2022 йилнинг 9 ойида “103” хизматига жами 4 минг 452 та ёлғон чақириқ келиб тушди, дея хабар қилди ССВ матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, мазкур кўрсаткични ўтган йилнинг айни шу даври билан таққосланса, асоссиз мурожаатлар сони 2 баробарга камайган. Яъни, 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида бундай чақириқлар сони 8 минг 27 тани ташкил қилган эди.
Аммо айрим ҳудудларда ҳамон ёлғон мурожаатлар сони юқорилигича қолмоқда.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида энг кўп бундай чақириқ Тошкент вилоятида қайд этилиб, мазкур рақам 1 минг 208 тани ташкил этди. Кейинги ўринда 590 та чақириқ билан Қашқадарё вилояти жойлашган. Шунингдек, Фарғона вилоятидан 587 та ана шундай мурожаат келиб тушган.
Таъкидланишича, 2022 йилнинг 6 ойида Республика тез тиббий ёрдам хизматига келиб тушган 2727 та мурожаат ёлғон чақириқ деб баҳоланган эди.






