Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларидаги қурилиш материалларини талон-торож қилиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгийўл шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “К.қ.” МЧЖ томонидан ер усти пиёдалар ўтиш йўлагини таъмирлашда 579,6 млн сўмга сотиб олинган қурилиш материалларини таъмирлашга ишлатилмасдан, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Чироқчи туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, туман Ободонлаштириш бошқармасининг собиқ раҳбари М.С., бош ҳисобчиси Б.Н. ва бошқалар “H.M.” МЧЖга етказиб берилмаган авто эҳтиёт қисмлари учун 100 млн сўм, пиёдалар йўлакчасини чироқлар билан безатиш учун 40,4 млн сўм, “E.T.” МЧЖ билан тузилган шартномага асосан ичимлик суви иншоотини қуришда бажарилмаган иш ҳажмларни қўшиб ёзиш орқали 195,1 млн сўм жами 335,1 млн сўмни ўтказиб берганликлари аниқланган.
Департаментнинг Конимех туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, “N.S.” МЧЖ раҳбари М.Ш. 1 сўм қийматда аукционга чиқарилган 14-сонли мактабнинг эски биносини ютиб олиб, инвестиция мажбуриятини бажармасдан, бинонинг 199,8 млн сўмлик яроқли қурилиш материалларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.