Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод туманида одамларнинг уйини сел босгани ҳақида хабар тарқалди. Вилоят ФВБнинг ҳолат юзасидан билдирган муносабатига кўра, ҳодиса кеча, 19 май куни соат тахминан 14:30-15:00 лар атрофида Деҳқонобод тумани марказидан 45-50 км узоқликдаги тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёғингарчилик боис юз берган.
Ёғингарчилик оқибатида ҳосил бўлган ёмғир сувлари, "Оқрабод" МФЙ Наймансой қишлоғи адирликлари ёнбағрида жойлашган айрим хонадонларнинг томорқалари ва ховлиларидан оқиб ўтиб "Катта пай" ўрмон хўжалиги далаларига бориб қуйилган.
"Ушбу ҳолат бўйича туман ФВБ ва маҳалла фаоллари биргаликда аҳоли яшаш хонадонларига боришиб, ёмғир сувлари уйларнинг хоналарига тошиши (кириши) ҳолатлари кузатилмаганлиги ҳамда ҳеч кимга зиён етмаганлиги аниқланди",-дейилади хабарда.






