Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги "Миллий тикланиш" демократик партияси фракцияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармаларининг 2021 йилдаги ва 2022 йил биринчи чоракдаги ижроси кўриб чиқилди.
Хусусан, 2021 йилда Мактабгача таълим тизимига давлат бюджетидан 8,0 трлн. сўм маблағ ажратилган бўлиб, уни тўлиқ ўзлаштирилишига эришилган. Қамров даражаси 67,2 фоизини ташкил қилди. Умумий таълимга 27,2 трлн. сўм маблағ ажратилган бўлса, бунда Олий таълимга ажратилган маблағ 2 490,1 млрд. сўмга етди.
Фракция раҳбари Алишер Қодиров мактабгача таълим учун йилдан-йилга кўп маблағ ажратилаётган бўлса-да, натижа кутилганидек бўлмаётганига эътироз билдирди.
— Ўрганишларимиздан маълум бўлдики, давлат хусусий шерикчилик асосида ташкил қилинган айрим боғчалар хўжакўрсин учун ташкил қилинган. Ҳатто баъзилари қоғозда бор-у амалда йўқ. Лекин қоғоздаги боғчалар учун ҳам катта маблағ ажратиляпти, — деди фракция раҳбари.
Вазирлик вакили бунга жавоб қайтариб, тизимда муаммолар кўплигини, яъни давлат хусусий шерикчилик асосида ташкил қилинган боғчаларда ҳужжатлар сохталаштирилаётгани, ортиқча харажатлар қилинаётганини тан олиб, бундай ҳаракатларга қарши чоралар кўрилаётганини маълум қилди.
Ёшларнинг олий таълимга қамровини янада кенгайтириш, соғлом рақобатни кучайтириш мақсадида 2021 йилда 9 та янги давлат олий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди ва 113 тага етказилди. Мазкур тадбирларни молиялаштириш учун 18,3 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.
Қайд этилганидек, 2022 йил биринчи чорак учун тайёрланган ҳисоботда Ўзбекистон иқтисодиёти 5,8 фоизга ўсгани қайд этилган бўлиб, аҳолининг умумий даромади 114,2 трлн. сўмга етган. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 115,9 фоизни ташкил қилган.
Шунингдек, ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 10 375,0 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.
Хусусан, Мактабгача таълимга бюджетдан 2 274,5 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлиб, унинг 2 091,4 млрд. сўми ўзлаштирилди. Қамров эса 72,4 фоизни ташкил қилди.
Умумий таълим йўналишига 7,2 трлн. сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, бу жами таълим харажатининг 69,6 фоизини ташкил этди. Соғлиқни сақлашга эса бюджетдан йўналтирилган маблағлар миқдори 5 821,8 млрд. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38 фоизга кўп бўлди.
Депутатлар бюджетдан ажратилаётган халқ пулининг ҳар бир сўмидан мақсадли ва унумли фойдаланиш лозимлигини таъкидлаб, давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар ижросидан қониқиш ҳосил қилганини маълум қилди.






