АсосийJamiyat

"Ўзбекча номланган дўконларга харидор кирмайдими?" Ёхуд нега ўз тилимиздан ўзимиз воз кечяпмиз?

'"Ўзбекча номланган дўконларга харидор кирмайдими?" Ёхуд нега ўз тилимиздан ўзимиз воз кечяпмиз?'ning rasmi

Одамнинг табиати қизиқ. Баъзан атрофидаги иллатларни кўра-била туриб, идрок қилолмайди...

Яқинда йўл-йўлакай маиший хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг номларини кўздан кечириб, таажжубга тушдим. Мана ўша пойтахт кўчаларида автобусдан кўрганларим: 

“EVOS” (кафе), “LOOOK” (кафе), “Fast–food”, “LEGENDA” (дўкон), “ARABELLA” (дўкон), “INTER” (кафе), “GOLD 999” (дўкон) ва ҳоказо... 

Бугун бир ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди. Биргина пойтахтимизда жойлашган дўконлар-у турли овқатланиш муассасаларини юз фоиз деб олсак, шуларнинг қарийб тўқсон фоизидан ошиғи хорижий номлар билан аталар экан. Шаҳарда ўз тилимиздаги номлар билан аталадиган ташкилотлар кун сайин камайиб кетяпти. САБАБ НИМА? Ўзбекча номланган дўконларга харидорлар кирмайдими? 

ИЗОҲ ҚАНДАЙ? 

Мен яқинда анчагина дўкон ва турли муассасалар раҳбарлари билан учрашиб, ташкилотларини нега айнан хорижий ном билан атаганлари ҳақида сўрадим. Келишувимизга мувофиқ, ўзининг ва ташкилотининг номи сир сақланиши лозим бўлган тадбиркор, “Биласизми, ўз ташкилотимни қандай номлаш менинг ҳуқуқим, қонун буни тақиқламайди. Ўз сармоямга фирма ташкил этганимдан сўнг, ўзимга ёққан ном билан атайман. Қолаверса, харидорларни жалб қилишда, дўкон номи ҳам катта роль ўйнайди. Ахир, одамлар “хўрозқандни чет элники десанг, ётиб олиб ялашади”. Энди сизнинг она тилига ҳурмат масаласига доир саволингизга келсак, битта мен фирмамнинг номини ўзгартирганим билан аҳвол ўзгариб қолмайди”, деб жавоб берди. 

Мана, хато қаердан келиб чиқяпти, ҳеч ким ўзини айбдор ҳисобламайди. Кимдир, қачондир шу хатони тўғрилаш кераклиги ва катта эҳтимол билан ўша тузатувчи ўзи бўлиши мумкинлиги, ҳаммаси ўзимиздан, атрофимиздан бошланишини ўйлаб ҳам кўрмайди. 

КИМ АЙБДОР?... 

Бунга ўхшаш жавобларни деярли ҳар бир суҳбатдошимдан эшитдим. Она тилига ҳурмат, эътибор каби гапларимизни кўпчилик баландпарвозликка йўйди. Айниқса, бироз баджаҳлроқ суҳбатдошимиз, “Сизнингча, она тилига эътибор кучлими? Қайси идорада ўзбек тилида иш олиб бориляпти, мана ҳужжатларни кўринг, она тилида ёзилган эканми?” деб олдимизга рус тилида тўлдирилган ҳужжатларни ташлади. 

Очиғи ўзим ҳам бироз каловланиб қолдим, чунки тадбиркор тўғри фикрни айтганди-да. Рости, нега оммавий ахборот воситаларига чиқиб, ўзбек тилини бузмай гапиришга, тил меъёрларини сақлашимизга ундовчи “идоралар” хат-ҳужжатларга келганда, мум тишлашади? 

Она тилимиз ҳеч қайси тилдан кам эмас-ку. Унда ҳам сара сўзлар беҳисоб. Хорижий жарангдор сўзлардан-да жаранглироқ, идора ишида бошқа тилдан асло қолишмайдиган тилимиз, сўзларимиз мавжуд. Фақат унга эътибор лозим. 

