Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ўзининг қисқа, аммо мазмунли умри ва ижодий фаолияти давомида бой адабий мерос қолдирди. Ўзбекистон халқ шоири деган шарафли унвонга 44 ёшида сазовор бўлган ижодкорнинг китоблари бугунги кунда қайта-қайта нашр этилмоқда. 26 апрель санасида Андижоннинг Марҳаматида туғилган шоирни биргаликда хотирлаймиз.
“Эҳ, осмонларга учиб кетгинг келади…”
Иброҳим Ғафуров, Ёзувчи, таржимон, танқидчи:
— 1991 йилнинг кўкламида Қарши воҳасидаги Некўзнинг адирларида шеърият байрами бўлиб ўтганди. Ўшанда аллома шоир Абдулла Ориповнинг эллигинчи баҳори халқ тантанасига айланганди. Биз Муҳаммад Юсуф билан давралардан узоқроқ чиқиб айланган, кўксимизни тўлдирган қўҳна тупроқ сарин ҳавосидан яйраб, шукуҳга тўлган эдик. Муҳаммад Юсуф менга ўзини укадек тутарди.
Шоир бир адирдан иккинчисига кўтарилиб бораётганимизда камоли тўлиқиб кетибми, елкасига ташлаб олган костюмини бир четга улоқтириб, ўзини таппа майсалар устига отди. Бирзум юзини ўтлоққа босиб қимир этмай ётди, сўнг чуқур хўрсиниб ўтлар узра уч-тўрт юмалади ва оҳ тортди: “Эҳ, осмонларга учиб кетгинг келади, Иброҳим ака! Учиб-учиб баландлаб кўринмай кетгинг келади... Сизда ҳам шундай бўладими?” дея сўзлаб қолди.
Шу йили кузда буюк Истиқлол юз кўрсатди.Улуғ тарихий, ижтимоий ҳодисалар ўз одамларини – ўз шоирлари, ўз сиёсатчилари, ижодкор фидокорларини яратади. Муҳаммад Юсуф худди истиқлол учун яратилгандек эди. У беҳад яйраб ёзди, яйраб куйлади, халқ ичида тинимсиз яйраб юрди. Зўр қадр-қиммат топди, Истиқлол шоири бўлиб майдонга чиқди. У худди Махтумқулига ўхшарди. Шеър юрагидан қуйилиб келарди.
“Стадион қарсаклардан ларзага келган...”
Иқбол Мирзо, Ўзбекистон халқ шоири:
— Муҳаммад ака ўз шеърларига ўхшарди, содда ва самимий... Ёшликдан жуда шеърсевар эдик. Яхши шеърлар ўз- ўзидан ёд бўлиб қоларди. Бир-биримизга айтиб чарчамасдик, мусобақалашардик ҳам.Севимли шоирининг шеърларини альбом қиладиганлар ҳам кўп эди. Муҳаммад Юсуфнинг “Ёшлик” журналида чиққан катта сурати ётоқхонада деярли ҳамма хонада осиғлиқ турарди. 1988 йил ёз бошида Фарғонадаги Марказий стадионда катта концерт ташкил этилганди.Ўтиргани жой йўқ, тумонат одам.Сабаби, Таваккал Қодиров, Охунжон Мадалиев, Анвар Обиджон, Муҳаммад Юсуфнинг чиқиши кутилаётганди-да...Анвар аканинг олтиариқча ҳазилга йўғрилган шеърлари томошабинларни бир қийқиратиб олди. Устоздан сўнг навбат Муҳаммад Юсуфга берилди.Стадион сув қуйгандай жим.Халқ ўз дардкаш шоиридан кутилмаган бир шеър кутаяпти.Шоир бироз бўғиқ овозда “Дўппи” шеърини ўқий бошлади. Минглаб мухлис нафас ютиб тинглаяпти. Ниҳоят шеър якунида фикр портлади: “Бошга лойиқ дўппи йўқми, ё Бош қолмади дўппига лойиқ!”.Стадион қарсаклардан ларзага келганди ўшанда...
“Доим камтарин инсонлигича қолди”
Ойдин Хожиева, Ўзбекистон халқ шоири:
— Муҳаммад Юсуф иккинчи – “Булбулга бир гапим бор...” китоби биланоқ мухлисларининг муҳаббатига сазовор бўлган шоир эди. Унинг истиқлолнинг дастлабки йилларида янграган “Халқ бўл элим”, “Улуғимсан, Ватаним” шеърларига басталанган қўшиқлар муҳташам байрамларнинг файзи бўлди. Шоирнинг самимияти, тоза кўнглининг ойнаси эди у шеърлар. Муҳаммаджон Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати бўлганда ҳам ўша-ўша оташин сўзли шоир ва камтарин инсонлигича қолди. Уюшмамизга раис ўринбосари бўлиб келгач ҳам, меҳрибон укамизлигича ҳурматимизни жойига қўйди.
