1

Блогерлардан ортда қолаётган журналистлар, ҳамон ўз биносига эга бўлмаган Уюшма ва соҳада кутилаётган янгиликлар... Олимжон Ўсаров билан ўзбек журналистикаси таҳлилига бағишланган катта суҳбат (видео)

ЖАМИЯТ 26.06.2022, 14:36
Теглар: Видео, Олимжон Ўсаров, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси
Блогерлардан ортда қолаётган журналистлар, ҳамон ўз биносига эга бўлмаган Уюшма ва соҳада кутилаётган янгиликлар... Олимжон Ўсаров билан ўзбек журналистикаси таҳлилига бағишланган катта суҳбат (видео)

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Айни кун муносабати билан “darakchi.uz” Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров билан суҳбат уюштирди. Унда бугунги ўзбек журналистикаси, сўз эркинлиги, соҳадаги энг муҳим масалалар, Уюшманинг ва оммавий ахборот воситалари (ОАВ)нинг ҳамон ечимини тополмаётган муаммолари ва яқин келажакда журналистларни кутаётган янгиликлар хусусида сўз борди.

Ҳурматли Олимжон ака, байрам муборак бўлсин! Айни шу кунларда Журналистлар ижодий уюшмасига раҳбар бўлиб келганингизга ҳам роппа-роса бир йил бўлди. Тан олиш керак, қисқа даврда Уюшма кўплаб ташаббуслари билан қайсидир маънода журналистлар ишончига сазовор бўла бошлади. Уюшмага келгандаги илк режа ва мақсадларингиз қандай эдию, нималарни уддаладингиз, нималарнинг ҳамон имкони бўлмаяпти?

— Тўғри айтдингиз, Уюшмага раҳбар бўлиб кетганимга роппа-роса бир йил бўлди. Қилинган ишдан кўра, қилинмаганлари ҳали кўпроқ. Ютуқлар ўзимизники, аммо камчиликларни ҳал этишни олдимиздаги энг долзарб масала сифатида қараймиз. Очиғини айтсам, Журналистлар ижодий уюшмасига раис бўламан, деб ўйламаган эдим. Чунки, Уюшмага раислик сайлов йўли билан амалга оширилади ва бу жараёнда мени номзодим маъқулланди. Ишни бошлаганимда, аввало энг асосий йўналиш сифатида журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг малакасини ошириш, шароит яратиш, шу билан биргаликда нафақага чиққан фахрий журналистлар ҳолидан хабар олиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалалаларига бирламчи вазифа сифатида қаралди. Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, ўтган йили 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан Президентимиз соҳа вакилларига йўллаган табригида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси олдига қатор вазифаларни белгилаб берди ва бу фаолиятимизда 1 йиллик дастуруламал ҳужжат бўлиб ас қотди. Энг муҳим жиҳати, журналистларнинг ахборот олиш жарёнларида турли тўсиқ ва босимларга учраган вақтида Уюшманинг ҳимоя қилувчи ташкилот сифатидаги мақомини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Яъни, ОАВ ходимлари билсинки, уларнинг фаолияти давомида турли тазйиқ ва босимлар бўлган тақдирда, Уюшма уни ҳимоя қила олади, деган нуқтаи назар билан ёндошдик. Шунга кўра, ўтган даврда биз ўнлаб журналистларнинг ҳуқуқини бевосита ва билвосита таъминладик, ўнга яқин ҳолатда давлат органларига ўзимизнинг расмий муносабат ва сўровларимизни киритдик, 4 та ҳолатда ишни назоратга олишни сўраб, Бош прокуратурага сўровнома юборилди, 2 та ҳолатда эса жиноий иш ҳам очилди. Айтиш мумкинки, Уюшманинг ўрни ва муҳимлиги секин-аста кўрина бошлади.

Журналистлар уюшмасига ОАВнинг ёки журналистнинг манфаатини кўзловчи ҳуқуқлар берилиши, масалан, судларга давлат божи тўламасдан даъволар киритиш ҳуқуқи ҳақида гапирган эдингиз. Бу борада бирор янгилик борми?

