Фарғона вилояти божхона бошқармаси “Андархон” чегара-божхона постида ўтказилган текширувда ҳужжатларда 2,2 млрд. сўмлик товарларни олиб кетаётгани кўрсатилган юк машинаси бўш бўлиб чиқди.
Таъкидланишича, 2021 йил сентябрь ойида Қўқон шаҳридаги 3 та МЧЖ номига хориждан 23 тонна 540 кг. оғирликдаги 3 турдаги тўқимачилик маҳсулотлари олиб келинган.
Мазкур товарларни божхонада расмийлаштириш учун божхона юк декларациялари “Қўқон” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига тақдим қилинган бўлиб, товарлар “Божхона омбори” божхона режимига расмийлаштирилади ҳамда вақтинча сақлаш учун “Қўқонсавдо” МЧЖга қарашли божхона омборига топширилади.
2022 йил 13 октябрь куни юк эгалари юқоридаги товарларни “Реэкспорт” божхона режимига расмийлаштириб, Тожикистон Республикасига олиб чиқиб кетиш учун божхона юк декларацияларини тақдим этишади ва шу куннинг ўзида Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постида расмийлаштирув якунига етказилади.
Ҳужжатларга биноан ушбу товарлар ортилган юк автотранспорт воситаси 2022 йил 15 октябрь куни Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Андархон” чегара божхона пости орқали қўшни давлатга чиқиб кетаётганида Давлат божхона қўмитаси Шахсий хавфсизлик бошқармасининг вилоятдаги тезкор ходимлари томонидан тўхтатиб қолинди.
Боиси, ушбу товарлар билан боғлиқ вазият Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти томонидан олдиндан тезкор кузатувга олинган эди ва айнан қўмита раҳбариятининг топшириғига мувофиқ тезкор тадбир ўтказилган.
Тезкор тадбир давомида юк автотранспорт воситаси ҳайдовчи ва холислар иштирокида қайта божхона назоратидан ўтказилганда, юкхонада ҳужжатларда кўрсатилган товарлар умуман йўқлиги фош бўлди.
Ҳозирда “реэкспорт” божхона режимига расмийлаштирилиб, амалда чегара божхона пости орқали олиб чиқиб кетилмаган умумий қиймати 2 млрд. 188 млн. сўмлик товар моддий бойликлар вақтинча сақловга олиниб, белгиланган тартибда процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳозирда божхона ходимларининг мазкур ҳолатга алоқадорлигини аниқлаш ва уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида хизмат текшируви ўтказилмоқда.