Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги “Соҳил” болалар оромгоҳида акция доирасида сайёр тиббий қабуллар бошланди. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар берди.
Унда вазирлик марказий аппарати жамоаси, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ва шифокорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари ҳамда маҳаллий мутахассислар, жами 200 нафардан иборат махсус гуруҳ аҳолини қабул қилишга киришди.
Сурхондарё —Ўзбекистоннинг жанубий дарвозаси, мамлакатимизнинг энг олис ҳудудларидан бири. Бугун вилоятдаги 14 та туман ва 1 та шаҳарда 2,5 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда 721 та маҳалла ва 161 та бирламчи тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда.
Сўнгги йилларда ҳудудда соғлиқни сақлаш тизимини аҳолига янада яқинлаштириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва қамровини ошириш борасида сезиларли ютуқларга эришилди. Бироқ соҳада ҳали ечимини кутаётган масалалар йўқ эмас, дейилади Матбуот хизмати хабарида. Вилоятда бўлиб ўтаётган соғломлаштириш акцияси ана шу муаммо ва камчиликларни самарали бартараф этиш мақсадида ташкил этилган.
Таъкидланишича, акция икки босқичда ўтказиляпти. Биринчи босқичда пойтахтдан келган мутахассислар гуруҳлар кесимида вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманига тақсимланиб, жойларда “хонадонбай” тамойили асосида аҳоли саломатлиги, уларни қийнаётган тиббиётга доир муаммоларни ўрганмоқда.
Қайси ҳудудда қандай касалликлар кўп тарқалган бўлса, шунга кўра, жойларга айнан шу йўналишдаги ихтисослаштирилган марказлар шифокорлари бириктириляпти.
Иккинчи босқичда вазирликнинг махсус гуруҳи томонидан ҳудудлардаги ўрганиш натижалари якунларига кўра Термиз шаҳри ва вилоятнинг қатор туманларида сайёр тиббий қабуллар ўтказиш режалаштирилган. Бугунги тадбир бу борадаги дастлабки қадамдир.
Оғир касалликка чалинган, юқори технологик жарроҳлик амалиётига муҳтож сурхондарёлик беморларда давлат ҳисобидан операциялар бошлаб юборилган. Бу амалиётлар пойтахтлик тажрибали шифокорлар бошчилигида муваффақиятли бажариляпти.






