АсосийJamiyat

"Ёпиқ" шахслардан бирининг очилиши... Ёхуд “учинчи фронт” олий режасини барбод қилган ўзбек разведкачиси ҳақида...

'"Ёпиқ" шахслардан бирининг очилиши... Ёхуд “учинчи фронт” олий режасини барбод қилган ўзбек разведкачиси ҳақида...'ning rasmi

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мавзуси ҳеч бир даврда ўз долзарблиги ва аҳамиятини йўқотмайдиган масаладир. Унга давлатнинг муҳим, долзарб ижтимоий масаласи деб қаралади.

29 январь куни “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси” қабул этилгани тўғрисида хабар тарқалди. Ҳужжатнинг 70-мақсади “Ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш” этиб белгиланган. Хусусан, бунда “Ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга шахс сифатида тарбиялаш” масъулияти юклатилган. Демак, давлат раҳбари такроран бундан буён ҳам ёшларнинг ҳарбий билим, кўникма ва малакаларини оширишда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришни жадал давом эттирилишини урғуламоқда.

Ватанпарварлар қандай тарбияланади?

Ҳарбий ватанпарварлик тарбияси умумий тарбиянинг таркибий қисми бўлиб, ёшларда Ватанни севиш, уни фидокорона ҳимоя қилишга тайёргарлик ва бунга қодирликни шакллантиришга йўналтирилган. Унинг маънавий-маърифий ва назарий асоси Ватанни ҳимоя қилиш тўғрисидаги замонавий тегишли илм-фан соҳаларининг хулосалари, халқимизнинг Ватан ва уни ҳимоя қилиш ҳақидаги тарихий ва замонавий амалий тажрибаси, илмий мероси ҳамда мазкур масала билан боғлиқ умуминсоний қадриятлар ва замонавий талаблар ҳисобланади.

Ёшларни турли ёт ғоя ва таҳдидлардан асраш, ўз мустақил фикрига эга, иродали, фидойи ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш энг асосий мақсадлардан бирига айланмоғи лозим. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Тарбия ва таълимни бир-биридан алоҳида ажратиб бўлмайди, бу икки жараён ўзаро уйғун, узлуксиз асосда ташкил этилгандагина одобли, юксак маънавиятли, шу билан бирга, билимдон, зукко, руҳан ва жисмонан соғлом, кенг дунёқараш, тафаккур ва замонавий касб-ҳунар эгаси бўлган ватанпарвар ёшларни етиштириб беради”

Бугунги кунда мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган азм-у шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш барча ватандош­ларимизнинг эзгу орзу умидларидан бирига айланмоғи керак. Дарҳақиқат, “Янги Ўзбекистон – барчамизнинг эзгу орзумиз, меҳнаткаш, тинчликсевар халқимизнинг орзуси. Унда халқимизнинг азалий умид-ниятлари, юксалиш сари интилишлари ўзига хос тарзда акс этмоқда. Узоқ ўтмишдан ҳозирги давргача миллий тафаккуримиз негизида шаклланиб келган, турли ғоя ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топган эл-юртимизнинг орзу-умидлари бугунги кунда Янги Ўзбекистон тушунчасига жамулжам бўлди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан меҳнат қилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради”, — дейди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев.

Жамиятдаги барқарорликни мус­таҳкамлаш ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш барча замонавий давлатлар қатори Ўзбекистон учун ҳам ҳаётий заруратдир. Шуларни назарда тутиб, Ўзбекистон Респуб­ликаси мустақил давлат ва халқаро муносабатларнинг субъекти сифатида ўзининг мудофаа сиёсатини барча мамлакатларнинг тинч-тотув яшаши, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, уларнинг мустақиллигини, шунингдек, давлатлараро таркиб топган чегараларнинг бузилмаслиги ва ўзгармаслигини ҳурмат қилиш принцип­ларига асослайди.

Кўтарилган тақиқ пардаси...

Мен Афғонистонда дипломат бўлиб хизмат қилиб юрган пайтимда элчихонамизнинг ёши улуғ ходимлари орасида Иккинчи жаҳон уруши йиллари айнан бу ўлкада бир ватандошимиз ватанпарварлик ва мардлик намунасини кўрсатгани тўғрисида суҳбат очилади. Замона зайлига кўра, унинг исм-фамилияси айтилмайди, қандай фидокорлик кўрсатгани узуқ-юлуқ ҳикоялар билан чегараланади. 

