1

Президент Шуҳрат Ғаниев ва Актам Хаитовни эскича ишлаётгани, баландпарвоз рақамларга берилиб кетгани учун танқид қилди

СИЁСАТ 05.09.2022, 20:20
Президент Шуҳрат Ғаниев ва Актам Хаитовни эскича ишлаётгани, баландпарвоз рақамларга берилиб кетгани учун танқид қилди

80 минг гектар майдон пахта ва ғалладан қисқартирилиб, аҳолига бўлиб берилиши, 10 кун муддатда импорт маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича аниқ лойиҳа ишлаб чиқиш, шунингдек, мактаб дарсликларини бепул ижарага бериш юзасидан берилган топшириқ... Буларнинг барчаси бугун президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш ва захирасини яратиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида тилга олинди.

Давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов берган хабарлардан тадбир мулоҳазага бой, танқидий руҳда ўтганини англаш мумкин. Хусусан, Ўзбекистон етакчиси озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинаётган ҳудуд ҳокимларини қаттиқ танқид қилиб: "Нима, бу вилоят ҳокимлари ҳудудига қанча озиқ-овқат етишмаслиги, қанча импорт кираётганини билмайдими?”, – деган саволни кўндаланг қўйган эди.

Шундан бироз ўтиб, Мирзиёев Шуҳрат Ғаниев ва Актам Хаитов ҳали эскича ишлаётгани, баландпарвоз рақамларга берилиб кетганига эътироз билдирди.

"Аграр соҳада белгилаб олган катта ислоҳотларимизни жадал амалга ошириш биринчи навбатда ушбу соҳа раҳбарлари Ғаниев, Хаитов, янги вазир Воитов ва ўринбосарлари фидойилигига боғлиқ.  

Бандликни кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш ҳам биринчи галда қишлоқ хўжалигидаги ўсишга боғлиқлигини улар тушуниши керак", деди Президент.

Лекин Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Хаитов ҳали эскича ишлаётгани, баландпарвоз рақамларга берилиб кетгани айтилган.  

Соҳа раҳбарларининг вазифаси Президентга катта-катта рақамлар билан ҳисобот бериш эмас, қишлоқдаги деҳқон, фермер масаласини ҳал қилиш, оғирини енгил қилиш экани кўрсатиб ўтилган. Бироқ, муҳим ишлар четда қолиб, қўшиб ёзишлар, номаъқул ишлар кўпайиб бораётгани қатъий танқид қилинган.

Йўл қўйган камчиликлари учун қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Тешаев лавозимидан озод этилгани, вазир ўринбосари Ш.Мирзаевга ҳайфсан берилгани айтиб ўтилди.

"Бундан буён Ғаниевдан ҳам, Хаитовдан ҳам, янги вазир Воитовдан ҳам жуда қаттиқ сўров бўлади", – дейди Президент сўзининг якунида.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитилган.

Дилбар Абдунабиева.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1