1

Маҳаллий электротехника маҳсулотлари янада кўпроқ бўлади

ЖАМИЯТ 22.06.2016, 16:00
Маҳаллий электротехника маҳсулотлари янада кўпроқ бўлади

«Ўзэлтехсаноат» электротехника саноати компанияси таркибига кирувчи корхоналар 2016 йилнинг биринчи чорагида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 20 фоиз — 227,3 млрд сўмга ва халқ истеъмоли товарларини 3 фоиз — 73,5 млрд сўмга оширди. Бу ҳақда “Газета.uz” хабар бермоқда

«Ўзэлтехсаноат» ахборот хизматининг хабар қилишича, электр чангюткичлар ишлаб чиқариш 2,6 баробарга, кир ювиш машиналари 67,1 фоизга ошди. Тайёрланган барча маҳсулотларнинг 33,7 фоизи экспортга йўналтирилди.

«Ўзэлтехсаноат» тизимида фаолият юритаётган 50 га яқин корхоналар кабель, электротехника, маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланмоқда. 27 та корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар МДҲ ва бошқа хорижий мамлакатларга экспорт қилинмоқда. 

2015 йилда 1,3 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилди, 167,7 млн доллар (+72%)лик маҳсулотлар эса экспортга йўналтирилди.

«Ўзэлтехсаноат» корхоналари ишлаб чиқарган барча маҳсулотларнинг 28,9 фоизи маиший техника ҳиссасига тўғри келади. Сўнгги беш йил давомида аввал импорт қилинган 25 турдаги маиший техника маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Жорий йил бошидан буён ички маиший техника бозорининг 40-45 фоизи маҳаллий маҳсулотлар билан қопланди. Ўтган йили маиший техника ишлаб чиқариш ҳажми 334,8 млрд сўмни ташкил этди.

«Ўзэлтехсаноат» корхоналарининг қарийб 77 фоизи кичик бизнес вакилларидир. 2015 йилда улар томонидан 618,05 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлиб, компаниядаги улуш 48,7 фоизни ташкил этади. Кичик бизнес корхоналарида компания тизимидаги барча ишчиларнинг 24,4 фоизи меҳнат қилмоқда.

Электротехника соҳасини ривожлантириш дастурига мувофиқ, 2030 йилга қадар 1 млрд долларга яқин миқдордаги инвестициялар ўзлаштирилади ва 22 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Корхоналарни модернизация қилиш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажми 5,1 баробарга ортади.

Жорий йилда компания ички маиший техника бозорини: кондиционерлар -37,2 фоизгача (ишлаб чиқаришнинг ўсиши 8,6 фоизни ташкил этди), газ ва электроплиталар -56 фоизгача (+6,7%), телевизорлар — 60,1 фоиз (+6,5%), музлаткичлар — 32,5 фоизгача (+4,6%), кир ювиш машиналари — 65 фоизгача (+3,1%) тўйинтиришни мўлжаллаган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1