Кўп қаватли уйдаги шовқин

МУТОЛАА 02.06.2016, 13:16
Кўп қаватли уйдаги шовқин

Таҳририятга келган мактублар ичида хатжилдга “Мамажонова Гулрухсор, “Ғаройибот” саҳифасига деб ёзилгани эътиборимизни тортди... 

Кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида турамиз. Яқинда тепамизга яъни, иккинчи қаватга бир оила кўчиб келди...

Очиққина, одамохун, дилкаш аёл экан. Икки кунга бормай танишиб, апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. Бошқа қўшнилар билан ҳам яқиндан танишиб олди. 

Одатда у катта болалари мактабга кетгач, уй юмушларини тезда бажариб, бир ярим ёшли жажжи қизалоғини кўтарганча пастга тушар, гоҳ айланиб, гоҳ ўтириб вақт ўтказарди. Уни кўриб биз ҳам бирин-кетин уй ҳовлисига чиқа бошладик. 

—  Бизнинг тепамизда, учинчи қаватда ким яшайди? — деди бир куни у менга қараб. 

—  Ҳеч ким яшамайди, — деди бепарво. 

—  Йўғ-е, — кўзлари катта-катта бўлди унинг. — Яшайди шекилли. 

—  Мақсуда опа иккинчи ўғлини кўчириб келдими, ё? — ҳайрон бўлиб сўрадим ён қўшнимиздан.

—  Йў-ўқ, келса биз билан кўришмасдан кетмайди. Ҳали бирор марта келганини кўрмадим. Бир ойча аввал келиб, йиғиштириб, чанг-пангларни артиб кетганди, — деди ён қўшним. 

—  Тўғри, менам бир ойча аввал кўрганман, — дедим тасдиқлаб.

Янги қўшнимиз эса ўйланиб қолди. Орадан икки кун ўтиб, учинчи қаватдаги қўшнимизнинг келган-келмаганини сўради. Биз ҳали кўрмаганимизни айтдик. Эртасига яна сўради. 

—  Нега мунча сўраб қолдингиз? Тинчликми? — дедим унинг бесаранжомлигини пайқаб.  

—  Ҳайронман, ҳар тун шовқиндан эрим иккаламиз уйғониб кетамиз. Худди стол-стулларнинг полда сурилганига ўхшаш овоз келади. Ярим соатча тинмайди. Кейин сувнинг ваннага шариллаб қуйилгани эшитилади, — деди ажабланиб.

—  Сиз бошқа нарсани эшитаётгансиз. Ўзи у ерда бир зоғ яшамаса...

—  Шунга ҳайронман-да! — елка қисди янги қўшнимиз. — Эримга ҳеч ким яшамаслигини айтганимдан сўнг баттар хавотири ошди. Ўғри-пўғри тушмадимикан, десак деразаларига панжара ўрнатилган экан. Эшиги сира очилмайди. Балки, сизлар билмай қолгандирсизлар, ижарага одам қўйгандир? Лекин ҳар тун эшитамиз шовқинни. Кундузи эҳтимол сезилмас, кўчадан ўтган машиналар овози ҳалал берар...

—  Бўлмаса, Мақсуда опага телефон қилайлик. Ҳар эҳтимолга қарши... — дедим ва эски қўшнимизга қўнғироқ қилдим.

Ҳол-аҳвол сўрашгач, вазиятни тушунтирдим. Янги қўшнимиз айтган гапларни оқизмай-томизмай етказдим. 

—  Уйга бормаганимга анча бўлди. Ижарага ҳам одам қўйганим йўқ. Янги қўшнига айтинг, хавотирга тушмасин. Эртага ўтиб, тушунтираман, — деди Мақсуда опа. 

Очиғи, гапини тушунмадим. Одам қўймаган бўлса, бирор ким яшамаса нимани тушунтиради? 

Эртасига ростдан ҳам Мақсуда опа келди. Аввалига уйларини йиғиштирди, кейин бизникига чиқди. Мен ён қўшнимизни ҳам, танишиш учун янги қўшнимизни ҳам чақирдим. Бир пиёла чой ичгач, Мақсуда опа гап бошлади.

—  Биласизлар, катта ўғлимни уйлантирганимдан сўнг ўзимиз кенгроқ уй олиб чиқиб кетдик. Ўғлим оиласи билан бу ерда қолди. Афсус, пешанасида бор экан, хотини уйига кетганида ўғри тушди ва тан жароҳати етиб оламдан ўтди. Бу ғамни ҳалиям ютолмайман, ичим куяди, — йиғлаб юборди Мақсуда опа. — Ҳали хотини ҳомиладор ҳам бўлиб улгурмаганди. Шундан буён уй бўш турарди. Бир куни иккинчи қаватдаги уйини сизларга сотиб кетган  эски қўшнимиз телефон қилиб қолди. Уйда шовқин бўлаётганини айтди. Келиб кўриб кетдим — тинч. Қайта-қайта қўнғироқ қилавергач, бир кеча ўша қўшнимникида ётдим. Ростдан ҳам шовқин бизнинг уйдан келарди. Қотиб қолдим. Чиқсак, ҳеч зоғ йўқ. Кейин тергов вақтидаги гаплар эсимга тушди. Ўғрилар нарса излаб тополмагач, ўғлимни стол-стулларга уриб-судраган, кейин ваннага олиб кириб бошидан сув қўйишган. Балки, ўша воқеларни ўғлимнинг руҳи қайтараётганмикан, дея дуо ўқитдим. Ўзим ҳар келганимда ўқийман. Барибир тинч эмас. Охир ўша қўшнимиз кўчиб кетди. Сизларга айтмаган шекилли...

—  Йўқ, — деди янги қўшнимиз. Мақсуда опанинг қўзларидан оқаётган ёшни кўриб деди. — Опа, хафа бўлманг. Ундан кўра, уйга ижарага одам қўйинг, шунда тинчийди. Биздан хижолат бўлманг, яшайверамиз.

—  Ростдан ҳам одам қўйиб кўраман, энди, — деди Мақсуда опа хотиржам тортиб. 

КАМИНА оққа кўчирди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1