АсосийSport

5 нафар ўзбек боксчи қизлари ўсмирлар ўртасида Осиё чемпиони бўлди

'5 нафар ўзбек боксчи қизлари ўсмирлар ўртасида Осиё чемпиони бўлди'ning rasmi

Иордания пойтахти Амман шаҳрида давом ўтаётган бокс бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ўзининг якуний палласига кирди.

Ушбу нуфузли мусобақада қитъамизнинг 21 мамлакатидан жами 352 нафар боксчи баҳсларга киришди. Ўзбекистон шарафини эса ўсмирлар ўртасидаги баҳсларда 25 нафар, ёшлар ўртасида эса 24 нафар, жами 49 нафар спортчи муносиб ҳимоя қилди.

Бугун мусобақа доирасида ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати ғолиблари аниқланди. Бироз аввал ушбу ёш тоифасидаги қизлар ўртасида ўтказилган жанглар ўз якунига етди. Унда Ўзбекистон ўсмирлар (қизлар) терма жамоасининг 5 нафар аъзоси қитъа чемпионлигини қўлга киритган бўлса, яна бир ўзбек қизи кумуш медалга сазовор бўлди.

Бокс бўйича ўсмирлар (қизлар) ўртасида Осиё чемпионатининг финал жангларида Ўзбекистон терма жамоамиз аъзолари қайд этган натижалар билан танишинг:

  • -46 кг вазн тоифаси: Жасмин Тоҳирова ҳиндистонлик рақибасидан устун келди ва олтин медални қўлга киритди.
  • -48 кг вазн тоифаси: Зилолахон Юсуфова ҳам ҳиндистонлик рақибасини мағлуб этди ва олтин медалга сазовор бўлди.
  • -52 кг вазн тоифаси: Раҳима Бекниязова эса ҳиндистонлик боксчи қизга имкониятни бой берди ва кумуш медаль билан тақдирланди.
  • -54 кг вазн тоифаси: Узукжамол Юнусова ҳам ҳал қилувчи баҳсда Ҳиндистон вакиласини муддатидан олдин мағлуб этиб, Осиё чемпионига айланди.
  • -70 кг вазн тоифаси: Ойша Тоирова қозоғистонлик боксчини муддатидан олдин мағлуб этди ва қитъа чемпиони сифатида тарихга кирди.
  • +80 кг вазн тоифаси: Собирахон Шаҳобиддинова ҳам ҳиндистонлик рақибасини муддатидан олдин мағлубиятга учратди ва олтин медални қўлга киритди.

Шу тариқа ўсмир қизлар Осиё чемпионатида 5та олтин медалга сазовор бўлишди. 

    Бошқа янгиликлар