АсосийJamiyat

"Чегарадан кириб келган 13 тонналиик наркотик модда..." ДХХнинг истеъфодаги полковниги рекорд даражада шов-шув бўлган жиноят иши ҳақида гапириб берди

'"Чегарадан кириб келган 13 тонналиик наркотик модда..." ДХХнинг истеъфодаги полковниги рекорд даражада шов-шув бўлган жиноят иши ҳақида гапириб берди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, истеъфодаги полковник Эркин Абдуллаев ЎзА билан суҳбатда 1992 йилда анча шов-шувга сазовор бўлган жиноят иши тафсилотини айтиб берди. 

— Ўша йилнинг 8 октябрь куни Термиз шаҳрида 30 тоннага яқин миқдорда Афғонистон Ислом Республикасидан транзит кириб келган. Қуритилган майиз жойлаштирилган қутилар божхона текширувидан ўтказилади. Ҳужжатларда кўрсатилишича, бу маҳсулот собиқ Иттифоқ давлатлари, Бельгия, АҚШдан ўтиб, Канадага етиб бориши керак бўлган.

Контейнерларни текшириш чоғида ҳақиқий майиз қутилари орасида ғишт шаклида тахланган наркотик модда – гашиш топилади. Жами 1305 қутида бир килограммли 13 тонна 50 килограмм гашиш моддаси қўлга туширилади.

Термиз божхонаси 12 октябрь куни Жиноят Кодексининг 69-моддаси («Контрабанда») асосида жиноят иш очади ва тергов ишларини давом эттириш учун ДХХга юборади. Ишни мен қабул қилиб олганман.

– 13 тоннадан зиёд наркотик моддани шунча давлатлар орқали олиб ўтиш учун қандай юрак керак?!

– Жиноятчилар ҳам анойилардан эмас эди. Ўзбекистон каби МДҲга аъзо бошқа давлатлар ҳам Мустақилликка эришганига эндигина бир йилгина бўлган. Уларнинг назарида чегараларни қўриқлашга унча аҳамият берилмаган, контрабанда маҳсулотларини ушлаб қолишга тажрибаси йўқ, деб ўйлашган. Европа ва АҚШ ҳақида эса салмоқли бир гап айтишим қийин.

Хуллас, жойига чиқиб, тезкор-қидирув тадбирлари ва тергов эксперименти ҳамда воқеа гувоҳлари билан суҳбатлар ўтказилди. 

Кимёвий экспертиза қўлга туширилган наркотик модданинг гашиш эканини тасдиқлаб берди. 

Маҳсулотнинг экспедиция ҳужжатларида ёзилишича, юк «М.Юнус» томонидан «М.Юсуф»га етказиб берилиши кўзда тутилган, «майиз»ларнинг нархи 22400 АҚШ доллари этиб кўрсатилган. «Ashpan-forvarding end paking ko LTD» транспорт-экспедиторлик компанияси юкни манзилга етказиб беришни зиммасига олган.

ДХХ АҚШ Адлия вазирлиги ҳузуридаги наркобизнесга қарши курашиш халқаро ташкилоти билан алоқа ўрнатади. Америка томони «ноёб маҳсулот»га қизиқиш билдиради ва ушбу жиноий ишга алоқадор шахсларни ахтариб топиш ҳамда уларни жиноий жавобгарликка тортишга ваъда беради. «Майиз»нинг тақдири эса божхона қоидаларига яраша ҳал этилади.

– Охирги сўзингизни бироз изоҳлаб беришингизни илтимос қилмоқчи эдим.

– 1993 йилнинг ёзига келиб, бу жиноий иш бўйича дастлабки тергов ишлари тўхтатилади. 1994 йилда халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалар вакиллари иштирокида 13 тонна 50 килограмм гашиш ёқиб юборилади. 

– Жиноятчиларнинг тақдири нима билан тугайди?

– 1998 йилда АҚШ «М.Юсуф»ва «М.Юнус»ларни қўлга олади. Сан-Франсиско шаҳрида бўладиган суд жараёнида менинг иштирок этишим режалаштирилган эди. Айрим мулоҳазаларга кўра, мен Америкага боролмаганман.

– Сизнинг АҚШга бормаслигингизга нима сабаб бўлган бўлиши мумкин?

– Бугун биринчи марта шахсий мулоҳазамни айтишимга тўғри келади шекилли. Америка томони биздан қўлга туширилган 13050 килограмм «майиз»ни беришни сўрайди. Табиийки, биз рад жавобини берганмиз. Чунки у биз учун жисмоний далил эди, дея хотирлайди ДХХ ходими. 

    Бошқа янгиликлар