1

"Менга болаларнинг ўзи қўнғироқ қилади..."

ЖАМИЯТ 01.06.2022, 13:00
"Менга болаларнинг ўзи қўнғироқ қилади..."

1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Ушбу кун 1925 йил Женевада болалар фаровонлигига бағишланган Бутунжаҳон конференциясида таъсис этилган бўлса, орадан 25 йил ўтиб, 1950 йилдан бошлаб байрам сифатида нишонлаб келинади.Хўш, болаларнинг қандай ҳуқуқлари бор? Ўзбекистонда уларнинг барча ҳуқуқлари тўлиқ таъминланяптими? Тизимда олиб борилаётган ишлар жаҳон талабларига жавоб берадими? Бугун шу каби саволлар атрофида Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил — Омбудсман вакили Алия Юнусова билан суҳбатлашдик...

  • Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари қонунлаштирилганми?
  • Албатта. Ўзбекистонда бу масала, яъни болаларнинг ҳуқуқлари масаласи анчайин долзарб ва бунга ҳар доим юқори даражада аҳамият бериб келинган. Биргина мисол, Ўзбекистон мустақил бўлгач, 1991 йилда биринчи Халқаро шартнома “Бола ҳуқуқлари бўйича конвенция” бўлиб, ратификация қилинган. Бу қонунда бола ҳуқуқлари, эркинликлари тўлиқ кўрсатилган.
  • Қонунга кўра, болани мажбуран бир жойдан иккинчи жойга ёки давлатга кўчириш мумкин эмас. Аммо қонунга ҳамма-ҳам бўйсунавермайди. Тажрибангизда қонуннинг айнан шу банди бузилган, яъни бола ҳуқуқлари чекланиб, мажбуран кўчирилган ҳолатлар учраганми?
  • Бизда бунақа ҳолат бўлган. Меҳрибонлик уйларида яшаётган бир болани Россия Федерациясидан бир аёл келиб, бу бола менинг фарзандим, деб ариза берган. Текширилганда у болага Ўзбекистон фуқаролиги берилган, аслида, бола Суриядан олиб келинган бўлиб чиққан. Ҳолатни ўрганганимизда бола чинданам, Россияда туғилган. Унинг отаси Россия Федерациясидан Сурияга олиб кетган бўлиб чиққан. Сурияда ота вафот этган ва бу бола бошқа болалар билан биргаликда Ўзбекистонга қайтарилган. Уларнинг ҳеч бирида шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган. Боланинг отаси Ўзбекистон фуқароси бўлганлиги ҳисобига унга ҳам Ўзбекистон фуқароси сифатида туғилганлик гувоҳномаси берилган. Масаланинг чигаллигини кўряпсизми? Шу даражада чигаллиги майли, биз-ку бунинг охирига етганмиз, бу ерда аҳамият қаратишимиз керак бўлгани бола бир жойдан иккинчи бир жойга,  давлатдан давлатга мажбуран кўчириб юрилган. Ва табиийки, бу ҳолат бола ҳуқуқларининг бузилишига олиб келган. Боланинг ҳеч нарсадан бехабар онаси эса тегишли давлат идораларига, органларига мурожаат қилиб, анча оворагарчиликлардан сўнг, қийналиб бўлса ҳам, ўз боласини топди. Энг ачинарлиси, бола онасидан беркитилган тарзда ота томонидан мажбуран бошқа давлатга олиб кетилаётганда жуда кичкина бўлган. Она орадан 7 йил ўтгач фарзандини топяпти. Аммо бола онани ҳатто эслолмайди ҳам. Шундай бўлса-да, онаси чекинмади, болани ўз ҳолига қўйиб, унга бироз вақт берди. Меҳрибонлик уйига келиб-кетиб юрди. Секин-секин бола билан яқинлашгач, уни ўз хоҳишига кўра, Россияга олиб кетди. Мана бир мурожаат тарихи...
  • Бола ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистоннинг жаҳонда тутган ўрни қанақа? Бу тизимда олиб борилаётган ишлар халқаро талабларга жавоб бера оладими?
  • Шу йилнинг сентябрь ойида БМТнинг Бола ҳуқуқлари куммитида Ўзбекистон Республикаси 5-маърузасини ўқиб эшиттиради. Бизнинг бугунгача қилган ишларимизнинг барчаси ушбу маърузада ўқиб эшиттирилади ва бутун жаҳонга ижобий томонлари намуна сифатида татбиқ этилади. Бу маърузаларни эшитгач, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича куммити бизга қўшимча тавсиялар беради. БМТ минбарида бола ҳуқуқлари бўйича бемалол маърузалар қилишимиз, ишларимизнинг маълум бир қисми дунёга татбиқ этилиши бу Ўзбекистоннинг айни шу масалада жаҳонда тутган ўрни қониқарли эканлигидан далолат беради деб ўйлайман.
  • Ўзбек оилаларида болаларга нисбатан қандай зўравонлик ёки тазйиқлар кўп учрамоқда?
