Бир неча кун давомида Эрон Ислом Республикаси пойтахти Теҳрон шаҳрида давом этган Осиё таэквондо федерацияси президенти кубоги мусобақаси кеча ўз якунига етди.
Мусобақанинг сўнгги кунида 8 нафар ўзбек таэквондочиси ғолиблик учун даянга чиқди.
Туризмни ривожлантириш вазирлиги хабарига кўра, -68 кг вазн тоифасидаги баҳслар Ўзбекистон вакиллари учун омадли келди. Ушбу вазнда Токио-2020 ёзги Олимпиадаси ғолиби Улуғбек Рашитовга муносиб рақиб топилмагани таъкидланади.
Қайд этилишича, у ҳал қилувчи жангда яна бир спортчи Диёр Тўхлибоев билан рўбарў келди. Бироқ, бу жанг ўтказилмаган ва Рашитов тўғридан тўғри Осиё таэквондо федерацияси президенти кубоги ғолиблигини қўлга киритган. Диёр эса кумуш медалга сазовор бўлган. Худди шу вазн тоифасидаги яна бир ўзбекистонлик Нажмиддин Қосимхожиев эса бронза медалига эга чиққан.
-80 кг вазн тоифасида тажрибали спортчи Шуҳрат Салаев ярим финалда эронлик таэквондочига ютқазиб қўйган ва терма жамоа ҳисобига яна бир бронзани қўшиб қўйган.
Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Осиё таэквондо федерацияси президенти кубогида 2та олтин, 3та кумуш ва 7та бронза, жами 12та медалга сазовор бўлди.






