АсосийJamiyat

Ёшларга хорижий тилларни ўрганиши учун субсидия берилади

'Ёшларга хорижий тилларни ўрганиши учун субсидия берилади'ning rasmi

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан “Ёшлар дафтари”ни юритиш орқали ёшлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга ёрдам турлари кўрсатилади. Моддий аҳволи оғир ёшларга бир марталик моддий ёрдам (БҲМнинг 4 бараваригача) берилади. Ёшларни тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг 75 фоизигача қисми (бир ойгача БҲМнинг 4, бир ойдан икки ойгача БҲМнинг 8, икки ойдан ортиқ муддатли ўқув курслари учун БҲМнинг 12 бараваридан кўп бўлмаган қисми) қоплаб берилади. 

Тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёшларга фаолиятини амалга ошираётган нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларининг бир йилда 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган қисми қоплаб берилади. 

Республикадаги профессионал таълим ташкилотларида ўқиётган, шунингдек, Ўзбекистондаги барча олий таълим ташкилотларида бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки шаклида, магистратуранинг кундузги йўналишида таълим олаётган ўқувчи-талабаларга тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатларинниг бир қисми қоплаб берилади. 

Ёшларга таълим, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялар соҳаси ва фанларни ўқитишга ихтисослашган нодавлат таълим ташкилотининг 3 ой муддатгача нотурар жой ижара харажатлари учун БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда қоплаб берилади. 

Никоҳи қайд этилганига 3 йилдан ошмаган ёшларга якка тартибдаги ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади. 

Низомга кўра, ёшларга субсидиялар ажратилади. Яъни 0,1 гектардан 1 гектаргача ер майдони ажратилган ёшларга уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун БҲМнинг 8 бараваригача, тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга асбоб-ускуна ёки меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваригача субсидия ажратилади. 

Шунингдек, ёшларга замонавий касбларни эгаллаши, ахборот технологияларини ўрганиши ва уларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича 6 ойгача муддатли ўқув курслари учун ҳар ойда БҲМнинг 4 бараваригача, ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги 6 ойгача муддатли ўқув курслари учун ҳар ойда БҲМнинг 1 бараваригача субсидия берилади. 

“Ёшлар дафтари”га киритилган бемор ёшларга мамлакатда ёки хорижий давлатларда даволаниш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун БҲМнинг 50 бараваригача, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларга 12 ойгача турар жой учун ижара компенсацияси ҳар ойда БҲМнинг 3 бараваридан ошмаган миқдорда субсидия ажратилиши белгиланган. 

    Бошқа янгиликлар