— Журналистлар ижодий уюшмаси фаолияти кўламини кенгайтириш учун унинг ҳуқуқий асосларини кенгайтириш бу бирламчи вазифа ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан биз қатор ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаганмиз ва тақдим қилганмиз. Айнан журналистнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилишда судга даво киритиш масаласида ҳам. Умуман олганда, ҳозир Уюшма бундай ҳуқуққа эга, лекин биз давлат божидан озод этишни қонун доирасида кўриб чиқишни сўраганмиз. Сабаби, биласизки, баъзан давлат божи жуда катта сумма бўлиб кетади. Бундай пайтда Журналистлар ижодий уюшмасининг қўли “калталик” қилади. Чунки Уюшма нодавлат нотижорат ташкилот, у давлат томонидан молиялаштирилмайди. Шунинг учун баъзи ҳолатларда молиявий муаммоларга дуч келиб қоламиз. Шу жараёнларни қонун йўли билан ҳал этиш борасида қатор таклифлар ишлаб чиқилган. Ўйлайманки, яқин вақт ичида бизнинг бу таклифларимиз қонунчиликда ўз аксини топади. 

Узоқ йиллар самарали фаолият олиб борган ОАВ ходимлари ва истеъдодли ёш журналистларга уй-жой сотиб олинишида ҳам Уюшманинг ўрни бўладими?

Биз комплекс ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаганимизда, мана шу масалалар ҳам назарда тутилган. Яъни, журналистларга уй-жой ажратилишида имтиёзлар берилиши масаласи. Масалан, тайёрланган лойиҳага кўра, ОАВ ходими Уюшма тавсияси билан борганда, уй-жой ажратилишида ушбу тавсия қўшимча 10 баллик имтиёзни бериши кўзда тутилган. Маълумки, 2017 йилда Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш” тўғрисидаги қарорининг 4-бандида ҳудудларда ва пойтахтда журналистлар учун уй-жой қурилиши масаласи кун тартибига қўйилган. Афсуски, қарорнинг ушбу банди ижроси жуда кўп ҳудуларда, хусусан Тошкентда ҳамон бажарилмай келинмоқда. Мамнуният билан айтиш керакки, Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида журналистларни уй-жой билан таъминлаш борасида бир қатор яхши ишлар амалга оширилган. 

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси томонидан аъзолик бериш 21 йилдан сўнг қайта тикланди. Аслида, бу аъзолик ОАВ ходиларига нима беради?

— Биласизми, бизда журналистларнинг дунёқараши сал бошқача. Масалан, уюшмага аъзо бўламан дейди, ҳужжат топширади-да, кейин “менга нима беради Уюшма” деган саволни беришади? Аслида, Уюшма журналистларнинг эркин ижодий ташкилоти, умумий уюшадиган жойи. Яъни юқорида айтганимиздек, ОАВ ходимларининг бошига ташвиш тушганда, муаммога учраганда, уларни ҳимоя қилувчи ташкилот.  Моддий ёрдам жиҳатидан эса, минг афсуски, Журналистлар ижодий уюшмаси бундай ваколатга эга эмас. Менга жуда кўп савол беришади: “Ёзувчилар уюшмаси аъзоларида имтиёзлар бор. Бир нечат дам олиш зонлари, соғликларини тиклаш учун тиббиёт муассасалари, “Дўрмон” ижод уйи бор. Нега Журналистлар уюшмасида бундай имкониятлар йўқ?” деб. Афсуски, бизда йўқ. Шу жиҳатдан уларга хавас қиламиз ва буни ҳеч қачон яширмаймиз. Бизда ҳам келажакда бундай имтиёзлар бўлиши кутилмоқда. Масалан, “Оқтош” сифатгоҳи ижодкорлар учун берилди. Ҳозирда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ўйлайманки, 2023 йилда ОАВ ходимлари ҳам мана шу сиҳатгоҳда имтиёзли нархларда даволаниб, дам олишлари мумкин бўлади. 

Бугун сўз эркинлиги, жамоатчилик назорати ва ОАВ мустақиллиги деган жумлаларни кўп эшитяпмиз. Сиз бу жараёнлардан кўнглингиз тўляптими? 

