1

Тошкентдан Мўйноқ аэропортига илк йўловчи самолёт рейси амалга оширилди (фото)

ЖАМИЯТ 26.03.2022, 12:26
Тошкентдан Мўйноқ аэропортига илк йўловчи самолёт рейси амалга оширилди (фото)

Бортида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳодимлари ҳамда ОАВ вакиллари бўлган экипаж ҳозиргина Мўйноқ аэропортига келиб қўнди, дея хабар бермоқда "darakchi.uz" мухбири.

Аҳамиятлиси, бу парвоз Мўйноққа Тошкентдан (Нукус орқали) учган илк йўловчи рейси бўлди. Нукусдан 20 дақиқалик учиш.

Маълумот учун: 1947 йилда қурилган Мўйноқ аэропорти 1960 йиллар бошидан 1990 йилга қадар маҳаллий линиялар: Қўнғирот, Нукус, Урганч, Тахтакўприк, Қозоқдарё, Аспантай, Тулей пунктлари бўйлаб Ан-2 самолётлари орқали 19 тагача йўловчи авиарейсларини амалга оширган ва шу билан ўз фаолиятини якунлаган. Орадан 30 йил ўтибгина 2020 йилнинг августида Мўйноқ аэропортининг янги терминали қуриб битказилди.

"Ҳозир аэропортга киришда топшириқ бердим, энди ҳафтада икки марта Тошкент—Мўйноқ—Нукус йўналишида парвозлар бўлади. Бу аэропорт расмга тушиш учун эмас, инсонларга хизмат қиладиган бўлиши керак", — деган эди президент Шавкат Мирзиёев февраль ойида Қорақалпоғистонга қилган ташрифи чоғида.

Мўйноқ бугунги кунда бир вақтнинг ўзида бир неча туризм йўналишлари бўйича туристик салоҳиятга эга. Жумладан, Экотуризм йўналишига оид Орол денгизи, Устюрт платоси, Судочье кўли каби табиий объектлар мавжуд. Орол денгизи бўйида эса ўтовлар жойлаштирилган.

Этнотуризм бўйича балиқчилар уй-музейи, Орол денгизи тарихи музейи, ҳунармандлар хиёбони каби масканлар ташриф буюрган меҳмонларда Мўйноқ халқининг ўтмишдаги тарихи ва турмуш тарзи ҳақида катта таассуротлар уйғотади.

26 март куни “NavrUz” этнофестивали, апрель ойида Миллий от спорт фестивали, май ойида “СТИХИЯ” электрон мусиқа, санъат ва илм-фан фестивали, Устюрт текислиги бўйлаб “RALLY MUYNAK” экстремал автопойгаси, сентябрь ойида “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” халқаро Экофестивали, “Орол балиқларидан 99 турдаги таомлар” гастрономик фестиваллари ташкил этилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1