Доимий яшаш учун янги ватан ёки мамлакатни танлашда ўша ҳудуд фуқароларининг фаровонлик даражасини билиш жуда муҳимдир. Дунёдаги ўртача иш ҳақи қисман содир бўлаётган воқеаларнинг моҳиятини акс эттиради. Хўш, дунё мамлакатларида ўртача маош қанчани ташкил қилади? Улар фуқароларининг яхши шароитда яшашларига етарлими? Туркум материалларимизнинг навбатдаги сонида дунё мамлакатларида ўртача маош қанчани ташкил қилиши бўйича маълумотларни тақдим этамиз.
Халқаро Меҳнат Ташкилоти мунтазам равишда ўртача иш ҳақи бўйича қайси давлатлар рейтингини тузади ва эълон қилади. Бир кишининг бир ойлик ўртача даромади қанчалик юқори бўлса, рейтингдаги чизиқ шунчалик юқори бўлади.
Иқтисодиёти кучли ва барқарор ёки муваффақиятли ривожланаётган дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатларида вазият ўрганилмоқда.
1-ўрин. ШВЕЙЦАРИЯ
Европанинг қоқ марказида жойлашган мамлакат фуқаролар эркинлиги, турмуш даражасининг юқорилиги, ҳукумат шаффофлиги ва инсон тараққиёти билан ҳақли равишда фахрланади. Бу ерда фармацевтика, мусиқий асбоблар, махсус кимё саноати ва аниқ ўлчов ускуналарини ишлаб чиқишда юқори ўринларда турадиган мамлакат ҳисобланади. Швейцария фуқароси ҳафтасига ўртача 35 соат ишлайди. Бироқ улар меҳнат самарадорлиги юқорилиги сабабли йиллик даромади ҳам шунга яраша. Дейлик, мамлакатда ўртача ойлик маош 6244 долларни ташкил қилади. Йиллик даромад эса 74 928 доллар. Албатта, солиқлар ҳисобланганда бу рақамлар сезиларли даражада камаяди.
2-ўрин. ДАНИЯ
Данияда айниқса, энг машҳур шаҳарлари — Копенгаген ва Орхусда яшаш жуда қимматга тушади. Бироқ маошларнинг юқорилиги мамлакатдаги бундай баланд яшаш харажатларини қоплай олади, дейиш мумкин. Данияда ўртача иш ҳақининг энг юқори миқдори 6192 долларни ташкил этади. Жумладан, шифокорлар, ўқитувчилар, муҳандислар, банк ходимлари, журналистлар каби соҳаларга юқори маош берилади. Мамлакатда йиллик даромад 74 304 доллар бўлиб, яхши яшаш учун етади.
3-ўрин. ЛЮКСЕМБУРГ
Европанинг энг бой мамлакатларидан бири бўлган Люксембургда кимё саноати, резина, саноат машинасозлиги, пўлат ва молиявий хизматлар экспорти бўйича юқори ўринларни эгаллайди. Бу ерда ҳар бир соҳа вакили иш соатидан келиб чиқиб, юқори маошга эга бўлади. Тўғри, солиқлар ҳам бирмунча маблағни ташкил қилади. Шунга қарамай, яшаш тарзига тўсиқ бўлмайди. Эътиборлиси шундаки, мамлакат фуқаролари солиқ ҳисобидан умумий соғлиқ суғуртаси ва бепул таълимга эга бўлишади. Дейлик, Люксембургда ўртача маош ойига 5854 долларни, йиллик даромад 70 240 долларни ташкил этади.
4-ўрин. НОРВЕГИЯ
Норвегияда нефть, минераллар, балиқчилик ва сув энергетикаси бўйича етакчи ўринда туради. Умумий саломатлик суғуртаси ва олий таълим Норвегиянинг барча фуқароларига бир хил жорий қилинади. Бу мақсадларга 37 фоизлик солиқдан тушадиган даромадлардан сарфланади. Шундай бўлишига қарамай, юқори маош берилиши сабабли, солиқлар фуқароларни хавотирга солади. Лекин Норвегияга ишлаш учун келадиган мигрантлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Ҳар бир соҳада иш юритадиган мигрант иш ҳақидан келиб чиқиб, юқори маошга эга бўлади. Айтайлик, норвегияликларнинг йиллик даромади 65 400 доллар.
