирига қадар барча қувватларни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Ҳечдан кўра кеч: Энергетика вазирлиги берган ваъда 2, 3 йилда ўз ечимини топиб қолса, ажабмас. Шундан кейин газ таъминоти бўйича мутасаддиларга ҳам инсоф бериб, асосан четга экспорт бўлаётган табиий газимиздан аҳолига ҳам илинса...

                                                            Ирода КАТТАБЕКОВА 

    Бошқа янгиликлар