— Жаҳонда Сўз ва матбуот очиқлиги индекси бор, Ўзбекистон мана шу индексда ҳар йили юқорилаб боряпти. Бу давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан бевосита боғлиқ. Чунки бугун мамлакатимизда ОАВ том маънода эркинликка эришди. Сўз ва матбуот эркинлиги таъминланмоқда. Бироқ индексда доим бизда эътироз бўладиган ҳолатлар мавжуд. Биргина мисол: Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг ўз биносига эга эмаслиги, матбуот ва ахборот бўйича масъул бўлган давлат идорасига тегишли бўлган бинода ижарада туришимиз, бу ҳам очиқлик индексида қайд этилади. Сўз эркинлиги таъминланган, аммо амалиётда биз муаммоларга ҳам дуч келиб турибмиз. Масалан, сал аввал “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтган футбол ўйинида “Севимли” телеканали ходимларига ички ишлар органлари ходимлари томонидан куч ишлатилганини ҳеч қандай ҳолатда оқлаб бўлмайди. Бу ҳолат бўйича Бош прокуратурага сўровнома берганмиз, айни пайтда ўша ИИБ ходимларига нисабатан хизмат текшируви ўтказилмоқда. 

Жамаоатчилик назорати ҳақида гапирадиган бўлсак, бу борада журналистлар ўз ўрнида жуда яхши фаолият олиб боришмоқда. Аммо ўрганилган, эълон қилинган танқидий материалларга масъул ташкилотлар томонидан муносабат йўқ, муаммолар бартараф этилмаяпти. Масалан, биргина “Ишонч” газетасида йил давомида юзга яқин танқидий мақола берилган, афсуски, уларнинг атиги 10 фоизигагина расмий муносабат билдирилган. Бу эса ОАВнинг жамоатчилик назорати борасидаги функциясини камайтиради. 

ОАВ мустақиллиги ҳақида гапирадиган бўлсак, бугун Ўзбекистонда ОАВлар сиёсий жиҳатдан мустақил, уларга тазйиқ ёки босим ўтказилмаяпти. Бироқ жуда кўп ОАВлар иқтисодий жиҳатдан мустақил эмас. Айниқса, ҳуҳудий босма нашрлар. Биз буни тан олишимиз керак. 

Бугун Ўзбекистонда журналист ва блогер иши арлашиб ва ҳаттоки, блогерларнинг номи ва ўрни журналистлардан ошиб бораётгандек. Халқ дарди ва арзи бўлса, кўпроқ блогерга чиқади. Айниқса давлат ташкилотлари томонидан ҳам блогерлар “кўтарилмоқда”. Ташкилотлар, идоралар, амалдорлар “пиар”ида улардан яхшигина фойдаланяпти. ОАВ ходимлари иштирокидаги катта-катта тадбирларгача журналистдан кўп блогер таклиф этилади. Бу нечоғлик тўғри? Сизнингча блогер ким?

— Ахборот маконида, журналистми, блогерми ёки бошқами, кимнинг ахборот беришида бунинг аҳамияти йўқ, муҳими, у ахборотни етказа бера олишида. Журналистика бу соҳа, бу касб. Журналист бўлиш учун бу соҳада олий таълим муассасида ўқиши керак, соҳа қонун-қоидалари, сир-асрорлари, жанрлари, касб этикаси, ахборот билан ишлаш принципларини ўрганмоқ лозим. Журналистика соҳаси қонун билан тартибга солинади. Блогер ким? Блогер — бу ижтимоий фаол шахс. Ўзи кўрган воқеа ва ҳодисаларга тезкор муносабатини бериб боради. Лекин бугун очиғини айтсак, блогерлар журналистлардан бир қадам олдинда. Биз буни тан олишимиз керак. Чунки журналистларимизда ички цензура бор. Блогерлар янги Ўзбекистон шароитида пайдо бўлган эркин ижодкорлардир. Аммо уларда ҳам муаммолар жуда кўп: кўчирмакашлик, хайп ва шов-шув учун материал тарқатиш ҳолатлари. Блогерлар бугун ахборотни етказиб беришдагина олдинда, лекин таҳлилда, шарҳда ва жанрларда ижод қилиш борасида, албатта, улар журналистларнинг олдига туша олмайди. 

Айни пайтда конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар йиғилди. Шахсан, сизда бу бўйича қандай таклифлар бўлди? 

