Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 15 мартдан 15 майга қадар “Соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ҳуқуқий акцияси ўтказилмоқда.
Вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, акция доирасида соҳа бўйича адлия органларига 490 та мурожаатлар келиб тушган бўлса, шундан, 252 таси (50%) қаноатлантирилди, 13 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди ҳамда 3 та мурожаат тегишлилигига кўра ваколатли органларга юборилди. Ҳозирда 222 та мурожаатлар кўриб чиқилмоқда.
Мурожаатларнинг асосий қисми Андижон (244 та), Самарқанд (108 та), Жиззах ва Бухоро (48тадан) вилоятларига тўғри келмоқда.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида соҳа ходимларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилди. Жумладан, Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими томонидан фуқаро Й.Маматованинг халқ таълим бўлими томонидан устама тўловлари тўланмаётганлигидан норозилиги тўғрисидаги мурожаати кўриб чиқилиб, ходимга тўланмаган 1 757 285 сўм устама тўловларини ундириш юзасидан 2022-йил 24-март куни Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Шунингдек, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаро Ў.Ўразалиевнинг Ховос туман Халқ таълими бўлими тасарруфидаги 20-сонли умумтаълим мактабида ёшлар етакчиси бўлиб ишлаганлиги, бироқ ушбу штат бирлиги қисқартирилганлиги сабабли икки ойлик компенсация пуллари тўлаб берилмаганлигидан норози бўлиб “Ишонч телефони” орқали йўллаган мурожаатини ўрганиб чиқиш натижаси қонун ҳужжатларининг бузилиши, сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармасига тақдимнома киритилган.
Мазкур тақдимнома ижроси бўйича фуқаро Ў.Ўразалиевга 4 298 872 сўм миқдоридаги икки ойлик компенсация пуллари тўлаб берилиши таъминланди ҳамда Ховос туман Халқ таълими бўлими мудирининг 2022-йил 18-мартдаги 60-К-сонли буйруғига асосан туман Халқ таълими бўлими марказлашган ҳисобхонаси ҳисобчисига нисбатан “Хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.
Акция доирасида ҳудудий адлия органлари томонидан соҳа ходимларининг манфаати юзасидан:
- 271 та тақдимнома;
- 49 та огоҳнома;
- 38 та маъмурий;
- 1 та жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан таклиф ҳамда судларга 195 та 880,7 млн. сўмлик даъво аризалари киритилди.
Кўрилган таъсир чоралари натижасида тақдимномаларга асосан 122 та ҳужжатлар ижроси тўхтатилди, 670,2 млн. сўм маблағлар (иш ҳақи, устама бошқа тўловлар) соҳа ходимларига ундириб берилди.
Хусусан, Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан ўтказилган мониторинг жараёнида Хоразм вилоят Кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб этилган 27 нафар тиббиёт ходимларига 78,9 млн. сўм пул маблағи тўланмаганлиги аниқланган. Мазкур ҳолатлар бўйича адлия бошқармаси томонидан Хоразм вилоят Кўп тармоқли тиббиёт марказига киритилган тақдимнома асосан 27 нафар тиббиёт ходимларига 78,9 млн. сўм пул маблағлари тўлаб берилган.
Қарши тумани туман адлия бўлими томонидан туман халқ таълими бўлими ва тизимдаги мактабларда фаолият юритаётган “Спорт тарғиботчиси” вазифаси юклатилган 68 нафар ходимларга уларнинг лавозим маошларига 20 фоизлик устамалари тўлаб берилмаётганлиги ҳолати юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига 68 та 304,9 млн. сўмлик даъво аризалари киритилди ҳамда даъво аризалари суд томонидан кўриб чиқилиб қаноатлантирилди.
Ҳозирда вазирлик томонидан олис ва чекка ҳудудларда жойлашган буджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли педагог ходимларнинг сони бўйича тегишли статистик маълумотларни ҳудудлар кесимида, шунингдек, ушбу тоифадаги ходимларга тўланиши лозим бўлган бир марталик бошланғич ёрдам пули, уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси, махсус устамаларнинг тўланиб бориши ҳолати ҳам ўрганилмоқда.






