АсосийJamiyat

Тиббий суғурта орқали  Ўзбекистон тиббиётида яхши томонга ўзгариш бўлаяптими?

'Тиббий суғурта орқали  Ўзбекистон тиббиётида яхши томонга ўзгариш бўлаяптими?'ning rasmi

Президент томонидан 2020 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида  фуқароларни давлат томонидан тиббий суғурталаш масаласи ўз аксини топди.

Унга кўра, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш тизимида 2021 йилнинг 1 июлидан 2022 йилнинг охирига қадар тажриба-синов тариқасида синовдан ўтказмоқда. Ҳозирда вилоятдаги туман тиббиёт бирлашмаси (шаҳар тиббиёт бирлашмаси), вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари билан шартномалар имзоланди. Ушбу шартномаларга кўра, бирламчи тизим муассасалари уларга бириктирилган аҳоли сони ва таркибидан келиб чиқиб, диспансер хизматларини кўрсатувчи муассасалар глобал бюджет асосида ва стационар муассасалар даволанган ҳолатлар бўйича молиялаштириш тизимига ўтказилди. 

2022 йил 1 январдан давлат буюртмаси асосида даволанган беморларга кўрсатилган тиббий хизматлар сифатини баҳолаш ҳамда унинг тасдиқланган стандартларга мувофиқлигини, ушбу мақсадлар учун ажратилган бюджет маблағларини бошқариш, уларни самарадорлигини доимий мониторинг ва назорат қилишни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси амалга оширмоқда.

Жамғарма шартнома асосида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига даволанган ҳолатлар учун ҳақ тўлайди, беморларга кўрсатилган тиббий хизматлар сифатини тасдиқланган стандарт ва протоколларга мувофиқлигини назорат қилади ҳамда клиник харажатлар гуруҳларини ишлаб чиқиш ва “ҳар бир даволанган ҳолат учун” тўлов услубини жорий этиш учун барча даволанган ҳолатлар ҳисобини юритади. 

Давлат тиббий суғуртаси механизмлари уч босқичда амалга оширилади. Ҳозирда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги барча тиббиёт муассасаларида, 2023 йилга бориб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё ҳамда Фарғона вилоятларида, 2025 йилда эса юртимизнинг барча ҳудудларини қамраб олади.

Давлат тиббий суғуртасининг энг асосий талабларидан бири -  энг аввало, ҳар бир инсон ўз ҳудудидаги оилавий шифохонага бириктирилган бўлиши керак. Фуқаро оилавий шифохона эшигидан кириши билан уни рўйхатга олиш, шифокорга кириши, таҳлиллардан ўтиши назоратга олинади. Кафолатланган хизматлар текин. Бироқ, унинг текинлигини таъминлашнинг шартлари, стандартлари, ҳажми бор. 

Кузатадиган бўлсак, аҳоли оилавий шифохонага бир неча сабабларга кўра келиши мумкин - профилактика учун, нимадир безовта қилса ёки ҳамшира чақирганда, эмлашга. Агар фуқаро эшикдан кириб бошим оғриди, деса доктор унинг қон босимини ўлчайди, қонини таҳлил қилиш, қанд миқдорини аниқлаш учун лабораторияга юборади. Шунда ҳам оилавий шифокор ташҳиз қўйишга иккиланса, беморни тор соҳа докторлари, мисол учун, кардиологга йўлланма ёзиб, кўп тармоқли шифохонага юборади. Яъни бунда оилавий шифокор ҳар бир муассаса тури бўйича тиббий хизматлар ҳажми ва клиник протоколларга мувофиқ, тор соҳа шифокорларига ва зарур ҳолларда туман, вилоят ҳамда республика даражасидаги шифохоналарга йўлланмалар беради. Республика даражасидаги шифохоналарга йўлланмалар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тасдиқланади. Ушбу тартибга риоя этилмаган ҳолларда,  кафолатланган пакетга киритилмаган тиббий хизматлар пуллик асосда кўрсатилади.

Жараёнларнинг бориши,  Сирдарё вилоятида тажриба тариқасида жорий этилаётган давлат тиббий суғуртасининг айрим жиҳатлари ҳақида  Сирдарё тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган шифокорларнинг фикрларини ўргандик.

