Республикамизда ҳар йили 6-8 турдаги тўда ҳосил қилувчи зарарли чигирткаларга қарши комплекс кураш чора-тадбирлари олиб борилади. Жумладан зарарли чигирткалар кўп тарқалган Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Қорақолпоғистон Республикасида кимёвий кураш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Сабина Садинова маълум қилди.
Маълум қилинишича, 2022 йилда республика бўйича зарарли чигирткалар тарқалиши мумкин бўлган 580,3 минг гектардан ортиқ майдонда кимёвий ишлов ўтказилиши режалаштирилган.
Бугунги кунгача Ўзбекистон ҳудудида 292,6 минг гектар майдонда чигирткалар тарқалганлиги аниқланган. 284,0 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилган. Бундай жараёнлар Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Навоий, Сирдарё, Бухоро, Андижон, Хоразм, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳудудида кимёвий ишловлар ўтказилди. Энг катта ишлов берилган майдонлар ҳудуди Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах вилоятлари ҳамда Қорақолпоғистон Республикасига тўғри келади.
Маълумки, зарарли чигирткаларнинг қўшни республикалардан учиб ўтиш хавфи ҳам мавжуд. Шуни инобатга олган ҳолда жорий йилнинг:
- 28 март ва 2 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Ўсимликларни карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Тожикистон Республикаси Чигирткаларга қарши кураш бўйича давлат унитар корхонаси олим ва мутахассислари томонидан Тожикистон Республикасининг Рудакий, Шахритус, Носири Ҳисрав туманларининг чегара ҳудудларида ва Ўзбекистон Республикасининг Узун, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Шўрчи ва Термиз туманларида;
- 26-27 май кунлари Қозоғистон Республикаси Туркистон вилоятининг Келес, Сариёғоч, Қазигурт туманларида
- 31 май-3 июнь кунлари Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари ишчи гуруҳлари томонидан Тожикистон Республикаси Сўғд вилоятининг Истаравшон, Зафаробод ва Шахристон туманларининг чегарадош ҳудудларида ва Ўзбекистон Республикаси Жиззах вилоятининг Янгиобод, Зомин туманларида зарарли чигирткаларни тарқалишини олдини олиш мақсадида ҳамкорликда кузатувлар олиб борилди. Шунингдек, қўшни мамлакатларнинг фитосанитар ххизматлари билан мониторингни давом эттириш ва натижалар юзасидан ахборот алмашинувини олиб боришга келишиб олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ҳамда қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудларда зарарли чигирткаларни пайдо бўлиши ва тарқалиши бўйича кузатув ишлари йўлга қўйилган, жойлардаги вазият назоратга олинган.