Мустақиллик йиллари илгари ошкора гапириш мумкин бўлмаган мавзуларнинг тақиқ пардаси кўтарила бошлайди. Ана шундай “ёпиқ” шахс­лардан бири Баҳром Иброҳимов ҳақида маълумотлар эълон қилиш бошланади. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати фахрийлари биринчи ўзбек разведкачиси ҳақида оммавий ахборот воситаларида мақолалар ёзадилар.

Асли Жиззах вилояти Бахмалининг Ойқорли қишлоғидан бўлган Баҳром ўрта мактабни битириб, Самарқанд институтида олий таълим олади. Ўша кезлари Фитрат, Чўлпон, Мунаввар Абдурашидов сингари маърифатпарварлар билан танишади, улар билан ҳамкорлик қилади. Шеърлар ёзади, ижодидан намуналар газета ва журналларда босилади.

Ҳарбий хизматга мойиллиги туфайли қўшни мамлакатда малакасини ошириб қайтгач, 24 ёшли Баҳром Эрон давлатига хизматга юборилади. Чет элда совет ҳукуматининг таъқибидан қочган “Маҳмуд Ойқорли” ва “Язучи” сингари тўқима номлар ҳамда таржимаи ҳоллар билан ишга киришади. 

1932 йилда Машҳадда у Туркистон мухторияти халқ мажлиси депутати бўлган муфтий Садриддинхон Махсум Шарифхўжаев ва Буюк Британиянинг Марказий разведка хизмати резиденти Хамбер Лянсело Георг билан муносабатлар ўрнатади. Бир йиллардан сўнг чет эл резидентининг бевосита ёрдами билан “Ойқорли” ва муфтий Афғонис­тонга кўчиб ўтадилар. 

Ўзбек разведкачиси Қобулда Тур­киянинг Афғонистондаги элчиси Эсендал билан ҳамкорликка киришади, Германия ва Япония элчихоналари ходимлари билан ишончли алоқалар ўрнатишга муваффақ бўлади.

Немис, форс, япон ва араб тилларида бемалол гаплаша олган. Бекорга “тил билган дунё танир”, дейилмаган. Шунча тил билиши унга разведка ишида анча қўл келади. 

Айнан немис тилида эркин мулоқот қила олгани учун ҳам “Ойқорли” Абвернинг Афғонистондаги резиденти Расмус ва немис разведкачиси, майор Шенкларнинг ҳурматини қозонади, улар билан “дўстона” алоқа ўрнатишга муваффақ бўлади. Бора-бора фашистларнинг режалари тўғрисида хабардор бўлиб туради.

“Учинчи фронт” олий режасини барбод қилган ўзбек разведкачиси

Гитлер Германияси Иккинчи жаҳон урушида туб бурилиш ясашни хомхаёл қилиб, Ўрта Осиё ҳудудидан Совет Иттифоқига бостириб киришни мўлжаллайди. Шунга яраша қурол-яроғ, маб­лағларни тўплаш ишлари бошланади ва Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистон ва Туркманистон чегараларини кесиб ўтиш режаси ишлаб чиқилади. “Учинчи фронт”, деб номланган олий режа ўзбек разведкачисининг саъй-ҳаракати билан барбод бўлади.     

Юқорида қайд этилганидек, “Ойқорли” чет давлатларнинг вакиллари билан яқин муносабатда бўлган. Москва мулозимлари 1941 йил 22 июнда немис фашистларининг Совет Иттифоқига бостириб кириши хабарини олади. Тарих китобларида бу маълумотни Японияда фаолият юритаётган совет разведкаси Рихард Зорге етказгани эътироф этилади. Баҳром Иброҳимов ҳам Марказга шунга яқин хабарни юборади... 

