1

Боку нега пойтахт бўлган? Ёхуд Каспий денгизи соҳилларида жойлашган мўъжиза хусусида (фото)

ДУНЁ 19.06.2022, 08:26
Теглар: Боку
Боку нега пойтахт бўлган? Ёхуд Каспий денгизи соҳилларида жойлашган мўъжиза хусусида (фото)

Аввал хабар қилганимиздек, айни пайтда Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Озарбайжон давлат туризм агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган инфо-тур муносабати билан бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар Озарбайжоннинг маданияти, тарихий ва маданий объектлари, қолаверса, урф-одати, анъаналари билан яқиндан танишиш мақсадида мазкур давлатда бўлиб туришибди. "darakchi.uz" журналисти ҳам мазкур инфо-турда иштирок этмоқда. 

Маълумот учун, Озарбайжон Кавказортининг жануби-шарқий қисмида жойлашган мамлакат. Майдони 86,6 минг км². Аҳолиси, асосан, озарбайжонлар, шунингдек, руслар, турклар, лезгинлар, аварлар, курд, толиш, сахур, татар, татлар ва бошқа миллатлар ҳам яшайди. Шаҳар аҳолиси 54%. Расмий тили – озарбайжон тили. Йирик шаҳарлари: Боку, Сумгаит, Мингечаур, Ганжа, Ленкоран, Нахичеван. Биз эса айни пайтда пойтахт — Бокуда бўлиб турибмиз.

Боку марказий кўчаси

Пойтахт Боку маъмурий жиҳатдан 61 туман, 65 шаҳар ва 122 шаҳарчага бўлинади. Тошкент-Боку йўналишида парвоз қилар эканмиз, бизни шаҳар бир-бирига ўхшамас, ноодатий шаклдаги осмонўпар бинолар ва мавжланиб турган буюк Каспий денгизи манзараси билан кутиб олди. Бу Бокуга ташриф буюрган меҳмон ва сайёҳларга таассурот берувчи биринчи манзара холос. Аслида эса бу шаҳар туристларни ўзига жалб этиб бораётган яна ўнлаб масканлари билан машҳур. Ҳозир эса биз сизга уларнинг айримлари ҳақида айтишимиз мумкин.

Боку

Боку – Кавказдаги энг йирик шаҳар, шунингдек, Каспий денгизи қирғоғидаги энг йирик порт. Аслида, у ҳақидаги илк маълумотлар ўрта асрлардаёқ пайдо бўлган. Боку узоқ даврдан бери савдо маркази сифатида доим дунё диққат марказида бўлиб турган. 19-аср бошларида Боку хонлиги тугатилиб, вилоят марказига айлантирилган. 19-аср ўрталарида эса ўша даврдаги асосий марказ Шемахада кучли зилзила бўлади ва барча жой вайрон бўлади. Шундан сўнг, Боку сейсмик жиҳатдан мустаҳкам ҳудуд деб танланиб, пойтахт этиб белгиланган экан. Шу ўринда гиднинг маълум қилишича, ўша даврларда марказ Россияга юборилган хатлар 1 ойда етиб борар, Бокудан эса 2 ҳафтада етиб борган экан. Бу ҳам унинг пойтахт этиб белгиланишининг сабабларидир, дейди бизга шаҳарни таништирган маҳаллий ҳамроҳимиз.

Энди эса, Бокунинг диққатга сазовор жойларидан айримлари билан танишамиз.

БОКУНИНГ ТАШРИФ ҚОҒОЗИ

Озарбайжон пойтахтидаги замонавий диққатга сазовор жойлардан бири – шаҳар марказига яқин ердаги 235 метрли учта осмонўпар бинолардан иборат мажмуадир. Ушбу бино Озарбайжоннинг ташриф қоғози ҳисобланади. Бу учта кўп қаватли бино — меҳмонхона, квартиралар ва офислардир. Бинонинг умумий майдони 227 минг м². Унинг қурилиши 2007 йилда бошланиб, 2012 йилда якунланган. Интернетда мамлакат ва ёки пойтахт ҳақида излашга берасизми, албатта, ушбу бинолар суратлари биринчилардан бўлиб чиқиб келади. Бинолар шундай жойда жойлаштирилганки, Бокунинг исталган томонидан кўриниб туради. Ва айниқса, соҳилдан бу янада ёрқинроқ ва гўзалроқ гавдаланади.

ЎРАБ ҚЎЙИЛГАН ГИЛАМ КЎРИНИШИДАГИ МУЗЕЙ

Озарбайжонда музейларга эътибор жуда катта, зеро бу мамлакатга сайёҳларни жалб қилишда муҳим роль ўйнайди. 2014 йилда Бокуда Гилам музейи очилган. Музей биносининг қурилишига алоҳида аҳамият қаратилган -  у ўраб қўйилган гилам кўринишида ишланган. 

