Монополияга қарши қурашиш қўмитасининг Истеъмолчилар ҳуқуқлари бўйича махсус комиссияси фуқарога "Captiva 5" автомобилини етказиб бериш ва пеня тўлаш ҳақида қарор қабул қилиб, "Ситора авто савдо" МЧЖга ижро этиш учун кўрсатма қилиб юборган. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев маълум қилмоқда.
Депутатнинг маълум қилишича, монополист "ЎзавтоМоторс"га орқа қилган ҳолда ушбу МЧЖ Савдо саноат палатаси орқали бу қарор устидан судга ариза киритган. Бироқ бу сафар суд унинг аризасини қаноатлантиришни рад қилган.
"Агар қарор қонуний кучга кирса диллер қандай бўлмасин "Captiva 5" автомобилини фуқарога етказиб беришига тўғри келади. Бироқ қонунларни тан олмай, истеъмолчиларни оёқости қиладиган, Президент топшириқларини ҳам бажармайдиган монополист Ўзбекистонда суд қарорларини тан оладими йўқми ҳамма гап шунда. Кўрамиз...", дейди халқ вакили.
Маълумот учун: "ЎзавтоМоторс" бир гуруҳ дилерлар орқали фуқароларнинг ишончига кириб, "Captiva 5" автомобиллари учун олдиндан пул олиб, автомобилларни етказиб бермаган.






