Тошкент вилоятининг Чиноз туманида жойлашган “Яллама” чегара божхона постига туташ ҳудудда янги замонавий божхона терминали ишга туширилди. Бугун бўлиб ўтган очилиш маросимида Даракчи мухбири ҳам иштирок этди.
Маълумот ўрнида:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5582-сон Фармонида “Яллама” постига туташ ҳудудда божхона терминалини қуриш белгиланган эди.
Республикамизнинг энг йирик божхона постига туташ ҳудуддаги мазкур “Euroasia Transportation Logistics” хорижий корхонаси томонидан қуриб фойдаланишга топширилган божхона терминалини айни шу топшириқнинг амалий ижроси бўлди.
Берилган маълумотларга қараганда 20 гектар майдонни эгаллаган “Яллама” божхона терминалида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан божхона, банк, логистика, тезкор лаборатория, фитосанитар, ветеринар, санитар-эпидемиологик, экологик, мувофиқликни баҳолаш каби барча хизматлар “Ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилади.
Шунингдек, бу ерда бир вақтнинг ўзида 500 та юк автомобилларини сиғдира олиш имкониятига эга ҳамда бепул WI-FI билан таъминланган автотураргоҳ, 5000 кв.м майдонда ёпиқ ҳамда 3836 кв.ммайдонда очиқ божхона омборлари, расмийлаштирув зали, давлат назорати органлари учун хизмат хоналари, савдо дўконлари ҳамда бошқа бино ва иншоотлар мавжуд.
Бундан ташқари, божхона терминали энг замонавий техник воситалар, жумладан автотарози, автомобиллар рақамини аниқлаш ва видеокузатув тизимлари, замонавий компютер техникалари ва бошқа қурилмалар билан жиҳозланган.
Шунингдек божхона терминали ҳудудида 10 та штат бирлигидан иборат божхона пункти ташкил этилган. Энди шундоққина чегара божхона постидан товарларини олиб кирган ёки олиб чиқиш истагидаги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари шу ернинг ўзида сутканинг исталган вақтида ташқи савдо юкларининг божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга оширишлари мумкин.