1

Молиявий пирамида асосчиси чинозлик Аҳмадбой қўлга олинди

ЖАМИЯТ 16.06.2016, 22:07
Молиявий пирамида асосчиси чинозлик Аҳмадбой қўлга олинди

Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги “Чиноз ҳалол чорва” ва “Чиноз Авто Хамкор” корхоналари таъсисчиси ҳисобланган Аҳмаджон Турсунбоев икки баробар қилиб қайтариш ваъдаси билан жуда катта миқдордаги омонат маблағларни миллий ва хорижий валютада қабул қилиш билан ноқонуний равишда шуғулланиб келган. Бу ҳақда ЎзМТРКнинг “Тошкент”  телеканалида  бугун, 16 июнь соат 18:15 да ва 20:15 да эфирга узатилган тезкор тадбир тафсилотида маълум қилинди.

Аҳмаджон Турсунбоев, шунингдек, фоизлик устама тўлаш шарти билан аҳолига хорижий валютада қарз бериб келган. “Ҳозирги кунда Аҳмаджон Турсунбоевга пул берган ёки пул олган одамлар сони бир неча ўн мингга етган”, — дейилади кўрсатувда.

Аниқланишича, Аҳмаджон Турсунбоев аҳолидан автомашина ва қимматбаҳо буюмларни қонунга зид равишда қабул қилиб олган, бу муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч қандай расмийлаштирмай, “шунчаки ўзининг иш дафтарларига қайд этиш билан кифояланган”. Турсунбоевнинг қўлида ғазначи лавозимида ишлаган шахслардан бирининг маълум қилишича, ноқонуний фаолиятдан “кунлик пул айланмаси 3—4 миллиард сўмни, АҚШ долларида 1 миллион атрофидаги суммани ташкил этган”.

Шуниси эътиборлики, Турсунбоев одамлардан пул қабул қилаётганида ҳеч қандай кафолат бермаган. Боз устига, агар ўзига бирор кор-ҳол бўлса, яқин қариндошларига, фарзандларига ҳеч қандай даъво қилмаслик шартини қўйган. Хўш, у ҳолда Турсунбоев қандай қилиб одамларнинг ишончини қозонган? Аҳмаджон Турсунбоев аҳолининг пулларини бир йил муддатда икки баробар ошиғи билан қайтариш ваъдаси билан қизиқтирган ва фаолиятининг дастлабки пайтларида одамларнинг кучли ишончига кирган.

Аҳмаджон Турсунбоев одамлардан олган пулларининг бир қисмини хорижий давлатлардан турли товар-моддий бойликлар олиб келиб сотиш билан шуғулланувчи шахсларга маълум миқдордаги фойда эвазига қарзга бериб келган. У шундай ноқонуний фаолият билан тўрт-беш йиллардан бери шуғулланган.  

Ноқонуний равишда одамлардан олган пуллар эвазига Cadillac Escalade, BMW, Lexus каби қимматбаҳо автомашиналар сотиб олган, Чиноз тумани ҳудудидаги катта ер майдонида чорвачилик хўжалигини ташкил қилган, ўз турар жойларида жуда катта миқдордаги хорижий ва миллий валютадаги нақд пул маблағлари ва қимматбаҳо бойликларни тўплаган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг яқин қариндошларининг уй-жойлари ва уларга қарашли корхоналарда айтиб ўтилган тартибда ўзлаштирилган 13 миллиард 139 миллион сўм ва 7 миллион 900 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар борлиги аниқланди ва бу пуллар қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, далилий ашё сифатида олинди.

 Ушбу ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1