АсосийDunyo

“Султонлар шаҳри” Бурсада ватандошимиз Амир Султоннинг  мақбараси бор

'“Султонлар шаҳри” Бурсада ватандошимиз Амир Султоннинг  мақбараси бор'ning rasmi

2012 йилдан бошлаб Халқаро туркий маданий ташкилоти ТУРКСОЙ томонидан ҳар йили аъзо давлатларнинг машҳур ва тарихий шаҳарларини «Туркий дунё маданияти пойтахти» деб эълон қилади. 2021 йилнинг сентябрь ойида Хива шаҳрида бўлиб ўтган TÜRKSOY доимий кенгашининг 38-мажлисида Туркиянинг Бурса шаҳри “Турк дунёси маданият пойтахти” сифатида маъқулланди. 

Яқинда Бурса шаҳрининг “Турк дунёси маданият пойтахти” тақдимоти бўлиб ўтди. Эрта тонгда Усмон Ғозий мақбараси ёнида бошланган тадбирда шаҳар жамоатчилиги, ТЮРКСОЙга аъзо давлатлар маданият вазирлари, Бурса шахар муниципалитет раиси ва бошқа расмийлар, ОАВ вакиллари, жумладан Ўзбекистон,Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжондан келган журналистлар иштирок этди.

 “Султонлар шаҳри” бўлмиш Бурсада кўплаб турк султонларининг қабри ва 23та музей бор.  Шулардан бириАмир Султон мақбараси ва масжиди.

Бурсага борган ҳар бир сайёҳ албатта Амир Султон мақбарасини зиёрат қилиши ва мақбара ёнидагимасжидни кўриши керак. Келиб чиқиши бухоролик бўлган Амир Султоннинг  ҳақиқий исми Шамсиддин Муҳаммад Али Ал-Ҳуссайн ал-Беруний. Унинг отаси Саййид Али Бухоронинг машҳур мутасаввифларидан бўлиб, саййид бўлгани учун унга “амир”  унвони берилган. Тахминларга кўра, Амир Султон 770 (1368-69) йилларда туғилган. Унинг болалик йиллари ҳақида маълумот йўқ бўлса-да, яхши таълим олган дейиш мумкин. У саййид бўлиб, насл-насаби Ҳазрат Ҳусайнга асосланган. Кўплаб китобларга кўра, насаби еттинчи авлодда ўн иккинчи имом Муҳаммад ал-Маҳдий ал-Мунтазарга етиб боради. Бироқ қариндош эканини айтган амир Ҳасан Нурий бошқача фикрни айтади. Унинг ёзишича, амир Султон еттинчи Имом Мусо ал-Козимнинг ўғли Иброҳимдан келиб чиққан. 

У Бухорода туғилгани учун Муҳаммад Бухорий, Саййид бўлгани учун “Амир Бухорий”, Йилдирим Боязидхоннинг куёви бўлганидан кейин “Амир Султон” деб аталган.

Шамсиддин  ўн етти-ўн саккиз ёшида отаси вафот этади, шундан сўнг кулолчилик билан шуғулланади.Кейинчалик Бухородан ҳажга йўл олади. Турли фанларда ўз сўзига эга бўлган Амир Султон дин амрларини адо этган камдан-кам одамлардан эди. Илм манбаи бўлган Бухорода улғайган амир Султон илм ўрганиш учун Макка ва Мадинага боради. Ҳажни адо этгандан кейин Мадинага жойлашиш ниятида эди. Бироқ у ерда кўрган туши билан фикридан қайтди ва Бурсага жойлашди. Унинг Бурсага Йилдирим Боязид даврида келгани маълум бўлса-да, аниқ санаси аниқ эмас.

Тарихчи Али Ниғболу Шамсиддин Муҳаммаднинг никоҳи ҳақида ёзар экан, Йилдирим Боязид бу вақтда Валахия юришида бўлганини айтишади. Демак у Бурсага 1394 йилдан олдин келган бўлиши керак. Бурсада қисқа вақт ичида шон-шуҳрат қозонган Шамсиддин Муҳаммед аста-секин шаҳарнинг энг ҳурматли шахсларидан бирига айланди.  У амир Султон ёки амир Сайид номи билан машҳур бўлиб, уламолар, шайхлар орасида ҳурматга сазовор бўла бошлади.  Ривоятлардан маълум бўлишича, шаҳардаги машҳур уламолар уни зоҳир илмлари соҳасида синовдан ўтказмоқчи бўлганлар. Аммо  бир муддат унинг руҳий қудрати олдида лол қолишган.

