Бугун, 11 март куни Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Ёшлар пресс-клубида Тошкент халқаро ШҲТ ярим марафони ҳамда “Наврўз” ИВ халқаро марафони олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлигининг Матбуот хизмати маълум қилди.
2016 йилдан бери халқаро ташкилот ташаббуси билан ўтказиб келинаётган ШҲТ ярим марафонлари ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди, десак муболаға бўлмайди. Спорт тадбирларига эса халқаро ҳамжамиятнинг қизиқиши йил сайин ортиб бормоқда. Оммавий спортнинг маданиятлар, миллатлар ва сивилизациялар хилма-хиллигини ифодаловчи инсонлар ўртасида тенгликни таъминлаш, тинчлик манфаатлари йўлида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, барқарор ва баркамол ривожланишга интилиш каби умуминсоний қадриятлар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти руҳи ва асосий тамойилларини тўла акс эттиради.
ШҲТ марафонлари Жаҳон енгил атлетика мусобақалари тақвимига киритилган. Ҳар бир босқичда халқаро ассоциация қоидаларига мувофиқ, антидопинг назоратидан тортиб, марафон трассасини қамраб олиш сифатигача бўлган жараёнда катта ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси юқори даражадаги югуриш мусобақалари ташкил этишда катта тажрибага эга. Баҳор байрами арафасида ўтказиладиган “Наврўз” Тошкент халқаро марафони, Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб ўтказилаётган “Саве Арал” ва “Арал маратҳон” спорт мусобақалари аллақачон анъанага айланиб улгурган.
ШҲТ Тошкент халқаро яриммарафони трассаси Халқаро марафонлар ва югуришлар ассоциацияси (АИМС) сертификатига эга трассада бўлиб ўтади. Бўлажак спорт мусобақаси дастурига 3 км ва 21 км бўлган 2 та масофа киритилган. Спорт югуришида нафақат “ШҲТ оиласи”нинг 18 давлатидан югурувчилар, балки бошқа мамлакатлардан ҳам иштирокчилар келиб қатнашиши мумкин. Марафоннинг умумий мукофот жамғармаси 138 миллион сўмни ташкил этади. (ярим марафон учун 126 миллион сўм, 3 км масофага 12 миллион сўм).
Шунингдек, 27-март куни Тошкентда “Наврўз” ИВ Тошкент халқаро марафони ҳам бўлиб ўтади. Бу йил тўртинчи маротаба ўтказиладиган “Наврўз” Тошкент халқаро марафони нафақат профессионал спортчилар, балки ўз соғлиғига бефарқ бўлмаган барча ёшдаги югуриш ишқибозларини ҳам бир жойга жамлайди ҳамда Ўзбекистондаги энг йирик ва муҳим спорт тадбирларидан бирига айланади.






