Ижтимоий тармоқларда пойтахтнинг Миробод туманидаги хонадонларнинг биридан тез тиббий ёрдам хизмати ходимаси калтаклангани акс этган видео тарқалган эди.
ССВнинг маълум қилишича, кечаги воқеа соат 18:50 атрофида туманнинг Темирйўлчилар кўчаси, 1/5-уй олдида содир бўлган. Тез тиббий ёрдам хизматига йўловчи фуқаро томонидан 30 ёшли номаълум эркак кишида "Қон кетиш (ҳушсиз)" сабаби билан чақирув келиб тушган.
Шундан сўнг шифокор М.З. ва фельдшер З.Ж.дан таркиб топган 397-сонли "103" бригадаси чақирув манзилига саноқли дақиқаларда етиб борган.
"Тез ёрдам" ходимлари манзилга келганида, кўчада беморлиги айтилган 22 ёшли фуқаро М.А. ноадекват ҳолатда ён-атрофдаги кишиларга тажовуз қилаётгани маълум бўлган. "103" кўчма бригадаси унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатмоқчи бўлганда, муштумзўр фуқаро шифокорларга куч ишлатиб, ТТЁ автомашинасига ҳам жиддий зарар етказган.
Воқеа жиддий тус олаётганини кўрган тез тиббий ёрдам ходимлари дарҳол туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари етиб келгунига қадар фуқаро М.А. "103" бригадаси ҳайдовчиси И.Ҳ.ни калтаклаб, унга жароҳат етказган.
Оқибатда жиддий тан жароҳати олган тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчиси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига бошқа бригада томонидан олиб борилган. Текширувлар натижасида у "Бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия чайқалиши, чап тизза соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши" ташхиси билан нейрохирургия бўлимига ётқизилган.
Шунингдек, кўчма бригада шифокори М.З. шифохонада амбулатор тартибда мутахассислар кўригидан ўтказилиб, унга "Қорин соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши" ташхиси қўйилган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Миробод туман ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.