Президент қарорига асосан, 2022 йил 1 ноябрга қадар давлат томонидан аҳолига кўрсатиладиган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари ҳажми тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш имконини берувчи мобил илова ишга туширилади.
2022 йил якунига қадар Андижон, Бухоро ва Хоразм тиббиёт олий таълим муассасалари клиникаларининг нейрохирургия бўлимлари негизида юридик мақомга эга бўлмаган ҳудудлараро нейрохирургик марказлар ташкил қилинади.
Ўз маҳалласида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилган, шахсий намуна кўрсатган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллари учун “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони таъсис этилади.
Бундан ташқари, 2022 йил 1 июндан бошлаб қон билан бевосита ишлаётган давлат тиббиёт муассасалари ходимларини гепатит “В” касаллигига қарши бепул эмлаш амалиёти жорий этилади.
Шунингдек, ҳар йили 1 000 нафаргача имтиёзга эга бўлмаган, узоқ йиллар давомида давлат тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган бемор тиббиёт ходимларида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан юқори технологик операциялар ўтказилади.






