"Тошшаҳартрансхизмат" АЖ матбуот хизмати содир бўлган мазкур ҳодиса юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, воқеа 11 апрель куни соат 14:30 атрофида юз берган.
"2-Автобус саройи" филиали ҳайдовчиси Х.У "ISUZU" русумли, сарой рақами 235 бўлган автобусни 199-йўналишда Қибрай шаҳри Алишер Навоий кўчаси бўйлаб бошқариб бораётиб, "Makro" дўкони қаршисида "Lacetti" русумли енгил автомобил билан тўқнашув содир қилган.
Қайд этилишича, тўқнашув натижасида жароҳат олганлар йўқ.
Маълум бўлишича, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан расмийлаштирилган.
Шунингдек, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан хизмат суриштируви ўтказилганда, ҳайдовчи Х.У "2-Автобус саройи" филиали ҳайдовчиси А.Ф бошқарувидаги ИСУЗУ русумли сарой рақами 245-бўлган 198-сонли автобус йўналиши билан ўзаро пойга ўйнаганлиги аниқланган.
Йўловчилар ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчилари ҳаётини хавф остига қўйганликлари учун ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаганлиги натижасида йўл-транспорт ҳодисаси содир этганликлари учун ҳар икки ҳайдовчи билан филиал ўртасида тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди, дея маълум қилинади.
Автобусга етказилган зарар айбдор ҳайдовчи томонидан ўрнатилган тартибда ундирилиши айтилади.