Уч қаватли бинода Озарбайжон гиламчилигининг энг гўзал ва ноёб намуналари тўпланган. Гиламлар ёйсимон деворларда ўзига хос равишда намойиш этилган. У ерда гиламлардан ташқари хуржунлар, гилам пайпоқлар каби бошқа тўқимачилик намуналари, шунингдек, амалий санъат намуналарини томоша қилиш мумкин. Деворларда эса гиламчилик тарихи ва тўқишга оид маълумотлар акс этган. Полида эса Озарбайжон гиламларининг суратлари акс этган. Ҳатто ташриф буюрувчилар гилам тўқиш жараёнларига бевосита гувоҳ бўлишлари мумкин. Яна бир қизиқ маълумот: ҳар йили 5 май куни Озарбайжонда Миллий гилам куни нишонланади.

КАСПИЙ СОҲИЛИДА САЙР ҚИЛМАБСИЗ, ДЕМАК, БОКУГА КЕЛМАБСИЗ

Бокунинг энг муҳим ва асосий нуқтаси бу — шаҳар бўйлаб жойлашган Каспий денгизи қирғоғи. Сиз бу ерга келдингизми, албатта, куннинг исталган, айниқса оқшом вақтида қирғоқ бўйлаб соатлаб сайр қилишингиз лозим. 

Тунги соҳил манзараси

Маълумотларга кўра, шаҳар ёқалаб сайр йўлаги жойлашган қирғоқнинг узунлиги 16 км.ни ташкил этади. Бу дегани сиз, шаҳарнинг қаерида бўлсангиз ҳам, албатта, денгиз қирғоғига боришингиз мумкин. Шунингдек, шаҳарда қад ростлаган меҳмонхоналардан ҳамиша мавжланиб турган денгиз кўриниб туради. Соҳилни сайр қилиш, бу алоҳида саёҳат, у ерда сиз сўлим ўриндиқлар, лабиринт шаклини эслатиб турувчи йўлаклар, кактуслар жамланмаси, денгизга қараб пастлаб борган зиналар ва албатта, ушбу зиналарда ўтириб ҳордиқ чиқараётган, орзуларга берилаётган юзлаб одамлар ва атрофга кайфият улашаётган қўшиқчи ёшларга кўзингиз тушади. Шу ўринда қизиқ бир маълумот: соҳилда, кичик бир ҳудудда манзарали, турли кактуслардан иборат майдонча бўлиб, маҳаллий аҳоли изоҳига кўра, бу нинали ўсимлик Бокуни ёмон назардан асраб турар экан. Хуллас, Бокуга ташриф буюришнинг энг муҳим жиҳати ана шу соҳил бўйлаб сайр ҳисобланади. Шунга кўра, соҳилда сайр қилмабсиз, демак, сиз Бокуга келмабсиз деган жумлани ишлатишади.

Каспий денгизининг шаҳар марказидаги соҳили

ДУНЁНИНГ ЭНГ ГЎЗАЛ ПЛЯЖЛАРИДАН БИРИ

Шаҳар марказидан четроқда Каспий денгизнинг яна бир соҳили озарбайжонликлар ва дунёнинг турли бурчакларидан келганлар учун гўзал чўмилиш ва дам олиш масканига айлантирилган. Сиз бу ерга келдингизми, ўзингизни бошқа бир дунё ва ёки киноларда кўрган орзулардаги манзарага тушиб қолгандек ҳис этасиз. Майин қум, қумни ювиб турган денгиз, соябонлар ва дам олиш ўриндиқлари, ҳам чўмилиб, ҳам офтобда тобланаётган юзлаб одамлар. Бу ҳали ҳаммаси эмас, денгиз яқинида махсус бассейнлар, кафе-ресторанлар, концерт-томоша майдонлари, ўнлаб баланд-баланд меҳмонхоналар ташриф буюрганлар учун хизмат кўрсатмоқда. Айни мавсум даврида мазкур пляжда машҳур санъаткорлар томонидан шоу-концертлар ташкил этилар экан. Каспий соҳиллари ташриф буюрувчиларни шундай кутиб олади. 

Каспий денгиз соҳилида жойлашган энг катта пляж

Ҳозирча шулар, бизнинг саёҳатимиз эса давом этади. Яқин дақиқаларда биз Озарбайжоннинг ўзига хос яна кўплаб жиҳатлари ва масканлари хусусида маълумотлар тақдим этамиз. 

Шарҳлар

Афсонавий Қиз минораси, энг митти китоблар музейи, машҳур “Бриллиант қўл” филми... Бокунинг Ичери Шеҳери сайёҳларни нимаси билан ўзига жалб этмоқда? (фотосаёҳат)

21.06.2022, 23:03

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Озарбайжон давлат туризм агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган инфо-тур муносабати билан бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар Озарбайжоннинг маданияти,...
Бир олманинг икки юзи

21.06.2022, 15:44

Бир хил тарихга, умумий кечмишга эга Озарбайжон ва ўзбек халқлари орасидаги дўстлик ва қардошлик илдизлари мозийнинг чуқур қатламларига бориб тақалади. Ўзбеклар ҳар доим Озарбайжон адабиётига,...
Озарбайжон президенти Ўзбекистонга келади

17.06.2022, 03:21

Июнь ойининг сўнгги ўн кунлигида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиши кутилмоқда. Бу ҳақда айни пайтда Озарбайжонда бўлиб турган "darakchi.uz" журналисти хабар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1