Амир Султоннинг султон Йилдирим Боязиднинг қизи Ҳунди Хотун билан никоҳи манбаларда турлича тасвирланган.У Бурса халқининг, айниқса Султон Йилдирим Боязиднинг меҳрини қозонди. Амир Султонни жуда яхши кўрган Султон Боязидхон ана шу муҳаббат белгиси сифатида қизини унга никоҳлаб берди. Бу никоҳдан болалар туғилди. Ўз даврининг энг олий қўриқчиси бўлган амир Султон “Мўжизалар султони” деб ҳам аталган. Ўз замонасидаги Усмонли султонлари уни ҳурмат қилар, сафарга чиққанларида ҳузурларига келиб, муборак дуосини олардилар. Амир Султон бутун умри давомида дин ва юрт учун урушларга даъват этди. У ўз шогирдларига бу нарсаларнинг муқаддаслиги ҳақида доимо айтиб берарди. 

Тарихий манбалардан маълум бўлишича, Амир Султон қанча уринмасин, Амир Темур ва Йилдирим Боязид ўртасидаги тўқнашувининг олдини ололмади. Икки мусулмон-турк қўшинининг ўзаро жанг қилишини истамаган амир Султон оқибати қандай бўлишини жуда яхши биларди. Анқара урушини бошлашга жуда оз фурсат қолар экан, хотини Ҳунди Хотуннинг илтимоси билан қайнотасининг олдига борди. У Султон Боязид билан учрашган бўлса-да, уни уруш борасидаги қароридан қайтара олмади. Амир Султон турк султони  Йилдирим Боязиднинг Темур юборган элчиларни ўлдиришига тўсқинлик қилди. Амир Султон огоҳлантирганидек, уруш Йилдирим Боязид мағлубияти билан тугади. Анқара урушидан сўнг Бурса Амир Темур томонидан эгалланганида Амир Султон бобомиз  Амир Темур ҳузурига олиб кетилди.

Султоннинг   куёви бўлишларига қарамай  Амир Султон ҳазратлари доимо қамиш тўшакда ўтирардилар.Амир Султоннинг аниқ вафот этган санаси маълум эмас. Манбалар унинг Бурсада 833 (милодий 1430) йили вабо эпидемиясида вафот этганини ёзиш билан кифояланади.Қабри Бурсадаги унинг номи билан аталган масжид ёнида жойлашган. Қабрини зиёрат қилганлар унинг муборак руҳидан илҳом оладилар. Усмонли султонлари Амир Султон вафотидан кейин ҳам унга ҳурмат кўрсатишни давом эттирганлар. Улар ҳар гал Бурсага келганларида, албатта Амир Султон қабрини зиёрат қилардилар.

Амир Султон ҳаётлигида Бурсадан узоқроқ жойларда яшовчи дарвешлар йилига бир марта келиб дуо олиб кетишарди. Бу ташрифлар унинг вафотидан кейин ҳам анъанага айланиб, асрлар мабойнида давом этган. Бурсаликлар неъмат деб билган бу анъана ХХ асргача давом этгани айтилади.  Аммо Рамазон ва Қурбон Ҳайити байрамларининг иккинчи кунларида Эшрефий шайх ва дарвешларининг Амир Султон қабрини зиёрат қилиш анъанаси ХХ асрда сақланиб қолинган.

Амир Султон қабри ёнида  14 асрда илк масжид қурилди. Аммо ёнғинлар, урушлар, ҳамда 1766, 1795 ва 1855 йилги зилзилалар туфайли илк масжид биноси вайрон бўлди. Айни дамда 1868 йилда бунёд этилган масжид сақланиб қолинган. Мақбарада Амир Султон, рафиқаси, икки қизи ва ўғли дафн қилинган. 

Шарофиддин Тўлаганов

    Бошқа янгиликлар