АсосийSalomatlik

Қандай чақалоқлар кам вазнли ҳисобланади ва улар қандай парваришланади?

'Қандай чақалоқлар кам вазнли ҳисобланади ва улар қандай парваришланади?'ning rasmi

Янги туғилган чақалоқ – ота-она қувончи. Аммо орзиқиб кутилган меҳмон нимжон ва кам вазн билан туғилса-чи? Албатта бундай пайтда гўдак учун мураккаб муолажалар, малакали шифокорлар парвариши, яқинлар эътибори лозим бўлади.

Тошкент шаҳар Перинатал марказининг неонатал хизмати бўйича директор ўринбосари Малика Усмонова кам вазнли болалар парваришида эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар хусусида сўзлади.

"Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти агар бола ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида туғилиб, унда нафас, юрак уриши, киндик пулсацияси ёки мушаклар ҳаракатидан бири кузатилса, оғирлиги 500 грамм, бўй узунлиги 25 сантиметр бўлса, тирик туғилган деб аташни тавсия қилади", — дейди М. Усмонова.

— Кам вазн билан туғилганлик учта даражага бўлинади.

Булар:

  • Кам вазнли – 2500-1500 грамм.
  • Ўрта кам вазнли – 1499-1000 грамм.
  • Жуда кам вазнли – 999-500 грамм.

Кичик вазнли боланинг кўриниши, тана аъзолари соғлом туғилган чақалоқникидан фарқ қиладими?

— Албатта. Гарчи, бундай гўдакларнинг тана аъзолари шаклланган бўлса-да, функционал жиҳатдан анча заиф ва ўз вазифасини тўлиқ бажаришга қодир бўлмайди.

Юқори нафас йўллари нозик бўлиб, кўкрак қафаси нафас олишда кам қатнашади. Нафас олиши тез ва нотекис, пульси суст, меъда-ичак ва нерв тизимлари функционал ривожланмаган, танаси эса ҳароратни бир меъёрда ушлаб тура олмайди.

Ташқи муҳитдаги катталар учун арзимас бўлган ўзгаришлар бундай чақалоқлар организмида жиддий шикастланишларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис уларни парваришлаш замонавий технологиялар билан бир қаторда шифокорлардан юксак малака, фидойилик, ота-оналардан эса сабр-тоқат талаб этади.

Бундай чақалоқлар қандай парваришланади?

— Ҳомиладорлик муддати қанча кам бўлса, боланинг вазни ҳам шунча оз бўлади. Демак, ривожланишнинг шу даврлари бачадон ичида табиий кечмасдан, чақалоқ чала туғилади. Бундай гўдакларнинг аъзолари шаклланган бўлса-да, функционал етилмаган ҳисобланади.

Шу сабабли, уларни парваришлашнинг асосий принциплари — тана ҳарорати назорати, нафас етишмовчилигини даволаш, овқатлантириш, инфекциядан ҳимоя ва албатта, меҳр билан она қорни шароитига яқин ҳолат яратишдан иборат. Табиийки, бу чора-тадбирлар жиддий муолажалар ҳисобланиб, замонавий технологиялар билан ишлашни талаб этади.

Чунки бундай чақалоқлар учун махсус реанимация ўринлари, иссиқ сақлайдиган инкубатор, иситгич столлари, нафас олиш учун ёрдам берадиган аппаратлар, замонавий неонатал жиҳозлар зарур. Шу билан бирга, тиббий ходимларнинг билим даражаси ҳам муҳим.

Бундай чақалоқларнинг парвариши зарур кўникмаларга эга мутахассислар томонидан олиб борилади. Дастлаб болалар жонлантириш бўлимида ҳолатига қараб ётқизилади. Кейин парвариш бўлимига ўтказилади.

Албатта бу жараёнларда ота-оналарнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Айниқса, оналар биринчи навбатда шахсий гигиена ва фарзандини парваришлашда санитария қоидаларига қатъий амал қилиши зарур. Агар боланинг тана ҳарорати 36,50Сдан тушиб кетса, “терига-тери” контактини ўтказиш, чақалоқ тагликлари қуруқлигига эътибор қаратиш, энг муҳими, унинг муаммоларига сабр-тоқатли бўлиши керак.

    Бошқа янгиликлар