5-ўрин. ИСЛАНДИЯ
Совуқ ўлкалардан бири бўлган Исландия ҳам ҳар томонлама ривожланган ва ўз эҳтиёжларини қоплай оладиган мамлакат. Бу ерда умумий саломатлик суғуртаси ва олий таълимга юқори даражада бўлиб, бепул имкониятлар тақдим қилинади. Ўқитувчи, шифокор, банк ходими, менежер, муҳандис каби соҳаларнинг ўртача маош анча баландлиги кўзга ташланмоқда. Исландияда йиллик даромад 65 232 доллар эканини кўриш мумкин.
6-ўрин: ГЕРМАНИЯ
Германия сўзсиз Европанинг фахри ҳисобланади. У минтақанинг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган мамлакати. Мамлакат фуқаролари жуда катта миқдорда солиқ тўлайди. Айтайлик, маошларнинг 49,8 фоизи ҳукумат жамғармаларига ўтади. Натижада барча даражадаги тиббий ёрдам ва таълим бепул. Дейлик, Германияда шифокорлар йиллик даромади 51 252 долларни ташкил қилади. Муҳандис, банк ходимлариники бундан бироз камроқ.
7-ўрин: ЯПОНИЯ
Япония дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидан бири. Шунингдек, япон халқи жуда меҳнаткаш эканлиги билан ҳам бошқа миллатлардан ажралиб туради. Яъни кўп ишлаш уларда одат тусига кирган. Япониялик ишчилар йилига ўртача 47 876 доллар маош олади. Бу дегани, ойига тахминан 3900 АҚШ доллари. Албатта, солиқлар ушлаб қолинганда, рақамлар анча пасаяди.
8-ўрин: АҚШ
Америка маҳсулотларни импорт-экспорт қилишда дунёда биринчи ва иккинчи ўринда туради. Мамлакатда солиқ ҳам ўзига яраша — 31,6 фоизни ташкил этади. Ажабланарлиси шундаки, аксар мамлакатлардан фарқли равишда соғлиқ суғуртасига эга бўлишмайди. Бу ерда йиллик даромад миқдори 47 052 долларни ташкил этади. Солиқлар ушлаб қолинса, бу рақамлар 41 400 долларни ташкил қилади.
9-ўрин. АВСТРАЛИЯ
Австралия иқтисодий қудратга эга давлатлардан биридир. Мамлакат нефть, минераллар ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилади. Австралиялик эса даромадининг 27,7 фоизини солиқ сифатида давлатга тўлайди. Бунинг эвазига бепул тиббий хизмат ва таълимга эга бўлади. Ҳафтасига 36 соат ишлаган фуқаро йилига 40 125 доллар маош олади.
ҚОЛГАН МАМЛАКАТЛАРДА ВАЗИЯТ ҚАНДАЙ?
Бельгия | 47 160 доллар | Сан-Марино | 34 116 доллар |
Финандия | 46 896 доллар | Италия | 32 712 доллар |
Сингапур | 45 384 доллар | Буюк Британия | 32 436 доллар |
Ирландия | 44 052 доллар | Гонконг | 26 352 доллар |
Андорра | 40 656 доллар | Испания | 25 596 доллар |
Янги Зеландия | 40 248 доллар | Россия | 9456 доллар |
Франция | 39 984 доллар | Малайзия | 8544 доллар |
Нидерландия | 38 856 доллар | Қозоғистон | 5832 доллар |
Багама Ороллари | 38 268 доллар | Таиланд | 5604 доллар |
Канада | 37 812 доллар | Украина | 5520 доллар |
Исроиль | 36 768 доллар | Қирғизистон | 3036 доллар |
Жанубий Корея | 35 568 доллар | Бангладеш | 1896 доллар |
Австрия | 35 280 доллар | Тожикистон | 1860 доллар |
Швеция | 34 716 доллар | Ҳиндистон | 1428 доллар |
Маълумот учун: кўрсатилган рақамлар солиқларсиз кўрсатилган.
Иззат АБДУВАҲОБОВ тайёрлади