— Маълумки, Конституциявий комиссия тузилди. Давлатимиз раҳбари томонидан маълум қилинишича, мазкур Коммиссияга 48 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди. Мен ҳам бир қанча таклифлар берганман, масалан айримларини айтадиган бўлсам, ҳокимларнинг бир пайтнинг ўзида ҳам ижро ҳокимияти, ҳам вакиллик органида раҳбарлик қилишини тақиқлаш тўғрисида норма киритиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси паспортида ёзилган "фуқаро" сўзини "ватандош" сўзи билан алмаштириш тўғрисида ва бошқа бир нечта таклифларни билдиргандим. Мен билдирилган таклифларим инобатга олинганидан хурсандман.

Журналистлар “Олтин қалам” учун ижодий ишлар топширилишидан воз кечиш керак, энг фаолларни жамоатчилик ўзи танлаши лозим деган таклифларни олға суришмоқда. Бунга сизнинг фикрингиз?

— Биз жорий йил август ойида журналистларга ва кенг жамоатчиликка мурожаат қилмоқчимиз, танловларни шаффоф ўтказиш борасидаги таклифларни сўраб. Бу нафақат “Олтин қалам”, балки “Энг улуғ, энг азиз”, “Йилнинг энг яхши журналисти” каби бошқа кўплаб танловларга ҳам тегишли. Мақсад, танловларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш. Юқорида билдирилган таклифларда ҳам жон бор, аммо бу ҳам жуда мукаммал таклиф эмас. Масалан, ўтган йили “Олтин қалам” учун топширилган ижодий ишларни жамоатчиликка эълон қилиб бориш ҳақида таклиф билдирилди. Шунга кўра бу йил барча иштирокчиларнинг 5 мингга яқин ижодий ишларини Уюшма сайтига жойлаштирдик. Бироқ, овоз бериш жараёнлари тобора авж олиб кетганидан кейин, бу овозлар ҳаққоний эмаслиги, журналистикани тушунмайдиган одамлар қандай қилиб, мақолаларга баҳо бериши мумкин, деган эътирозлар юзага келди. Дунёда танловлар бор экан, албатта эътирозлар бўлаверади. Ҳатто “Оскар”га ҳам. Шунинг учун август ойида бу борада барча таклифларни оламиз, деб режалаштирганмиз. 

Юқорида таъкидлаганингиздек, Уюшманинг ҳамон ўз биноси йўқ. Унинг ходимлари ойлиги, ҳудудлардаги бўлимлари масаласи оғир. Бу борада нима ечимлар қилиняпти? 

— Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг молиявий манбалари қонунчиликда белгилаб қўйилган. Аммо Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоларидан бир йилда келиб тушадиган аъзолик бадали марказий аппаратдаги барча ходимларнинг бир ойлигининг ярмини ташкил қилади. Чунки биз, энг кам миқдордаги бадални назарда тутганмиз. Бундан ташқари, ҳомийлар ва хайриялар бўлади. Афсуски, ҳали бизнинг медиа жамиятимиз ҳомий ёки хайрия қилувчиларга эга эмас. Бугун Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимлари Ўзбекистонда энг кам ойлик иш ҳақи билан ишлаётган тизим ҳисобланади. Ҳатто ОАВлардаги иш ҳақидан ҳам камроқ. Биз шу масалалар ечими бўйича таклифлар ва лойиҳаларни тақдим этганмиз. Яқинда Президентимизнинг бу борадаги Қарори эълон қилиниши кутилмоқда. Уюшма биноси масаласига келадиган бўлсак, 5 йил аввал бу ҳақда Президент қарорида аниқ қилиб, қайси бинода жойлаштирилишигача белгилаб берилган. Афсуски, беш йилдирки, Президент қарори Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ижро этилмаяпти. Ўзбекистондаги барча уюшмаларнинг ўз бинолари бор, лекин ҳамон Журналистлар ижодий уюшмаси ўз биносига эга эмас. 

Нима деб ўйлайсиз? Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)да ҳисобот бераётган давлат органлари ва ташкилотлар Журналистлар уюшмаси залида журналистлар саволларига жавоб бериши керак эмасми? Ҳозир давлат органида бошқа бир давлат органи ҳисоб бераяпти. 

