Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг бош мақсади – инсон ва унинг қадрини янада улуғлашга қаратилган. Конституциявий ислоҳотларда халқимиз миллий бирдамлик ва якдиллик асосида фаол қатнашгани ҳам мазкур ислоҳотларга бўлган эҳтиёжнинг ҳаётий аҳамиятга эга эканини яна бир бор кўрсатди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид конституциявий принципларни белгиламоқда. Масалан, конституциявий қонун лойиҳасида 1-моддага асосан Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат эканини белгилаш таклиф этилган.
Конституцияда белгиланган асосий принципларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, улар Конституциянинг бошқа қоидалари ва қонун ҳужжатлари учун бирламчи норматив асос вазифасини бажаради. Яъни давлат суверенитети бобида Ўзбекистоннинг ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат қуриш сифатида берилиши нормани ортиқча жумлалар билан тўлдириш эмас, балки мазкур хусусиятлар Ўзбекистоннинг энг олий мақсадлари эканини англатади. Бундан ташқари, асосий принцип бўлимида давлатнинг асосий мақсади белгиланиши давлатнинг моҳиятини ҳам очиб беради.
Давлатнинг ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий хусусиятларига эга бўлиши конституциявий қонун лойиҳасининг бошқа моддаларида янада тўлдирилган. Давлатнинг ҳуқуқий характери 13-моддада инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият даражасига кўтариш ҳамда 15-моддада Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш орқали ривожлантирилган.
Хусусан, Конституциянинг 13-моддасида инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси давлат органи томонидан кўзланадиган қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керак деб белгиланмоқда.
Яъни айрим ҳолатларда, қонунчилик билан фуқарога бажариб бўлмайдиган ёки бажариш қийин бўлган мажбуриятлар юкланишига гувоҳ бўлганмиз. Аслида, қонунлар инсонга ҳеч қачон ортиқча талаб қўймаслиги керак. Қонун инсон ҳаётини оғирлаштириши эмас, балки имкон қадар енгиллик бериши лозим.
Шунингдек, ҳуқуқий давлатда барча муносабатлар аниқ қоидалар билан тартибга солинган бўлиши керак. Ҳеч бир муносабат ҳуқуқий ечимсиз қолмаслиги шарт деймиз. Аммо замон ривожланган сари ечими қонунчиликда кўрсатилмаган ёки ноаниқликларга сабаб бўлган айрим ижтимоий муносабатлар, шундай вазиятлар ёки ҳолатлар вужудга келиши мумкин. Бу инкор этиб бўлмас факт, аксиома. Асосийси, мана шундай ҳолатларда муаммо кимнинг фойдасига ва қандай тартибда ҳал этилиши муҳим аҳамиятга эга.
Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатга киришишида қонунчиликдаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши Конституция даражасида белгиланмоқда. Бу, энг аввало, инсон қадрини улуғлаш бўйича эзгу ғоянинг амалга татбиқ этилишига, ҳужжатларда ноаниқлик ва қарама-қаршилик пайдо бўлганда давлат манфаатлари эмас, инсон манфаатлари таъминланишига олиб келади.
Яна бир муҳим жиҳат, инсон ҳуқуқлари халқаро стандартлар асосида бойитилмоқда, шунингдек, айрим ҳуқуқлар қонунчилик ҳужжатларидан Конституция даражасига чиқарилмоқда.
Хусусан, конституциявий қонун лойиҳасининг 25-моддасига асосан тадбиркорлар иштирокидаги шартномавий муносабатларга нисбатан жиноий-ҳуқуқий таъсир воситаларини қўллаш ёхуд қўллаш билан таҳдид қилиш имкониятини бартараф этиш, қийноқларга йўл қуймаслик белгиланмоқда.
Шунингдек, конституциявий қонун лойиҳаси асосида Миранда қоидалари мустаҳкамланмоқда, “айбсизлик презумпцияси”нинг барча шакллари тўлиқ акс эттирилмоқда, озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиш белгиланмоқда, бир жиноят учун бутун авлод жавоб беришига барҳам берилмоқда.
Яна бир муҳим янгилик, конституциявий қонун лойиҳасининг 26-1-моддасига асосан жиноят процесси иштирокчилари малакали ҳимоя ҳуқуқига эга бўлиш кафолатлари ҳамда 26-2-моддасига асосан айни бир ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.
Узоқ йиллар халқимиз ҳаётида жуда катта тўсиқ сифатида эсланадиган “прописка” институтига ҳам барҳам берилиб, Конституциянинг 28-моддасига киритилаётган тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи кафолатланмоқда.
Ҳар қандай давлатнинг барқарор ривожланишининг асосий омилларидан ҳисобланган таълим тизимини ривожлантириш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келган.
Шу нуқтаи назардан, Конституциянинг 41-моддасида таълим олиш билан боғлиқ конституциявий кафолатлар таълим-тарбиянинг узвий қисми ҳисобланган мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришга қаратилган. Яъни ёшларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, таълимни давом эттириш кафолати Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.
Бекзод НАРИМАНОВ,
Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент






