1

"Иложсиз қолсангизгина давлат хизматида ишланг!" Депутат, вазир ва сенаторлар мактаб битирувчиларига табрик йўллади

ЖАМИЯТ 25.05.2022, 14:04
"Иложсиз қолсангизгина давлат хизматида ишланг!" Депутат, вазир ва сенаторлар мактаб битирувчиларига табрик йўллади

25-май... Сўнгги қўнғироқ. Барча мактаб битирувчиларининг қалбида ҳаяжон ва бироз ҳадик. Қадрдон синфдошлар ва меҳрибон устозлар бағридан бироз узилиб, катта ва мустақил ҳаёт остонасига қадам қўяётган битирувчиларимизга бугун Олий мажлис сенати жамоасидан тортиб, вазир-у депутатларимизгача ўз табрикларини йўллашди. "darakchi.uz" жамоаси ҳам республикамиздаги барча битирувчиларни мустақил ҳаётга қўяётган илк қадамлари билан самимий қутлайди. Сизларни буюк келажак ва орзуларингиз рўёби кутаётганлигига ишонамиз. Ҳар бирингизга омад ва зафарлар ёр бўлсин!

Сизларни беғубор ўқувчилик даврингизни ортда қолдириб, шу йиллар давомида қадрдон бўлиб қолган мактабингиз, ота-онадек ғамхўр устоз-у мураббийларингиз билан хайрлашиб, эзгу орзу-ниятлар билан ҳаётингиздаги яна бир масъулиятли босқичга қадам қўяётганингиз билан самимий табриклаймиз.

Ишонамизки, сизлар ўқиб-ўрганишда давом этиб, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, келажакда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган фидойи ва ватанпарвар инсонлар бўлиб етишасизлар.

Барча орзу-ниятларингиз амалга ошсин, мустақил ҳаёт сари қўйган қадамингиз қутлуғ бўлсин!

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлис Сенати жамоаси

2022-йилда 390 минг нафар ёшлар мактабни битирмоқда. Битирувчи йигит-қизларимизга бир қанча тавсияларимизни бериб ўтсам:

1. Хорижий тилларни ўрганинг. Шиддат билан ривожланаётган ҳозирги даврда, технологиялар асрида бу жуда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, инглиз тилини ўрганиб, ИЕЛТС сертификатини олиш орқали ёшларимиз кўплаб ютуқларга эришишлари мумкин.

2. ИТ соҳаси ва замонавий касбларни ўрганинг.

3. Ўз устингизда доим ишлашдан, ҳаракат қилишдан ва китоб ўқишдан ҳеч қачон тўхтаманг! Қайси соҳа бўлмасин, унинг ўз илми ва китоби бор. Қурувчи, дастурчи, шифокор, математик, иқтисодчи, ҳуқуқшунос, педагог, қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассис, умуман, қайси соҳани танласангиз ҳам, шу соҳанинг энг зўр мутахассиси бўлинг.

Бир қоидани доим ёдингизда тутиб, шунга амал қилинг: “Тўхтамай яша, тўхтаган кунинг ҳамма нарсангдан маҳрум бўласан ва эришишинг мумкин бўлганларидан ҳам қуруқ қоласан!”

Алишер Саъдуллаев, Сенатор, Ёшлар ишлари агентлиги директори

Азиз битирувчилар, ҳурматли ота-оналар!

Мана 2021-2022 ўқув йили ҳам кўз очиб юмгунча ўз ниҳоясига етмоқда. Бугун жаранг сочадиган "Сўнгги қўнғироқ" садолари барчамизни ортда қолаётган бир йилга боқиб, уни сарҳисоб қилишга ундайди. Якунига етаётган ўқув йили сўнгида яна бир бора Ўзбекистон ёшлари келажагига барчамиз бирдек масъулмиз, дегим келди. Шу боисдан ҳам бу нав-ниҳолларга оилада ота-оналари, таълим муассасаларида устозлари эътиборли бўлиши ўта муҳим аҳамият касб этади.

Азиз битирувчилар! Сизлар мактабдан кетиб, катта ҳаётга қадам қўйяпсиз аминманки, олдингизга тўғри ва аниқ мақсадларни қўйиб олгансиз ва мустақил ҳаётда мактабда олган билимларингиз билан, албатта, устозларингизнинг юзини ёруғ қилиб, муваффақиятларга эришасиз. Сизларга катта ҳаёт йўлида барча устозларингиз ва ўзим номимдан омад ва зафарлар тилаб қоламан! Ҳар бирингизга Ватанимиз равнақини юксакларга кўтарадиган фарзанд бўлишингизни тилайман!

Бахтиёр Саидов, Халқ таълими вазири

Мактаб битирувчиларига айтмоқчи бўлганим: имкон даражасида умрингизни, тирикчиликни давлат хизматчиси сифатида ўтказишга олиб келадиган касб танлашдан йироқ бўлишга интилинг, иложсиз қолсангизгина давлат хизматида ишланг.  

Эркингизни, ички потенциалингизни рўёбга чиқаришга олиб келадиган ҳаёт йўлини танлашга куч топа олинг, бу йўлда ўзингизни чиниқтиринг.

Расул Кушербаев,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Бугун ҳаёт хатарлари кучайиб бормоқда. Бир болага меҳр билан билим бериб, камолга етказиб, элга қўшиб, қадди бўйини кўтарганимизда вақт ўғрилари бўлган – ахборот хуружи, дангасалик, лоқайдлик, ватанпарварлик ҳиссининг йўқлиги, беқарорлик, вақтичоғлик, тушкунлик каби тузоқлар фарзандларимиз атрофида айланмоқда. Агар вақтида бу ҳатарларни олдини олмасак у ўз домига бутун меҳнатимизни тортиб кетади, келажакни ютиб юборади. Ёшларни яхшилар орасига, нияти, мақсади бир бўлган жамоа ичига олиб киришимиз лозим. Шундагина у ҳақиқий битирувчи сифатида тақдирини тўғри ҳал қилишни бошлаганини ўрганади.

Абдуқодир Тошқулов, Олий таълим вазири

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал давлатимиз раҳбари барча мактаб битирувчиларига табрик йўллаган эди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1