— Бугун дунёда журналистлар учун матбуот анжуманларини доимий ташкил этиш, ташкилотлар ва раҳбарлар ҳисоботини эшитиш амалиёти мавжуд. Агар бизда бу жараёнларнинг АОКА биносида ташкил этилаётганига изоҳ берадиган бўлсак, менимча, ахборотнинг қаерда берилиши муҳим эмас, энг муҳими ахборотни олиш учун имконият яратилишида. Тўғри, Уюшма ёки Матбуот уйида бу интервьюларни ташкил этиш жуда муҳим, аммо, афсуски, Журналистлар ижодий уюшмасининг ўзининг биноси йўқ. Ўзининг биноси бўлмаганидан кейин қаерда ўтказа олади бундай тадбирларни?!

Нега журналистлар матбуот котиблиги лавозимини маъқул кўрмоқда. 

— Энг асосий сабаб — ОАВларда иш ҳақи кам, ташкилотлардаги матбуот котибиларининг маоши анча юқори. Шунинг учун ўзбек журналистикасининг энг таниқли ва маҳоратли журналистлари ёппасига матбуот котиби лавозимига ўтиб кетди ва ОАВ яна бир бор кадрлар таназзулига юзланди.

Сизнингча, ОАВ ходимларининг иши оғирми? Ёки матбуот котибларинингми?

— Биласиз, ўзим ҳам бир нечта давлат ташкилотларида матбуот хизматини бошқарганман. Шу билан бирга таҳририятда бош муҳаррир бўлиб ҳам ишлаганман. Таққослайдиган бўлсам, матбуот котиблигининг иши оғирроқ.

Соҳага оид яна нима масалаларни айтмоқчисиз?

— Бугун, бизнинг журналистикада жуда кўп муаммолар мавжуд. Энг катта муаммолардан бири, бу бизнинг журналистлар ўртасида якдиллик, иноқлик йўқ. Ўзбек медиа сферасида бир-бирини қўллаш деган тушунча нисбий. Масалан, қайсидир журналистнинг ёки таҳририятнинг бошига ташвиш тушса ёки муаммо пайдо бўлса, бошқа таҳририятдагилар бунга беписанд қарайди. Аммо дунё амалиётида бундай эмас. Улар бундай вазиятда жуда тез бирлашади. Бу борада бизда блогерлар жуда яхши, улар тез бирлашади. Яна бир муаммо бор: журналистларнинг ҳуқуқий саводхонлиги масаласи, бошқаларнинг ҳуқуқлари тугул, ҳатто ўзининг ҳам ҳуқуқини ҳимоя қила олмайди. Хаттоки, ахборот хизмати билан мулоқотда ҳам ўзлари учун муҳим маълумотларни олишда ҳуқуқий саводхонлиги етишмайди.

Суҳбатимиз сўнггида Ўзбекистондаги барча оммавий ахборот воситалари ходимлари ва журналистларни касб байрамлари билан табриклайман! 

Фарида Эгамбердиева суҳбатлашди

Шарҳлар

Тошкентда 9-синф ўқувчиси одамларни ис газидан сақлаб қоладиган ихтиро яратди (видео)

17.11.2023, 09:49

3 йилдан бери “Баркамол авлод” болалар мактабининг робототехника тўгарагига қатнайдиган Озодбек Ҳошимов одамларни ис газидан сақлаб қоладиган ихтиро яратди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими...
Оққўрғонда вертолёт иштирокида тўй кортежини қилганлар жаримага тортилди (видео)

16.11.2023, 12:40

Аввалроқ, Тошкент вилоятидаги тўйда вертолётдан фойдалангани акс этган видео тармоқларда тарқалган эди. Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мазур ҳолат бўйича маълумот тақдим этди. Маълум қилинишича, ИИББ...
Кечаги ёмғирдан сўнг Тошкент марказидаги янги "дом"нинг ери чўкиб, таги очилиб қолди (видео)

10.11.2023, 12:45

Пойтахт марказида қурилган янги кўп қаватли уй ҳали эгаларига топширилмасданоқ куни кеча ёғиб ўтган ёмғирдан сўнг даҳшатли манзара касб этиб қолди. 11 қаватли уйнинг зиналари...
Фарғонадаги экин даласига янги туғилган чақалоқ ташлаб кетилди (видео)

04.11.2023, 12:37

Фарғонада янги туғилган чақалоқ ташлаб кетилди. "Замон" дастурида мазкур ҳодиса бўйича тафсилотлар маълум қилинди.Маълум бўлишича, Фарғона тумани Юқори арча МФЙ ҳудудидаги катта далага янги туғилган,...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1