Бугун, 23 октябрь куни Тошкент метросининг “Ерусти ҳалқа йўли” йўналишида поездлар ҳаракати вақтинча тўхтаб қолди. Ҳолат юзасидан “Тошкент метроплитени” ДУК расмий муносабат билдирди.
Таъкидланишича, Қўйлиқ деҳқон бозори олдида қурилаётган автомобил йўл кўпригидаги қурилиш учун мўлжалланган материаллари бугунги ёмғир натижасида поездлар ҳаракатига хавф (габаритдан ташқарида) солган.
Шу муносабат билан метро ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида белгиланган йўриқномага асосан “Ерусти ҳалқа йўли” йўналишидаги метро поездлари ҳаракати 9:00 дан 9:25 га қадар вақтинча тўхтатилган. Айни вақтда маъсуллар томонидан қурилишдаги ушбу камчиликлар бартараф этилган ҳамда поездлар ҳаракат жадвали асосида ҳаракатланмоқда.