Урол НОРЖИГИТОВ, Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори:

– Дунёнинг нуфузли давлатлари, жумладан Туркия, Россия, Германияда ҳам тиббий суғурта тизими мавжуд. Яқиндан бизда ҳам давлат тиббий суғуртаси  жорий этилмоқда. Буни эса аҳоли учун ҳам, тиббиёт ҳодимлари учун ҳам ўзига хос фойдали жиҳатлари мавжуд. Тиббиёт ходимлар учун яхшилигини айтадиган бўлсак, тиббий пунктларга ажратиладиган пуллар миқдори ошади, жиҳозлар билан таъминланди. Ҳозирда электрон хизматларни яхшилаш учун ҳар бир шифокор компьютер билан таъминланмоқда. Мен учун яна бир қувончли жиҳати  шундаки, давлат тиббий суғуртасининг талаблари орасида беморларни сони учун эмас  даволашнинг сифатига кўра шифокорга маблағ тўлаш борлиги. Шу боис хизмат кўрсатиш сифати кескин ошиб, қилинган меҳнатга яраша маош   ошиб боради.

Баҳром Тошмуродов, Республика шошилинч тиббий  ёрдам илмий марказнинг Сирдарё вилоят филиали шифокори:

– Касбимиз билан боғлиқ ҳолатда кунига ўртача  20-22та нафар бемор қабул қиламиз. Бизга кўпроқ шошилинч, тез ёрдамга зарур бўлганда, масалан қон - босим кўтарилиши, инсульт ёки талваса ҳолатидаги беморлар мурожат қилади. Бу жараёнда энг биринчи ёрдам қабулхонада кўрсатилади. Беморнинг аҳволи барқарорлашгандан кейин оилавий шифокор  назоратига тавсия асосида юборамиз. Агарда ҳолат барқарорлашмаса, хуруж яна қайталанса, стационар даволашга ётқизамиз.

Давлат тиббий суғуртаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган диагностика ва даволаш ишларининг даволаш стандартларига қай тартибда амал қилаётганимизни мониторингини юргизмоқда. Касаллик тарихига ёзилган дориларни бемордаги касалликни даволашда қанчалик муҳимлигини асосламаслик каби йўл қўйган хато-камчиликларимиз аниқланмоқда. ДТСЖ ходимлари бу борада бизга тушунтиришлар беришмоқда. Зеро, давлат тиббий суғуртасининг мақсади аҳолининг барча қатламларининг бир хил, сифатли тиббий хизматдан тенг баҳраманд бўлишига эришишдир. Шунингдек, бемор оғир шошилинч ҳолатда исталган шифохонага келса, муолажа ишлари бепул амалга оширилади.

Маърифат Турдиева, Сирдарё вилояти Перинатал маркази директор ўринбосари 

–Сирдарёда давом этаётган тажриба-синов тариқасида бошланган давлат тиббий суғуртаси механизимларини ўрганиш жарёнида амин бўлдимки,  ҳақиқатдан ҳам  бу тизимгаўтиш даврига келган экан. Чунки, жараённи кузатар эканман аҳолига қаратилаётган эътибор, қулайликлар, тиббиётдагиўсишни  кўриб  дили яйрайди.Давлат тиббий суғуртаси сабабли энг аввало шифокорларнинг маъсулияти ошди. Ҳар бир касалликни стандарт бўйича даволаш ва ташхис қўйиш кераклигини англадик. 

Тиббий суғуртани халқ учун фойдали томони – ҳар битта кўрсатиладиган хизматлар юзасидан кафолатланган пакет ишлаб чиқилган ва ана шу пакет доирасида беморларни сўзсиз қабул қилиш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш  асосий мақсад қилиб олинган. Мана энди тиббиётимиз замон билан ҳамнафас ривожланмоқда. 

Беморлар йўлланма асосида келса, стационар хизматлар бепул амалга оширилади. Бунинг учун бирламчи тизимдаги шифокор билим ва малакасини ошириб бориши керак. Чунки, беморни қайси йўналишда, қайси шифохонага йўналтирилиши учун у  ташхисни тўғри қўя олиши керак. Беморнинг ҳолатига кўра республика ёки вилоятга йўлланма бериши талаб қилинади. Ҳар бир шифокор кафолатланган пакет, унга киритилган тиббий хизматлар хақида билимга эга бўлиши, бу ҳақида тўлиқ тушунчаси бўлиши керак.Тиббий суғурта орқали  тиббиётда яхши томонга ўзгариш бўлаётгани муболаға эмас.

 

    Бошқа янгиликлар