Муборак рамазон ойининг илк ҳафтаси ортда қолди. Айни пайтда юртимиз бўлйба бу қутлуғ ойнинг файзу шукуҳи кезиб юрибди. Рамазон ойида рўза билан боғлиқ савол-жавоблар ҳар қандай мўмин-мусулмонни бефарқ қолдирмайди. Ушбу саҳифаларда ҳам айнан мазкур масалалар юзасидан фикр юритмоқчимиз.
Савол: Кимлар Рамазон рўзасини тутмаслик учун узрли саналади ва узрлар қайсилар?
Жавоб: Рўза тутиш Рамазон ойида фарз бўлса-да, бир неча узрлар сабабли уни кейинги ойларда қазо қилиб тутиб бериш мумкин. Касаллик, ҳомиладорлик, эмизиклилик, кексалик, ҳайз, нифос ва сафар ана шундай узрлардандир.
Дардининг оғирлашишидан ё тузалишининг кечикишидан қўрққан касал Рамазон ойида рўза тутмай, сўнг қазо қилиб тутиб бериши жоиз. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам рўза тутишларида ўзларига ё фарзандларига зиён борлигидан хавф этсалар, уни кейинга қолдиришлари мумкин.
Кексалик туфайли рўза тутишга ожиз чол ё кампир ҳар куни Рамазон рўзаси учун мискинга садақаи фитр миқдорида фидя бериши лозим. Аммо улар кейинчалик қувватга кириб рўза тутишга ярасалар, фидя берган бўлсалар-да, қолдирган кунларини қазо қилиб тутиб берадилар.
Ҳайз ё нифосдаги аёл тоза бўлгунича рўза тутиши мумкин эмас. Тоза бўлганидан сўнг Рамазон ойида қолдирган кунларини қазо қилиб тутиб беради.
Сафардаги киши рўза тутишда машаққат бўлиш ва бўлмаслигидан қатъий назар рўза тутмаслиги мумкин. Агар сафарда рўза тутмаса, албатта қазосини тутади.
Қолдирган рўзалар қазоси исталса, кетма-кет ё бўлиб-бўлиб тутиб берилади.
РЎЗАДОРЛИГИ ЭСИДАН ЧИҚСА...
Савол: Баъзан рўзалигим эсдан чиқиб бирор нарса еб ёки ичиб қўйсам, рўзам очиладими?
Жавоб: Рўзанинг бузилиши билан боғлиқ қуйидаги уч хил ҳолат кузатилади: эсдан чиқариш, хато оқибатида ёхуд қасддан.
Рўза тутганлиги ёдида бўлмай, еб-ичиб қўйган ёки уни бузадиган амалга қўл урган кишининг рўзаси бузилмайди. Рўзадорлиги эсига тушгандан сўнг рўзани бузувчи нарсани (масалан, еб-ичишни) давом эттирмаса бўлди. Агар давом эттирса, рўзаси бузилади ва қазо лозим бўлади.
Рўзадор хато қилса, масалан, таҳорат қилаётганда оғиз чайишда сув томоғига кетиб қолса ёхуд қуёш ботмаган ҳолда ботди, деган ўйда рўзани очиб қўйса, рўзаси бузилади ва шу кун қазосини тутмоғи керак.
САҲАРЛИКДА УХЛАБ ҚОЛСА, НИМА ҚИЛАДИ?
Савол: Баъзан Рамазон саҳарлигида ухлаб қоламиз. Бундай ҳолатда рўзага қандай ният қилиш керак? Бирор нарса еб олиш лозимми? Чунки улаб рўза тутиш, яъни саҳарлик қилмай, рўза тутиш макруҳ, дейилган…
Жавоб: «Улаб рўза тутиш», дейилганда оғиз очиш вақтида оғиз очмай, яъни кундузда ҳам, тунда ҳам ҳеч нарса емай-ичмай, жимоъ қилмай рўза тутиш тушунилади. Оғиз очиш вақтида оғзини очиб, таом еб, саҳарликка туролмай рўза тутиш «улаб тутиш», дейилмайди. Саҳарликка тура олмаган киши уйғонганида тонг отган бўлса, ҳеч нарса емаслиги ва ичмаслиги керак. Еб-ичса, шу куни рўза тутмаган бўлади. Саҳарликка тура олмаган киши куннинг ярмигача Рамазон рўзасини Аллоҳ розилиги учун тутишни кўнглидан ўтказса, рўза тутишга ният қилган бўлади. Умуман рўзанинг нияти Аллоҳ розилиги учун рўза тутмоқликни кўнглидан ўтказишдир.
“Динда саволим бор” китобидан олинди.