  • Сўнгги пайтларда қулоққа кўп чалинаётгани, ён-атрофимизда, қўни-қўшнида, таниш-билишлар орасида болаларга нисбатан зўравонлик кўпайиб кетаётганини кўп кўряпмиз. Эшитяпмиз. Ўзи зўравонлик нима дегани? Бу албатта, болани уриш, калтаклаш эмас, балки уларга психологиктазйиқ ўтказиш, уни бирор ишда айблаш, оддий уй ишларини қилмаганлигини, ёмон баҳо олганлигини, кимгадир нотўғри сўз айтганлигини унга босим остида тушунтириш ҳам болага нисбатан зўравонлик ҳисобланади. Ачинарлиси, болалар кўп ҳолларда зўравонликка учраётганлигини ҳеч кимга айтмайди. Ва юқорида санаб ўтган омилларим асосида вояга етган бола руҳий синиқ ҳолатга келиб қолган, агрессив кайфиятда вояга етади. Бу аввало, ота-онанинг хатоси, деб ўйлайман. Энг ёмони, бола ўзига нисбатан бўлган бундай ишончсиз ва совуқ муносабатни унутмайди. Шунинг учун ҳам биз прокуратурага боланинг ҳуқуқларини бузилиш ҳолатлари бўйича жиноят кодексининг тегишли моддаларига ўзгартириш киритиш, яъни жазони оғирлаштириш бўйича ўз таклифларимизни бердик ва бу таклифларимиз улар томонидан қўллаб-қувватланиб, бугунги кунда амалиётга татбиқ этилди. Энди иккинчи, яъни асосий масалага ўтсак — болаларга нисбатан жинсий зўравонлик масаласи. Бу бўйича ҳам бизга 10 га яқин мурожаат келиб тушган ва Бош прокуратура билан келишган ҳолда Жиноят кодексининг айнан шу моддаларига ҳам ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқяпмиз. Шу ишга қўл урган шахсларга нисбатан жазони кучайтириш масаласи бугунги кунда кўриб чиқилмоқда.
  • Ўзбекистонда болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи тўлиқ таъминланганми? Турли йўналишларга ихтисослашган ёки хусусий мактабларни жорий қилиш болалар, турли оилаларнинг табақаланиб қолишига олиб келмайдими?
  • Боласини қайси мактабда, қандай мактабда таълим олишга йўналтириш танлови бўйича ота-онанинг ўз ҳуқуқлари бор. Яъни танловни улар қилишади. Хоҳласа, у давлат мактабига берсин, хоҳласа ва имконияти бўлса, хусусий мактабга бериши ҳам мумкин.
  • Оилавий болалар уйига бериб юборилаётган болаларнинг ҳолати ҳам ўрганиляптими? Чунки у уйларда яшаш уларнинг ҳаммасига ҳам маъқул келмаётган бўлиши мумкин. Шу борада омбудсманга мурожаатлар бўлдими?
  • Албатта, яқинда шу масалада бир мурожаат бўлди. Тошкентдаги меҳрибонлик уйида тарбияланаётган болани водийдаги бир оилага, яъни оилавий болалар уйига топширишган. У эса менинг рақамимни топиб, менга ёзяпти: “Менга бу жой ёқмади. Умумий олганда ёқмаяпти. Мен бу ердан қочмоқчиман!” Бу мурожаатни ўша куниёқ ўрганишга киришдим. Бош прокуратурага хат билан чиқдим ва улар ўрганишга киришди. Бироз вақт ўтгач, менга туман психологининг жавоб хати келяпти. Унда ёзилишича, ҳамма шароитлар яхши яратилган. Бола учун барча имкониятлар қилиб берилган. Бола билан суҳбат олиб борилиб, оила тушунчаси унга уқтирилган ва суҳбатдан сўнг ҳозирда боланинг кайфияти яхши мазмунида. Бола эса менга яна ёзяпти, мен барибир бу ердан қочаман, деб... Мен психологнинг жавобидан умуман қониқмадим, ишонмадим ҳам. Энди ўртага ҳеч кимни қўймасдан Худо хоҳласа 3 июнь куни ўзим ўша бола тарбияланаётган оилавий уйга бораман. Бола билан ўзим суҳбатлашаман ва барчасига ойдинлик киритамиз. Болада ҳуқуқ бор: агар у хоҳламаса, ҳокимликка мурожаат қилиб, ҳоким қарори билан уни оилавий болалар уйидан яна меҳрибонлик уйига қайтариш мумкин. Ҳозир шу масалада бизга мурожаат бўлди ва биз бориб бу масалани ўрганамиз. Агар шунақа мурожаатлардан 4 та-5 та бўлса, биз тизимини ўрганамиз. Керак бўлса, ўзгартириш зарур бўлган нуқталарини топиб, ўзгартирамиз.
  • Ўзбек болажонларига байрам тилакларингиз?
  • 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутун дунёда нишонланади. Лекин мен хоҳлардимки, фақат бир кун эмас, ҳар куни болажонларимиз учун байрам бўлсин. Ҳар куни уларнинг ҳуқуқлари тўлиқ таъминлансин. Бирор боланинг кўзидан ёш оқмасин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлиб, ҳар бир бола ўз ота-онасининг бағрида, ўз оиласида ўсиб-улғайсин!
  • Қуйида суҳбатнинг тўлиқ шаклини видео орқали ҳам томоша қилишингиз мумкин:

Моҳинур РУСТАМОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1