Сариосиё туманида 27 ёшли йигитнинг жасади канал қирғоғидан топилган. Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси расмий маълумот тақдим этди.
Маълум қилинишича, 2022 йил 10 август куни соат 08:00 ларда Сариосиё тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи “Ҳазарбоғ” канали ирмоғидан “Жаннатмакон” маҳалласида яшаган, 1995 йилда туғилган Ибодуллаев Акбаржон Илҳом ўғлининг жасади топилган.
РСТЭИАМ Олтинсой туман пункти хулосасида кўрсатилган ички текширув натижаларида марҳумнинг ички аъзоларидаги ўзгаришлар нафас етишмовчилиги натижасида вафот этганлиги ҳақидаги маълумотлар келтирилган бўлсада, эксперт хулосасининг баёнот қисми билан хулоса қисмида номутаносиб ҳолати кузатилгани сабабли марҳумнинг жасади суд ажрими асосида 09.09.2022 йилда эксгумация қилиниб, комиссион суд тиббиёт экспертизадан ўтказилган.
12.09.2022 йилдаги 426-сонли ва 14.10.2022 йилдаги 84-қўшимча комиссион суд тиббиёт экспертиза хулосаларида, А.Ибодуллаевнинг ўлими юқори нафас йўллари бурин, оғиз бўшлиғининг суюқлик билан (сув) беркитилишидан вужудга келган механик асфикция натижасида келиб чиққани, баданида аниқланган шилинмалар ва жароҳатлар хусусияти бўйича унинг ўлимидан сўнг канал бўйлаб оқиши жараёнида нотекис чегараланган юзаки жисмларга урилиши натижасида юзага келгани, унинг баданида қаршилик кўрсатиш, уриш, тепиш, жанжаллашиш натижасида келиб чиққан тан жароҳатлари аниқланмагани, бирламчи хулосада ўлим сабаби чўкишнинг нафас йўлларини бурун, оғиз бўшлиғининг суюқлик (сув) билан бекилиши натижасидаги спастик (нафас бойламаларининг бекилиб қолиши) дан вужудга келган механик асфикция оқибатида келиб чиққани ҳолати инобатга олинмагани сабабли тафоввут келиб чиққани кўрсатилган.
Шунингдек, А.Ибодулллаевнинг ўлими ҳолати юзасидан дастлабки экспертиза текшируви юзасидан хулоса беришда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун Суд-тиббий эксперт Ў.Бўтаяровга “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган.
Ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра, марҳумнинг ўлимида бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмаганлиги сабабли 17.10.2022 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.