Шу кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилаётган саломатлик акциясининг навбатдаги босқичига старт берилган. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар берди.
Унинг доирасида Тошкент вилоятида истиқомат қилаётган мураккаб жарроҳлик амалиётларига муҳтож, бироқ даволанишга имкони йўқ 500 нафардан зиёд беморларда давлат ҳисобидан юқори технологик операциялар бажариляпти.
Эътиборли жиҳати, бундай ноёб амалиётларга дунёнинг қатор ривожланган мамлакатларидан ҳам тиббиёт олимлари ва етакчи мутахассислар жалб қилиняпти.
Хусусан, соғломлаштириш акцияси доирасида операцияга йўналтирилганлар орасида таянч-ҳаракат тизими хасталикларидан азият чекаётган беморлар ҳам кам эмас.
Айни кунда улар Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида чет эллик мутахассислар иштирокида инновацион муолажа усуллари орқали саломатлигини тикламоқда.
— Ҳозир муассасамизга Ҳиндистоннинг “Аrtemis” госпитали, Россия травматология ва ортопедия миллий тиббиёт маркази ҳамда АҚШнинг Калифорния университети мутахассислари ташриф буюрган, — дейди марказ директори Мурод Ирисметов.
— Масалан, ҳиндистонлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда елка бўғими касалликларида вужудга келадиган контрактуралар, яъни қўлни бутунлай ёки қисман қимирлата олмаслик, жуда кучли оғриқ билан кечадиган ҳолатларни бартараф этишга қаратилган амалиётларни ўтказдик.
Бу сингари илғор артроскопик ва эндоскопик муолажа усуллари натижасида бир гуруҳ беморлар узоқ йиллик хасталигидан саноқли соатлар ичида халос бўлди.
Шунингдек, АҚШдан ташриф буюрган тиббиёт олимлари билан ҳамкорликда орқа мия ва умуртқа поғонасининг турли патологиялари билан оғриган 20 нафардан ортиқ беморлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг бир қисмида ноёб ва мураккаб операциялар бажарилди. Умуртқа поғонасига каминвазив усулда, терини кесмасдан туриб транспедикуляр мосламаси ўрнатилиши шулар жумласидан.
Россиялик мутахассислар эса бемор болаларда учрайдиган ортопедик хасталикларни жарроҳлик йўли билан даволаш бўйича ўз маҳорат ва тажрибалари билан ўртоқлашди.
Қолаверса, соғломлаштириш акцияси доирасидаги бундай юқори технологик амалиётларга Туркия, Бангладеш, Жанубий Кореядан ҳам малакали жарроҳлар ҳисса қўшиши кутилмоқда.
20.10.2022 14:04
Хорижлик мутахассислар иштирокида эҳтиёжманд беморларда бепул операциялар ўтказилмоқда — ССВ






