Ўтган ҳафта мобайнида республикамиз ҳудудида 207 та ёнғинлар қайд этилган. Турли сабабларга кўра содир бўлган ёнғинларда 8 нафар фуқаролар тан жароҳатлари олишган ва 3 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Ушбу ёнғинларда 973 млн. сўмдан ортиқ қурилиш конструкциялари ва 988 млн. сўмга яқин моддий бойликлар ёнғиндан сақлаб қолинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси хабар бермоқда.
Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида яшовчи фуқаро Э.Абдуллаэвнинг уйида электр симларнинг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 90 кв.м. майдонда том қисми ёниб зарарланган.
Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи фуқаро М.Рахимовнинг уйида электр симларнинг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 80 кв.м. майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган.
Хоразм вилояти Хива туманида яшовчи фуқаро М.Алиевнинг молхонасида ёш болаларнинг шўхлиги (олов билан ўйнаши) оқибатида ёнғин содир бўлиб, молхонанинг 60 кв. метр майдонда ҳамда қўшнисининг молхонасини 20 кв. метр майдонда том қисми ёниб зарарланган. Ёнғин оқибатида уй эгасининг набираси куйиш тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.