Дилбар шоирамизНазирахон ёри йўлдоши ёдини азиз тутиб, шоир номидаги жамғарманинг ишларини йўлга қўйди.Адабиёт боғимизга шоирнинг қизи Мадинахоннинг шеърлари кириб келмоқда. Халқимиз уни бир лаҳза ҳам унутгани йўқ. У бинафшадай, кўкламдай баҳорий шеърлари билан ҳамон сафда келмоқда. Унинг қўшиқларини саҳналар, катта майдонлар ҳамон соғинади, армон қилади.
“Тушларида Муҳаммад ака қизлардан хабар олинг деган экан”
Назира ас- Салом, Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси:
—Муҳаммад ака вафотидан сўнг шоир кирган эшикдан кириш, у юрган йўллардан юриш, у яшаган уйда яшаш менга жуда оғир бўлдики, хотиралардан қочиб, фарзандларим билан ота-онамникига кетдим. Янги йилни ҳам шу ерда кутиб олишимизга тўғри келди. Аммо Янги йил кечасида ҳам ҳеч биримизнинг кайфиятимиз бўлмади. Қизларим дадасини соғинаётганини ҳис қилиб турардим. Чунки улар ҳар байрамда дадасининг эътиборига ўрганиб қолишган эмасми, Янги йил кириб келишини кутмасдан ҳам хоналарига кириб кетишди. Эрталаб кенжа қизим Мадина хурсанд бўлиб ёнимга келди(дадаси вафотидан бери уни хурсанд ҳолда кўрмаганман). Тинчликми, деган саволимга “Мен эрталабгача дадам билан гаплашиб чиқдим. Улар бизни қидириб бу ёққа келибдилар”дея жавоб қайтарди.Амин бўлдимки, Муҳаммад ака ҳар доим биз билан бирга.
Ҳали у қўшним, ҳали бу қўшним тушларига Муҳаммад ака кириб, қизларини суриштирганини айтишар, биздан тинимсиз хабар олишарди. Кунларнинг бирида машҳур санъаткор уйимизга келиб Қуръон тиловат қилди-да, тушида Муҳаммад ака қизларидан хабар олишини тайинлаганини айтиб, бизни ҳайратлантирди. Буларнинг бари менга, фарзандларимга юпанч бўлди.
Яна бир хосиятли туш кўрдим ва унинг ўнгидан келиши бизга кўп яхши хабарлар олиб келди. Призидентимизнинг фармони билан Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини кенг нишонлаш ҳақидаги қарор эълон қилинди. Қарорнинг бир бандидаги шоир яшаган Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Пушкин-салор кўчаси, 1-уйда ёдгорлик лавҳаси ўрнатилишини ўқиб хурсанд бўлдик. Шоирга бўлган бу эътироф нафақат биз оила аъзолари, балки унинг юртимиздаги кўп сонли мухлисларини ҳам қувонтирди.
“Мен дардимни энди айтаман...”
Муслимбек Йўлдошев, олий тоифали сухандон:
— Муҳаммад ака билан илк учрашганимизда 20 ёшда эдим. Йиллардавомида ижодий йўлларимиз туташиб, ўртамизда яқинлик пайдо бўлганди. Муҳаммад Юсуф вафот этгани ҳақидаги хабарни “Ахборот” дастурида ўқиш учун қўлимга тутқазилган кункечагидай эсимда.Уни ўқидиму юрагимга қаттиқ оғриқ турди. Матнни икки-уч марта қайтариб олганимга қарамай уни эфирда базўр ўқидим. Кейин столга ётиб олдим. Ҳаммаси бир бўлди, акаларимдан жудолик ғами, маросимлар, чарчоқ ва яна бир яқин инсонимнинг вафоти... Қўлтиғимдан суяб хонамга олиб чиқиб қўйишди. “Тез ёрдам” чақиришларига розилик бермадим. Навбатчи мени пастга, машинагача кузатиб қўйди. Йўлда шифохонанинг “Қабул бўлими”га учрашга аҳд қилдим. Кардиограммамни охиригача ўқиб-ўқимай, бир нечта укол қилиб ташлашди. Кейин иккита санитар йигит келиб замбилга ётқазишди-да, реанимация бўлимига олиб кетишди.
Кўзимни очганимда 3 август эди! Шифокорлар инфарктни бошдан ўтказганимни айтишди.Муҳаммад ака вафот этган кун ҳаётимдаги шу нохуш воқеа билан бирга ёдимда қолди.
Бир неча ойдан сўнг Марҳаматга борганимда Муҳаммаджон аканинг оналари, жигарлари билан кўнгил сўрашдим, ҳамроҳлар билан кенг, яйдоқ қабристонга кириб фотиҳа ўқидик.Халқимнинг севимли шоирини Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Туҳфа Назарова.
"Даракчи" газетаси, 2022 йил 21 апрель, 16-сон