Айб ўзимизда, боқибеғам бўлмасак, хорижий номланаётган ташкилотларни шу даражада кўпайтирармидик. Бугун кўпгина шаҳарларимизда Лондондан келган сайёҳ адашмаслиги мумкин. Аммо қишлоқдан келган, фақат соф ўзбек тилида гапирадиган ўзбек адашиб қолиши ҳеч гапмас. 

Англия, Америка каби демократия гуллаб-яшнаган давлатларда жуда камдан-кам ташкилотлар ажнабий ном билан аталаркан (деярли йўқ). Чунки миллий ғурури бор, ўз тилини ҳурмат қилувчи одам бундай йўл тутмайди. Она тилига нисбатан эътиборсизлик яхши оқибатларга олиб келмайди. Агар шундай бўлса шоир ёзганидек, тўтига айланиб қолиш ҳеч гапмас. Буни эса демократия билан хаспўшлаб бўлмайди... 

ЎЗБЕКОНА НОМЛАР ҲАМ БОР, АММО... 

Муштарийлар фикримга дарҳол қарши чиқмасликларидан аввал айтиб қўяй, миллий руҳдаги ўзбекона номлар йўқ эмас. Аммо бу жуда кам миқдорни ташкил қилади. Дўконнинг ёки овқатланиш шохобчасининг номига қараб, харидор кириш-кирмаслигини бирор кимсадан эшитмаганман. Шахсан ўзим ҳам харидорман. Мен учун номининг аҳамияти йўқ, менга маҳсулоти ёки таомлари маъқул келса, бажонудил кираман ва харид қиламан. Агар, “Halol”, “Jannat”, “Ifor”, “Yuksak”, “Nafis”, “Diydor” (ва ҳоказо, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин), дея номланса-ю, Худо кўрсатмасин, мабодо фирманинг бозори ўхшамай, касодга учраб қолса, бунда унинг номи сабаб бўлишига шубҳам бор. 

МИЛЛАТИМИЗ ФИДОЙИЛАРИ 

ХХ аср бошларида яшаб ижод қилган миллатимиз фидойилари Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Чўлпон ва Қодирий кабиларнинг эзгу мақсади миллатни, унинг удумларини, тилини ва динини асл ҳолида асраш эди... 

Етти иқлимга донғи кетган бобомиз Алишер Навоий ўз замонасида туркий тилнинг бошқа тиллардан асло кам эмаслигини исботлаш учун “Муҳокамат ул-луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”) асарини битган ҳамда туркий тилга нисбатан паст назарда қаровчи шоирларга унинг жозибаси ва бойлигини кўрсата олган эди. Ўшандан буён бу тилда қанчалаб шоҳ асарлар яралмади дейсиз? 

ҚЎШНИМНИНГ ОИЛАСИ ВА БОБОНИНГ ХИЖОЛАТИ 

Қўшниларимдан бири оиласида рус тилида сўзлашади. Қизиғи шундаки, унинг ўзи ҳам, хотини ҳам ўзбек. Ота-онаси қишлоқда яшайди. Бир гал улар меҳмон бўлиб келишганида уларни йўқлагани чиқдим ва ғалати ҳолатнинг гувоҳи бўлдим. На неваралари бобоси-ю момосининг гапига тушунишади, на улар невараларининг. Бобо мендан хижолат бўлиб, “Товба қилдим, ўзбекнинг боласи ўзбек тилини билмайди-я”, деб гапни кулгуга бурди. Минг афсус, фарзандларига ана шундай тарбия бераётган қўшним бизнинг шундоқ ҳам сохта кулгумизга жўр бўлолмади... 

ХУЛОСА ЎРНИДА 

Хуллас, хулоса чиқарадиган фурсат келди. Айни пайтларда бонг урилаётган миллий ғурурнинг бир кўриниши бу — тилга нисбатан ҳурматдир. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ҳам 32 йил бўлган бўлса-да, тан олиш керак, тилимизга бўлган муносабат ҳамон қониқарли эмас. Агар бунинг акси бўлганида биз ҳозир бу мавзуни кўтармаган бўлардик. 

Ирода КАТТАБЕКОВА

"Даракчи" газетаси 2021 йил 9 декабрь сони

    Бошқа янгиликлар