1

"Пиридоксин"ни "Иммуномодулин"га айлантирган дорифурушлар жазоланди

ЖИНОЯТ 29.08.2016, 12:13
"Пиридоксин"ни "Иммуномодулин"га айлантирган дорифурушлар жазоланди

СВОЖЖДЛҚК департаменти томонидан дори-дармон воситаларини қалбакилаштириб, сотишга уринган шахсларнинг қилмишларига чек қўйилди. 

Бу ҳақда "Фарғона ҳақиқати" газетасига асосланиб, “Uz24.uz” хабар бермоқда. 

Хусусан, фуқаро Шуҳрат Йўлдошев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бошчилигида Отабек Ўзбеков, Ёрқинжон Аминов ва Ислом Ғуломовдан иборат жиноий гуруҳ тузилади. Уларнинг мақсади юртимизда қалбаки дори воситаларини сотувга чиқариб, ноқонуний даромад орттириш эди. Улар Тошкент шаҳридаги дорихоналардан "Пиридоксин" (витамин Б-6) номли дориларни сотиб олишади. Мазкур дори ампулаларидаги ёзувлар ўчирилади. Шундан сўнг, худди шу дорининг ампуласига қўлбола махсус ускуна ёрдамида "Иммуномодулин" номи туширилади.

Ушбу икки дори воситасининг қўлланишига қисқача тўхталадиган бўлсак, "Пиридоксин" (витамин Б-6) дориси инсон танасини қувватлантирувчи восита ҳисобланади. Уни шифокорлар одам иммунитетини ошириш учун тавсия қиладилар. "Иммуномодулин" дори воситаси эса ўта оғир касалликдан сўнг қайта тикланаётган организм учун қўлланилади. Яъни оғир хасталикни бошдан кечирган инсонларга ушбу дори қўлланилса, унинг соғайиши тезлашади, касални енгиши осонлашади. Мазкур дориларнинг қисқача таърифидан билиш мумкинки, уларнинг бемор одамларга нисбатан қўлланиши турлича. Демак, бу дорилар бирининг иккинчиси ўрнига қўлланиши оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Хуллас, жиноий гуруҳ аъзолари вазифаларни ўзаро тақсимлаб олишади. Унга кўра, Ш.Йўлдошев дорихоналардан "Пиридоксин" (витамин Б-6) дориларини сотиб олади ва ундаги ҳақиқий ёзувларни ўчириб, ампулаларга "Иммуномодулин" номини тушириб чиқади. О.Ўзбеков эса ушбу калбаки дориларга харидор топиб, уларни ҳақиқий дори воситаси сифатида сотади. Ё.Аминов калбаки дориларни тайёрлашда Ш.Йўлдошевга кўмаклашади. Ампулалардаги ёзувларни ўчириш учун турли махсус асбоблар ҳамда қайта сохта номларни киритиш учун бўёқлар келтириб бериб туради. И.Ғуломов эса ўзининг кичик босмахонасида қалбаки дориларнинг қутиларига ёпиштириш учун ёрлиқлар ҳамда уни қўллаш йўриқномаларини етказиб туради. Жиноий гуруҳ томонидан ушбу дори воситаси учун сохта сертификат ҳам тайёрланади.

2014 йилнинг февраль ойидан 2015 йилнинг ноябрь ойига қадар жиноий гуруҳ аъзолари томонидан 13 минг 210 қути "Пиридоксин" дорисига "Иммуномодулин" номи туширилиб, қалбаки сертификат асосида республикамизнинг турли вилоятларига сотиб юборилади. Қабих қилмиш ортидан топилган 220 млн. 270 минг сўм пуллар эса ушбу кимсалар ўртасида ўзаро бўлиб келинади.

СВОЖЖДЛҚК департаменти томонидан ўтказилган тадбирда уларнинг қилмишларига чек қўйилди. Суд фуқароларимиз соғлигига беписанд бўлган бу кимсаларга нисбатан ўз ҳукмини эълон қилди. Унга кўра, Ш.Йўлдошев ҳамда О.Ўзбеков 10 йил муддатга, Ё.Аминов эса 6 йил муддатга озодлиқдан маҳрум қилинди. И.Ғуломовнинг ҳам қилмишига яраша жазо тайинланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1