Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот хизматининг хабар беришича, Қашқадарё вилоятида кредитларнинг ажратилиши аҳволи юзасидан ўрганиш ўтказилган.
Ўрганиш натижасида мазкур йўналишдаги кредитлар мақсадсиз ишлатилаётганлиги, таъминотчи корхоналар томонидан кўзда тутилган товар ва ашёлар фуқароларга етказиб берилмаганлиги ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, 3 та тижорат банки (Халқ банк, Агробанк, Микрокредит банк) мижозларига 2022 йил 1 чорагида ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан 15 та таъминотчига 392 нафар мижоз бўйича 11 млрд. 548 млн. сўм ўтказиб берганлиги, аммо, ушбу кредит йўналиши бўйича етказиб берилган товарлар бўйича таъминотчиларнинг кирим ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, яъни ажратилган кредитлар мақсадсиз йўналтирилганлиги маълум бўлди.
Мисол учун, АТ Микрокредитбанк Бешкент филиали томонидан фуқаро М.Э.га ажратилган 33 млн.сўм кредит маблағига 60 дона қуён, фуқаро Ғ.Б.га балиқчилик учун ажратилган 33 млн.сўмлик кредит маблағига балиқ човоқлари етказиб берилмай, кредит маблағлари мақсадсиз ишлатилган.
Шунингдек, “S.T.G.” МЧЖга 3 та банк орқали 48 нафар фуқарога ажратилган 1 млрд. 412 млн. сўм кредит маблағлари асалари, парранда, мотокультиватор, чорва қўйи, тикув машинаси, компьютер сотиб олиш учун ўтказиб берилган бўлса-да, ушбу товарлар сотиб олинмасдан кредит маблағлари бошқа мақсадлар учун йўналтирилганлиги аниқланди.
Агентлик томонидан текширишда тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилган бўлиб, Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан 5 та таъминотчининг раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167, 184, 189, 209, 228-моддаларининг тегишли бандларида назарда тутилган қонунбузилишлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди.
Шунингдек, қолган 10 та таъминотчи ва бошқаларга нисбатан тайёрланган материаллар юзасидан бугунги кунда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.