Тошкент шаҳри сейсмик жиҳатдан фаол зонада жойлашган. 1866—68 йиллар ва 1966 йилдаги зилзилалар кучли зилзилалар сирасига киради. 1866 йил 26 апрелдан 27 апрелга ўтар кечаси содир бўлган зилзиладан роппа роса 100 йил ўтиб, 1966 йилнинг 26 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 5:23 да Ўзбекистон пойтахтида даҳшатли зилзила содир бўлган.
Рихтер шкаласида 5.2 бални ташкил этган зилзила марказидаги сейсмик таъсир 12 баллик сейсмик интенсивлик бўйича 8 балдан ҳам ошиб кетган.
Расмий маълумотларга кўра, табиий офат 240 яқин маъмурий биноларни, 1000 яқин жамоат обеткларини, 26 корхона, 181 ўқув юрти ва 245 саноат биноларини вайрон қилган.
Ер қимирлаши 300 мингдан ортиқ кишини бошпанасиз қолдирган, саккиз киши ҳалок бўлган ва 150 одам жароҳат олган.
Зилзиладан зарар кўрган Тошкентга қўшни республикалардан ғамхўрлик кўрсатдилар. Бошпанасиз қолганларни жойлаштириш, саноат ва савдо корхоналари ишини қайта ташкил этиш ва бошқа тадбирлар белгиланди. Зилзила оқибатида вайрон бўлган уй-жойлар ўрнида зилзилабардош янги бинолар қад кўтарди. Қисқа вақт ичида шаҳар қиёфаси ўзгарди. Тошкент гўзал, замонавий шаҳарга айланди. Тошкент зилзиласини синчиклаб ўрганиш натижасида бу жойларда бир қанча сейсмоген зоналар аниқланган ва уларнинг харитаси тузилган. Тошкент зилзиласи Ўрта Осиёда сейсмология фанининг ривожланишига сабаб бўлди. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда сейсмология илмий тадқиқот интлари очилди. Ўзбекистон ФA қошидаги Сейсмология институтў ходимлари зилзилани олдиндан айтиб бериш, унинг сабаб ва оқибатларини ўрганиш бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб бормоқдалар.






