АсосийJamiyat

Тошкентда "Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор" темир йўлини қуриш лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди

'Тошкентда "Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор" темир йўлини қуриш лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди'ning rasmi

Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Абидов кеча Тошкент шаҳрида ўтказилган Афғонистонда қатор инфратузилмавий ва гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишланган «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» халқаро конференциясининг «Иқтисодиётнинг тикланиши - Афғонистонда тинчлик ва осойишталикнинг мустаҳкам асосидир» шўъба йиғилишида маъруза қилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, сессия доирасида узунлиги 750 км бўлган «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор» темир йўлини қуриш лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. «Боштранслойиҳа» АЖнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳа 1200 дан ортиқ сунъий иншоотларни, шу жумладан, 3 туннел, 100 дан ортиқ туннел ва 336 кўприкни қуришни ўз ичига олади. Дастлабки маълумотларга кўра, лойиҳани амалга оширишнинг умумий тахминий қиймати 4,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Мазкур лойиҳани амалга ошириш нафақат минглаб янги иш ўринлари яратиш, балки афғон жамиятининг кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш имконини беради.

Ушбу лойиҳанинг аҳамияти шундаки, у Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги темир йўл инфратузилмасини боғлайди ва шу билан минтақаларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлайди. Унинг ҳаётга тадбиқ этилиши мамлакатлар иқтисодиётини ривожлантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда зарур шарт-шароитлар ва реал имкониятлар яратади.

Шўба йиғлиши давомида Термиз шаҳридаги афғон фуқароларини ўқитиш бўйича таълим маркази ҳамда халқаро кўп функцияли транспорт-логистика маркази фаолияти натижаларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Марказ орқали Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборилмоқда.

    Бошқа янгиликлар