“Ойқорли”нинг немис айғоқчиларидан олган маълумотлари бизнинг резидентуранинг диққатидан қочмасди. Айниқса, афғон-совет чегарасидан Ўрта Осиё республикаларига юборилаётган жосуслар ва қўпорувчилар тўғрисида маълумот жуда муҳим ҳисобланарди. Мамлакатда эса улар тезкор ҳаракатлар билан қўлга олиниб, қамоққа ташланар эди.

Шу ўринда архив ҳужжатларидан олинган бир мисол келтираман. 1942 йилнинг 13 октябрь куни Термиз шаҳридан 50 километр Шарқда жойлашган чегара йўлагидан 8-10 минг нафар қилич ва Англиянинг винтовкалари билан қуролланган муҳожирлар қўшини Амударёдан кечиб ўтиши тўғрисида Марказга хабар берилади.

100 га яқин жиноятчи асирга олинди, улар орасида...

Ёки бошқа мисол. Афғонистондаги вазият дипломатик чоралар кўришни тақозо қилар эди. Баҳром Иброҳимовдан олинаётган маълумотлар шу даражада долзарб эдики, Совет ҳукуматининг топшириғига биноан элчи К.А.Михайлов подшоҳ Муҳаммад Зо­ҳиршоҳ билан учрашади. Бу учрашув натижасида, 1942 йилнинг 13 октябрь куни Карл Расмус Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, унга фашистлар Германиясининг махсус хизматлари Афғонистон ҳудудида қўпорувчилик фаолияти олиб бораётгани тўғрисида нота тақдим қилинади.

Кейинги йилнинг март ойида Афғонистон хавфсизлик идоралари махсус амалиёт ўтказиб, 100 га яқин жиноятчини асирга олади. Улар орасида “туркистонлик муҳожирларнинг кўзга кў­рин­ган таниқли вакили”, Германия­нинг Қобулдаги миссияси билан алоқада бўлиб турган Маҳмуд “Ойқорли” – Баҳ­ром Иброҳимовнинг ўзи ҳам бор эди.

У беш йилдан кейин озод этилади. Жами 20 йилдан ошиқ чет элларда разведка хизматининг масъулиятли вазифаларини бажариб, 1955 йилда жонажон ватанига қайтиб келади. Жанговор Қизил Байроқ ордени билан тақдирланади.

Ватанга Қайтгач...

Баҳром Иброҳимов Ватанга қайтгач, севган касби – журналистика соҳасида ишлайди. “Ўзбекистони сурх” газета­си­да маданият ва Давлат сиёсий наш­риётида шарқ бўлимларини бош­қа­ради. “Интилиш”, “Мирзода ишқи” китобларини чоп эттиради. “Йўқсил” тахаллуси билан шеърлар битади. Тўртта чет тилини билмасмиди, хорижий тил­лардан таржималар қилади. Жами 50 дан ошиқ китобларни ўзбек тилига ўгирди. 

1963-1975 йилларда Фанлар Академиясининг Шарқшунослик институтида илмий иш билан машғул бўлди.

Касбга Ҳурмат-эҳтиром ҳисси...

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Бугунги кунда бизнинг ҳарбийларимиз ўзларининг профессионал тайёргарлик даражаси бўйича жаҳондаги етакчи мамлакатлар армияларининг ҳарбий хизматчиларидан асло қолишмаслигини сўзда эмас, амалда исботламоқда. Халқаро ҳарбий ўқув мусобақаларида, армиялар ўртасидаги ва спорт беллашувларида Ўзбекистон вакиллари ўзларининг маҳорати, руҳан бақувватлиги, ғалабага бўлган иродасини намоён этмоқда, буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари эканликларини яққол кўрсатмоқда. Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси бутун Ўзбекистон халқида, айниқса, ёшларимизда миллий армия­миз билан фахрланиш туйғусини, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини уйғотмоқда”.

Янги Ўзбекистон шаклланаётган бир даврда ажаб эмаски, ҳарбий дарсликлар билан бир қаторда ўрта мактабларимизда Ватанни севиш, Ватанга садоқат билан хизмат қилиш намунаси сифатида Баҳром Иброҳимовнинг ҳам номи зикр этилса, унинг хизматлари ибрат сифатида ўқитилса, бадиий фильмлар яратилса... 

Шоислом АКМАЛОВ, тадқиқотчи

    Бошқа янгиликлар