1

Жиззахда янги туғилган чақалоқ нима сабабдан вафот этди?

ЖАМИЯТ 28.06.2022, 19:44
Жиззахда янги туғилган чақалоқ нима сабабдан вафот этди?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан маълумот берди.

Таъкидланишича, Жиззах вилоятида қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғма нуқсонли чақалоқ дунёга келгани айтилган хабар тарқалди.

Аниқланишича, бу чақалоқ вилоятнинг Дўстлик туманида дунёга келган бўлиб, 4 июнь куни соат 04:00 ларда 1994 йилда туғилган фуқаро Х. Т. туман марказий шифохонасининг туғуруқ бўлимига мурожаат қилган.  Унга “Ҳомиладорлик 2. Туғуруқ 2. 35 ҳафта 4 кун. Ҳомиланинг чаноғи билан келиши” ташхиси қўйилган.

Шу куни соат 06:10 да “Кўп нуқсонли чақалоқ. Туғма ихтиоз оғир даражаси” ташхиси билан оғирлиги 2800 грамм, бўйи 47 сантиметр бўлган, муддатига етган ўғил жинсли ногирон чақалоқ дунёга келган. Кўрсатилган реанимацион тиббий муолажаларга қарамасдан ҳаётга зид қўшма асоратлар билан туғилган гўдак шу куни 08:20 да вафот этган.

Маълум бўлишича, мазкур туғилган кўп нуқсонли чақалоқнинг ота-онаси ака-сингилнинг фарзандлари бўлган ва ушбу оила иккала томоннинг ҳам иккинчи турмуши ҳисобланади. Уларнинг аввалги турмушларидан бир нафардан соғлом фарзандлари борлиги айтилади. Аёлнинг мазкур  ҳомиладорлик даври нормал кечган.

ССВ тиббиётда аксарият ҳолларда яқин қариндошлар никоҳи туфайли болалар турли ирсий нуқсонлар билан дунёга келиши исботланганини қайд этмоқда.

 "Шу боис, оила қуришга шайланаётган ёшларга, энг аввало, тиббий кўрикдан ўтиб, сўнгра янги ҳаётга қадам қўйишларини, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдан сақланишларини сўраймиз",-дейилади хабарда. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1