“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Boeing-787 Dreamliner самолётларини эксплуатация қилишга ҳозирлик кўрмоқда.
Миллий авиакомпания матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан илк икки лайнер етиб келади.
Бугунги кунда энг замонавий ҳисобланган Boeing-787 Dreamliner авиалайнерлари билан Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси тараққиётида янги давр бошланади. Бу буюк шодиёнага авиакомпаниянинг барча ходимлари қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Янги авиалайнерлар замонавий технологик қурилмалари билан Миллий авиакомпаниядаги мавжуд авиалайнерлардан фарқ қилади.
Миллий авиакомпаниянинг ёзги комплексида Боинг-787 дан иборат янги ёзги гуруҳ ташкил қилинмоқда. “Боинг” ва “А320” гуруҳлари учун олий тоифали 18 нафар учувчи танлаб олинган.
“Dreamliner”ни бошқаришни ўрганиш учун улар Буюк Британиянинг Гатвик шаҳрига ўқишга юборилган. Учувчиларни танлаш вақтида уларнинг назарий, ҳорижий тил билимига, касбий тажрибасига катта эътибор берилди. Boeing-787 Dreamliner авиалайнерлари учун Миллий авиакомпания шахсий таъмирлаш базасини яратди. Ҳозирги кунда катта ангар қурилиши ишлари олиб борилмоқда, авиакомпаниянинг техник ходимлардан иборат таркибга Boeing-787 Dreamliner самолётларини таъмирлаш ўргатилмоқда.